13:42 msk, 17 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

“Мен рўмол ўрашни хоҳлайман!”

15.03.2006 16:18 msk

Барно Анвар (Жалолобод)

Эътиқодига кўра, аҳолисининг аксар қисмини мусулмонлар ташкил этадиган Жалолобод шаҳрида рўмол ўраб, ҳижоб кийиб юрган аёл-қизлар кўпчиликни ташкил қилади. Улар орасида узун кийимга ўраниб олган 9 – 10 яшар қизалоқларни ҳам кўплаб учратиш мумкин. Улар шу кийимда мактабга ҳам қатнайдилар.

Шаҳардаги 2-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 5-синфида ўқийдиган жажжигина Мухтасар сутрангда ҳижоб кийиб, шу рангда узун рўмол ўраб олган. У мактабда ҳам, кўча-кўйда ҳам шунақа ҳижоб кияди.

- Мен ҳар куни мактабга шу кийимда келаман. Ўқитувчиларимиз мактаб кийимида келгин, деб айтишади. Лекин дадам унамайди. Кейин ўзим ҳам хоҳламайман. Менга шунақа кийиниб, рўмол ўраб юриш ёқади. – дейди Мухтасар.

11 ёшли қизалоқнинг гапини унинг ён-атрофидаги тенгдош ва катта ёшдаги рўмолли қизлар ҳам тасдиқлайди. Уларнинг ҳаммаси ўзи хоҳлаб рўмол ёпиниши ва буни таъқиқлаш нотўғри, деб ҳисоблашини билдирди.

- “Ривожланган Европа давлатларида ҳам қизлар ўраниб бориб университетларда ўқиб юришибди-ку!” – дейди шаҳар мактабларидан бирининг юқори синфида ўқийдиган Наргиза. - “Ўртоқларига ўхшаб ясан-тусан қилиб, хил-хил кийинишдан воз кечиб рўмол ўрабдими, демак, бу қизлар қатъий қарорга келиб бўлган. Улар ўз эътиқодида собит, барибир рўмолини ечмайди. Рўмолни таъқиқлашга эса ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”.

Бу ўқувчи қизларнинг хавотирида асос бор. Боиси, сўнгги икки ойдан бери Жалолобод шаҳридаги мактабларда қизлардан мактабга рўмол ўрамай келиш талаб қилинмоқда.

Гап шундаки, 2006 йилнинг 17 январида Жалолобод шаҳар халқ таълими бошқармаси томонидан шаҳар ҳудудидаги мактабларда ягона мактаб кийими кийишни жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Қарорда айтилишича, ўқувчилар ҳам, ўқитувчилар ҳам мактаб ҳудудида бир хилда қора ва оқ рангли матодан махсус кийим кийиши лозим. Қарор матнида рўмол ўраб келиш махсус мактаб кийимига зид эканлиги айтиб ўтилган.

Аслида қарорни кўпчилик ота-оналар яхши қабул қилган бўлса-да, бироқ, қизлари ўраниб юрадиган оилаларда норозилик туғила бошлади. Қарор устидан шикоят қилиб, мактаб раҳбарияти, шаҳар халқ таълими бўлимига мурожаат қилувчилар кўпайди.

Айни қарорни қабул қилган Жалолобод шаҳар халқ таълими бошқармасининг Болалар ҳуқуқини муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи Шарифа Жўрабоевага кўра, бунга зарурат туғилган эди.

- “Биз бу билан ҳеч кимнинг ҳуқуқини бузганимиз йўқ ва бизда рўмол ўрайдиганларни ўқитиш мумкин эмас, деган гап ҳам бўлмаган. Бошқармамиз шаҳар мактабларида ягона кийим жорий этиш таклифини киритди ва буни шаҳримиздаги жаъми 22 та мактаб жамоаси ота-оналар муҳокамасига қўйиб, маъқуллади. Чунки, собиқ иттифоқ даврида аҳолининг ижтимоий аҳволи бир хил эди. Ҳозир эса ҳар хил. Айрим ўқувчилар тилла тақинчоқларга кўмилиб, “Jeep” автомобилларида мактабга келади, айрим ўқувчилар эса оч-юпун аҳволда. Бу қарорга эътироз билдираётганлар фақатгина диндор оилалар бўлмоқда. Бироқ, бизда агар бугун рўмолга рухсат берсак, эртага паранжига рухсат сўрашмасмикин, деган хавотир ҳам бор”.

Шарифа Жўрабоеванинг таъкидича, бу қарор республикада амал қилаётган қонунчиликка зид келмайди. Конституцияга кўра, 9 йиллик умумий мажбурий таълим чоғида ҳамма ўқувчилар бирдек мактаб тартиб-қоидаларига бўйсуниши керак. “Мактабнинг асосий вазифаси эса билим бериш, биз билим сифати ҳақида қайғуришимиз керак”, дея таъкидлайди Жалолобод шаҳар таълими мутасаддиси.

Аммо, барча шаҳар мактабларида бирдек махсус кийим кийиш тартиби жорий этилганидан сўнг, қизларидан рўмол ўраб мактабга келмаслиги талаб қилинган оилалар, дастлаб, фарзандини мактабга жўнатмай қўйган ҳоллар ҳам кўп бўлди. Аммо, ҳозирга келиб, айрим мактабларда бундай оилалар билан келишувга эришилган. Яъни қизлар мактаб кийимини ҳам кияди, бошига рўмолини ҳам ўраб олади.

Ана шундай мактаблардан бири – Жалолобод шаҳридаги 2-сонли умумий ўрта таълим мактаби директори Норали Искандаров фикрича, мактаб маъмурияти шундай қарорга келишга мажбур бўлган.

- “Чунки, ҳозир қизининг рўмол ўрашида қатъий турадиган оилалар кўп. Улардан рўмолни ечишни сўрайдиган бўлсак, ўқишдан қолиб кетиши мумкин. Шунинг учун биз ўз мактабимизда айрим оилаларга нисбатан шаҳар халқ таълими бўлими билан келишувга эришганмиз. Яъни, қизлар оқ кофта ва қора юбка кияди, бошига рўмолини ҳам ўраб келаверади. Бу уларнинг ўқишига ҳам халақит бермайди, аксинча, рўмолли қизлар орасида билим даражаси бўйича яхши натижага эришганлари жуда кўп”.

Аммо, рўмол масаласида ота-оналар билан муросага келмаётган мактаблар ҳам кўп. Бу ҳолда ўқувчи қизлар мактаб остонасигача рўмол ўраб келиб, ичкарида ечиб олишади. Дарс машғулотларидан сўнг эса яна рўмолини ўраб, уйига қайтади. Кўпчилик ота-оналар аста-секин бунга рози ҳам бўлишди. Аммо, рози бўлмаган оилалар ҳам кўп ва уларнинг аксарияти қизларини шаҳардаги ўзбек мактабларига беришган.

Жалолобод шаҳрида тўртта ўзбек мактаби бор ва рўмолли қизларнинг кўпчилиги мана шу мактабларда ўқийди. Акс ҳолда, юқорида ўзбек мактабларидан бирининг директори Норали Искандаров айтиб ўтганидек, рўмол ўраган ўқувчи қизгиналарнинг кўпчилиги ўқишдан қолиб кетиши мумкин.