18:29 msk, 19 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

«Правда Востока» бош муҳаррири истеъфоси Ўзбекистоннинг энг эски газетаси таназзулига сабаб бўлиши мумкин

14.03.2006 18:00 msk

Саид Акромов, Тошкент

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистонда «Правда Востока» ҳукумат газетасининг бош муҳаррири алмашди. Охирги тўрт йил ичида ушбу нашрга раҳбарлик қилган Бахтиёр Ҳасанов аввал «Халқ сўзи» газетасига муҳаррирлик қилган Аббосхон Усмоновга ўрнини бўшатиб берди.

Ишдан бўшатилган муҳаррир билан у ёки бу тарзда алоқада бўлган кўпчилик журналистларнинг фикрича, Б. Ҳасанов ҳозирги режим учун ўта ўқимишли, зиёли ва демократик кайфиятдаги муҳаррир ди, яъни «партия ва ҳукумат» ғоялари етакчиси сифатида номақбул киши бўлганди. Айни пайтда МДУ журналистика факультетининг битирувчисини ўйлаганини очиқ айта оладиган ҳур фикрли кишилар тоифасига ҳам қўшиб бўлмайди. «Правда Востока» саҳифаларида, баъзи ҳолатларни истисно қилганда, фақат ҳокимиятни аччиқлантирмайдиган материалларгина чоп қилинарди.

Бироқ истиснолар бўлиб турарди. Масалан, январь ойи бошларида «ПВ» Халқаро молиявий корпорация ва республика Адлия вазирлигининг қўшма тадқиқотларига таянган ҳолда, мамлакатдаги кичик ва ўрта бизнеснинг аҳволи ҳақида, аниқроғи, давлат ўйлаб топган ўйин қоидаларига нисбатан тадбиркорларнинг муносабати хусусида сўз юритганди. Ўшанда жуда ноқулай ҳолат вужудга келганди, бу Ўзбекистон президенти ва республика ҳукумати учун номақбул иш бўлганди. Шундан кейиноқ маъмуриятда тайёрланган ва ўша «Правда Востока»нинг саҳифаларида чоп этилган кучли эътирозлар пайдо бўлганди. Кўпчилик собиқ бош муҳаррир тақдирида шу ҳодиса ҳал қилувчи роль ўйнаган, деб ҳисоблайди.

Аббосхон Усмоновга келсак, юқорида зикр этилган нашрлар бош муҳаррири бўлиб ишлаган пайтда ўзини ҳокимиятнинг қобил жарчиси ва дурустгина маъмур сифатида кўрсатган. Халқни Аллоҳнинг ердаги ҳалифасини мадҳ этиш учун ибодатга чорловчи, Ислом Каримовга содиқ муаззин сифатида...

Эътиборга лойиқ жиҳати шуки, Б. Ҳасанов учун ҳам, А. Усмонов учун ҳам яқиндаги жой алмаштиришлар лавозим жиҳатдан пасайишни англатади. Биринчиси энди Ўзбекистон ҳукумати раҳбари матбуот хизматида оддий маслаҳатчи бўлиб ишлаяпти, иккинчиси ҳокимият нуқтаи назарида унча аҳамиятли бўлмаган газетани чиқаришга мажбур.

Шунга кўра, ҳамсуҳбатларимдан баъзилари Аббосхон Усмонов «Правда Востока»нинг гўркови бўлишдек ёқимсиз вазифани бажариб бериши керак, деган тахминни айтдилар. Гап шундаки, бугунги кунда бу мамлакатдаги ўзбек тилида муқобили бўлмаган ва фақат рус тилида чиқувчи сўнгги расмий газетадир. У кўпроқ ҳукумат қарорлари, президент фармонлари, қонунлар ва норматив ҳужжатларни чоп қилароқ «Народное слово»ни ишини қайтаради.

Бу газетанинг ёпилишини олдини олиши мумкин бўлган ягона қадам Россиянинг аралашувидир. Бироқ Россия дипломатияси, ҳатто ушбу нашрнинг ёпилганлиги ҳақида ахборот олган тақдирда ҳам, газетани тугатиш жараёнига тўсқинлик қилишга уринмаса керак.