23:07 msk, 19 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ҳамид Исмоиловнинг «Темирйўл»и инглиз тилида ёруғ кўрди

14.03.2006 10:30 msk

Ўз. ахб.

Ҳамид Исмоиловнинг «Темирйўл» романи (ўз вақтида бу роман «Звезда Востока» журналида терилган жойидан олиб ташланган ва кейинчалик Ўзбекистонда маън қилинган эди) Ғарбнинг йирик Random House нашриёти томонидан инглиз тилида чоп қилинди. Бу нашриёт инглиз тилида сўзлашувчи Буюк Британия, АҚШ, Австралия, Канада, Жанубий Африка ва бошқа мамлакатларда ўз бўлимларига эга. Романнинг русча варианти 1997 йили Москвада «Воскресенье» нашриёти томонидан чоп қилинган ҳамда «Нафис мажлислар» сайтига (http://library.fergananews.com) жойлаштирилганди.

1992 йилда Ўзбекистондан чиқариб юборилганидан кейин ёзувчи Франция, Германия, АҚШ, Буюк Британия ва Россияда бир неча китобларини эълон қилди. Ҳамид Исмоиловнинг асарлари ҳозир ҳам Ўзбекистонда таъқиқланган.

Ҳамид Исмоилов бу йил фаҳрий меҳмон сифатида ўзининг «Темирйўл» романи ва бошқа китоблари билан биргаликда Эдинбург китоб ярмаркасига таклиф этилган. Охирги йилларда В.С.Нажпал, Гор Видал, Шеймус Хини, Гарольд Пинтер, Марио Варгас Льоса, Салмон Рушдий каби ёзувчилар ушбу эътиборли тадбирнинг фаҳрий меҳмони бўлгандилар. Ҳамид Исмоилов ушбу анжуманнинг «Қамоқдаги ёзувчилар» дастури доирасида ҳалигача Ўзбекистон қамоқхонасида ётган ўзбек ёзувчиси Мамадали Маҳмудовнинг асарларидан парчалар ўқиб эшиттиришни режалаган.

Романни инглиз тилига таниқли таржимон Роберт Чандлер ўгирган, у рус адабиёти классиклари бўлган Василий Гроссманнинг «Ҳаёт ва Тақдир», Андрей Платоновнинг «Зовур», «Бахтиёр Москва», «Жан» асарларини, «Пушкиндан Буйдагача рус ҳикоялари антологияси» ва бошқа кўплаб китобларни таржима қилган.

Британия матбуоти «Темирйўл» романини жуда қизғин ва илтифот билан кутиб олди. Улардан баъзи иқтибосларни қуйида ўқишингиз мумкин:

“A shining satire… scintillating novel…”

The Independent

“Extraordinary patchwork of a Russian novel”

The Times

“Mesmeric prose… a work of rare beauty…”

New Statesman