08:49 msk, 14 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Наманган вилояти фуқароларидан олинган «кафолат хатлари» ҳокимиятни ваҳҳобийликдан суғурта қилиши лозим эди

14.03.2006 14:22 msk

Ўз. ахб. (Наманган)

Наманган шаҳри маҳалла комитетларида комитетнинг одоб-аҳлоқ бўйича ўринбосари лавозими жорий қилингани хусусида аввал хабар қилгандик. Янги тартиб посбонлари маҳалла аҳолиси орасида маън қилинган «Ҳизбут-Таҳрир» диний партияси аъзолари ёки «ваҳҳобийлар» бўлмаслигига шахсан жавобгар бўладилар.

159-модда (конституцион тузумни зўрлик билан ағдаришга уриниш) бўйича судланган ва муддатдан аввал авф қилинган барча шахслар Наманган вилоятида қаттиқ назорат остидалар. Худо кўрсатмасин, агар бирор-бир жамоада «зарарли оқимлар»га мансуб бирорта одам борлигини аниқласалар, бундай ташкилот раҳбари яхшилик кўрмайди.

Ғоявий жиҳатдан ёт унсурларни «яширганлик»да айбланишдан қўрққан баъзи бир раҳбарлар турли йўлларни ўйлаб топаяптилар. Масалан, ётоқхонада яшовчи ОЎЮ талабалари устидан назорат ўрнатиш жуда осон. Унда хусусий уйда турадиган талабаларни нима қилиш керак? Наманган Давлат университети ректорати бундай ҳолларда «кафолат хати» билан ўзини ҳимоя қилишга қарор қилди, бундай хатларни талабаларни ижарага қўювчи уй соҳиблари тўлдириб беришлари керак.

КАФОЛАТ ХАТИ

Мен, Наманган шаҳар ___________________________________

(маҳалла, кўча,уй, хонадон аниқ кўрсатилсин)

Соҳиби (соҳибаси) _____________________________________

(фамилияси, исми ва отасининг исми)

Наманган давлат университети ___________________________факультети,

____________йўналиши ____ курс талабаси __________________

(фамилияси, исми ва отасининг исми)

______________________нинг ҳақиқатан ҳам менинг хонадонимда истиқомат

қилаётганини тасдиқлайман. Маҳалла фуқаролар йиғини, участка нозири билан ҳамкорликда дарсдан сўнг, менинг хонадонимда бўлган пайтларида унинг қуйидаги жиҳатларини қатъий назорат олишга кафолат бераман:

·Мамлакатимиздаги мавжуд конституцион тузумга қарши кайфиятдаги, зарарли диний оқимлар ёки ҳаракатлар билан мулоқотда бўлишига йўл қўймаслик;

·Турли хилдаги гиёҳвандлик моддалар истеъмоли ёки савдоси билан шуғулланмаслик;

·Турли хилдаги спиртли ичимликларни истеъмол қилмаслик;

·Маънавиятимиз ва қадриятимизга зид бўлган ноахлоқий ишлар билан шуғулланмаслик.

Хонадон соҳиби (соҳибаси):______________________________________________

(имзо) (фамилияси ва исми)

М.Ф.Й раиси: __________________________________________________________

(имзо, муҳр ) (фамилияси ва исми)

Участка нозири: _______________________________________________________

(имзо) (фамилияси ва исми)

Талабанинг доимий яшаш манзили:

________________________________________________________________________

________________________________________________________________________

НамДУ Маънавий-аҳлоқий тарбия бўлими. 2006 йил

Бу ерда изоҳга ҳожат йўқ. Қўшимча қилиб шуни айтиш керакки, шаҳар ҳокимияти НамДУ ректоратининг бу каби ўзбошимчалигини қоралади. Бу ҳақда бошқа бир олий ўқув юрти раҳбарларидан бири гапириб берди. Шунга қарамай, ёшлар устидан қаттиқ назорат ўрнатиш ҳамда ёш авлод қалби ва ақли учун кураш тобора авж олмоқда. Ўтган йили қўшни Қирғизистонда бўлиб ўтган «март инқилоби»дан кейиноқ куч ишлатар тузилмалар бу билан астойдил шуғуллана бошлаганлар. Тошкент ОЎЮлардан бирининг деканига кўра, барча олий ўқув юртлари деканатлари прокуратурага талабалар ва уларнинг ота-оналари ҳақида батафсил маълумот берадилар.

Ўзбекистон ҳавфсизлик хизматлари маълумотларига қараганда, айни дамда мамлакатда давлат ва халққа қарши йўналтирилган 540 дан ортиқ «бузғунчи ғоя» мавжуд.

Наманган шаҳри Ўзбекистондаги энг диндор шаҳар бўлиб ҳисобланиши одатий ҳол бўлиб қолган. Буларнинг ҳаммаси Ўзбекистон Ислом Ҳаракати лидери Тоҳир Йўлдошев ва унинг тўққизта сафдоши (уларнинг ҳаммалари сиртдан ўлимга маҳкум этилганлар) Наманганда туғилганлари учундир.

Гуантанамо қамоқхонаси маҳбуслари орасида ҳам наманганликлар бор. Дунёнинг турли мамлакатларида 186 та наманганлик қочоқ истиқомат қилади. Шунинг учун бўлса керак, Наманганда террорчиликка қарши кураш байроғи остида динга қарши ашаддий кураш олиб борилмоқда.

«Фарғона.Ру» АА маълумотларига қараганда, Ўзбекистонда «Виждон эркинлиги ва диний муассасалар ҳақида» Қонун қабул қилинганидан кейин Намангандаги 1300 масжиддан бор-йўғи 185 та қолган. Ёпилган масжидларни зудлик билан чойхоналарга, оқсоқоллар клубларига, даволаш муассасаларига ҳамда майда корхоналарга айлантирганлар. Улардан баъзиларида ҳатто бильярд клублари ташкил этганлар.