06:30 msk, 19 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

НТС директори Оксана Малеваная: 2005 йил 24 мартида содир бўлган ҳодисани «инқилоб» деб айтолмайман

13.03.2006 14:37 msk

Д. Кислов

Суратда: Оксана Малеваная

© Д. Кислов фотоси, Фарғона.Ру

Қирғизистон президентининг ўтган ҳафтада эълон қилинган фармонига мувофиқ 24 март давлат байрами ва дам олиш кунига айлантирилди. Ўша куни Бишкек ва бошқа йирик шаҳарларда тантанали намойишлар, концертлар, ярмаркалар, бошқа кўнгилочар тадбирлар бўлиб ўтади. Шунингдек, Қурмонбек Бакиев Қирғизистон пойтахтидаги оммавий талончилик чоғида моддий зарар кўрган фуқароларга товон тўлаш имкониятини қараб чиқишни буюрган. Бироқ бу билан жабр кўрган минглаб бизнесменларнинг оғири енгил бўлмайди. Мамлакатнинг бошқа кўплаб фуқаролари ҳам ўтган йили март ойида айнан нима содир бўлганини ҳалигача тушунолмайдилар.

Асқар Ақаев ҳокимияти ағдарилганидан кейин Қирғизистонда нима ўзгарганини тушуниш мақсадида биз Қирғизистондаги НТС мустақил телерадиокомпанияси директори Оксана Малеванаяга мурожаат қилдик. Шундай бўлганки, Ақаев даврида канал туғилиш арафасида бўлган, кўрсатувларни узатиш учун лицензия эса айнан 24 март куни олинган. «Афтидан, ўша куни рухсатномага имзо чекиши керак бўлган киши эндиликда ҳеч нимадан қўрқмасам ҳам бўлаверади, дея қарор қилган кўринади», - дейди телерадиокомпания директори.

Бугунги кунда НТС икки тилда мамлакатнинг олти вилоятида кўрсатувларини эфирга узатади ва энг тезкор янгиликларни беради. Бироқ инқилобдан кейинги даврда НТС турмуши осон кечмади. Жорий йилнинг 10 февралида «аксилпрезидентона» янгилик лавҳасидан аччиқланган пойтахт прокурори телеканал раҳбарияти номига махсус ажрим чиқарди. Бишкек прокуратурасига кўра, НТС ўз дастурида «дастлабки текширувдан ўтмаган, фактлар ва далиллар билан тасдиқланмаган материаллар»дан фойдаланган ҳолда ОАВ ҳақидаги қонунчиликни бузган.

Оксана Малеваная, НТС директори

Фарғона.Ру: - Оксана, Бишкек прокуратурасининг бир неча ОАВ, жумладан, НТСни огоҳлантириши билан боғлиқ воқеа нима билан тугади? Прокуратура «босқини» бу бир марта олинган тадбирми ёки анъанага айланиб бўлдими?

Оксана Малеваная: - Униси ҳам, буниси ҳам эмас. Бу шунчаки одат. Ўтган ўн беш йил мобайнида (айниқса, охирги беш йил) ҳокимият қандай йўл билан бўлса-да, оммавий ахборот воситаларига таъсир кўрсатишга уриниб келди. Бу баъзан нафис, баъзан қўпол шаклда бўларди. Охирги пайтларда кўпроқ бесўнақайларча ҳаракатлар кузатилаяпти.

Фарғона.Ру: - «Инқилоб»-чи, ахир у ҳокимиятнинг ОАВ билан бўлган муносабатларининг ўзгаришига таъсир қилиши керак эмасмиди?

Оксана Малеваная: - Агар инқилоб ҳақида гаплашмоқчи бўлсангиз, бошқа одам билан гаплашганингиз маъқул. 2005 йил 24 мартидан бери ҳеч қанақа ростмана инқилобий ўзгаришларни кўрганим йўқ ва бу кунни мен «инқилоб куни» деб айтолмайман.

Фарғона.Ру: - Бироқ сизнинг каналингиз 2005 йилнинг 24 мартида ташкил топган. Демак, телекомпаниянинг пайдо бўлишида айнан инқилобдан миннатдор бўлишингиз керак эмасми?

Оксана Малеваная: - Аслида, «24 март» содир бўлишида тўқсон тўққиз фоиз оммавий ахборот воситаларининг хизмати бор. Ҳатто ҳокимиятнинг ариғини чопган ОАВнинг ҳам. Ҳозирча мен қоғозда акс этган янги конституцион тамойилларнинг амалга ошганини кўрмас эканман, солиқчиликнинг янги тизими жорий қилмас экан, янги шаффоф кадрлар сиёсатига ва расмийларнинг коррупция билан курашиш истагига гувоҳ бўлмас эканмиз, 24 март куни «инқилоб» содир бўлди, деб айтолмайман, гарчи бу жараёнда ўзим анча фаол иштирок этган бўлсам ҳам.

Фарғона.Ру: - Каналингизда неча киши ишлайди?

Оксана Малеваная: - Айни дамда саксон киши.

Фарғона.Ру: - Қирғизистонда цензура мавжудми?

Оксана Малеваная: - Мен «сўз эркинлиги» деган нарсага скептикларча муносабатдаман. Нима учун эркинлик ва нимадан эркинлик? Ким учун ва кимдан? Дейлик, НТС нодавлат оммавий ахборот воситаси. Аммо бизнинг муассисларимиз бор, улар олдида биз ўз фаолиятимиз учун жавобгармиз. Албатта, муассисларимизнинг фаросати анча холис материаллар беришимизга имкон беради. Биз бошқа ҳар қандай мустақил ОАВ каби, энг аввало, томошабинларимиз ва тингловчиларимизга ёқишимиз лозим. Шунинг учун биз давлат ОАВ бераётган материаллардан сифат жиҳатдан фарқ қилувчи материаллар қилишга ҳаракат қилаяпмиз.

Давлат томонидан цензура дегани, албатта, йўқ. Аммо назокатли ҳамкорликни ҳам кўрамаяпмиз. Бизга тез-тез Оқ уйдан қўнғироқлар бўлиб қолади, амалдорлар «Шу материални олиб қўйсангиз!», - дея илтимос ёки талаб қиладилар. Шунда мен уларга: «Давлат телевидениесига қўнғироқ қилаяпман, деб ўйлаб адашдингиз шекилли», - дея жавоб қайтараман. Бунақаси бўлиб туради. Аммо бунинг ҳам биз учун фойдаси бор.

Фарғона.Ру: - Каналингиз кўрсатувлари ичидан рейтинги энг юқори бўлгани қайси?

Оксана Малеваная: - Янгиликлар. Каналимизни ижтимоий-сиёсий кўрсатувлар берувчи канал ўлароқ биламиз. Биз бевосита эфирда ишлаймиз ва кунига беш маҳал янгиликлар қўямиз – иккитаси қирғиз тилида ва учтаси рус тилида. Бу бизнинг мамлакатимиз учун жуда зўр, деб ўйлайман.

Фарғона.Ру: - Телеканалингизнинг ўзига хос услуби нимада?

Оксана Малеваная: - Биз студияга ҳар доим турли қарашдаги кишиларни олиб келишга ҳаракат қиламиз. Яқинда мен бир сиёсатшуноснинг «сизнинг кимлигингизни аниқлай олмаяпмиз», деганини эшитиб хурсанд бўлдим. Агар «Пирамида» юз фоиз «аксилбакиевчи» бўлса, бошқа бир канал «бакиевчи» бўлса, бизга ҳеч ким бунақа ёрлиқларни ёпиштиролмайди. Бу бизнинг нейтраллигимизни тан олишдир. Бизни яхши кўрадиларми-ёмон кўрадиларми, биз билан ҳисоблашаётганлари аниқ.

Фарғона.Ру: - Режаларингиз ҳақида гапириб берсангиз.

Оксана Малеваная: - Бир ҳафтадан кейин рус ва қирғиз тилларида «Нуқтаи назар» ток-шоусини йўлга қўямиз. Бунда томошабинлар, қарама-қарши икки томон ва олиб борувчи бўлади.

Биз қўшниларимиз, жумладан, қозоғистонликлар ва тожикистонликлар турмушини ҳам кенгроқ ёритмоқчимиз. Бундан ташқари, келажакда биз Марказий Осиёда биринчи бўлиб ток-радио ташкил этмоқчимиз.

* * *

Даниил Кислов суҳбатлашди, Бишкек, 6 март 2006 йил