20:40 msk, 16 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Польшада Марказий Осиё рассомларининг катта кўргазмаси очилди

11.03.2006 15:17 msk

Сид Янишев

25 февралдан бошлаб март ойининг охиригача Варшавада «Марказий Осиё санъати» кўргазмаси бўлиб ўтади. Қирол Зигмунднинг собиқ қароргоҳи бўлган кўҳна Ужадов қасрига ўтган йилнинг ёз-кузида Венеция бьенналесида намойиш этилган ишлар қўйилган. Россиялик санъатшунос Виктор Мезиано ва польшалик санъатшунос Милада Шлезинска кўргазмага раҳбарлик қилганлар.

Биз Польшадан яқиндагина келган тошкентлик рассом Александр Николаев билан суҳбатлашишга муваффақ бўлдик. У бизга кўргазмада долзарб санъат жанрида ишлаётган қозоғистонлик, қирғизистонлик ва ўзбекистонлик 16 рассом иштирок этаётганларини гапириб берди. Уларнинг кўпчилиги Польшага видео-арт жанридаги ўз фильмлари ва асарларини олиб келганлар.

Николаевдан ташқари Ўзбекистондан яна икки ижодкор – Вячеслав Охунов ва Сергей Тичина қатнашганлар. Николаев Польшага ўзининг «Голливудга боришни истайман» номли кино-лойиҳасини олиб келган, бошқа икки ижодкор эса ҳамкорликда ишланган «Бурчак», «Уруж» ва «Балиқлар» фильмларини юборганлар.

«Голливудга боришни истайман» фильми Голливуд актери бўлишни орзу қилган оддий ёш йигит ҳақидаги ҳаётий лавҳадир. У видеокамерага қараб худди театр институтига имтиҳон топшираётган абитуриент каби Гамлетнинг машҳур монологини декламация қилган ҳолда, ўзининг бузуқ инглиз тилини намойиш қилади.

Охунов ва Тичинанинг «Уруж» фильми қаҳрамони эски миноранинг айланма зинасидан узундан узоқ кўтарилади. Юқорига чиққач, у ўша ерда турган ноутбукни қўлига олади, уни ёққач, ўзининг уружи (кўтарилиши), ноутбукни олганлиги ва фильмни кўрганлиги ҳақида фильм томоша қилади... Бу қарийб кафкача сюжет ниҳоясиз давом этади. Кўриниб турибдики, бундай усул билан замонавий, техник билимларга эга кишининг ўз халқи тарихи ва шарқ маданиятини тушунишга бесамар уринишларини тасвирлашга қарор қилганлар.

Қирғизистонлик ижодкорлар Гулнара ва Мурат Жумалиевлар иши яхши таассурот қолдирди, - давом этади Николаев. – Видео-арт унсурлари бўлган «Транссибирь амазонкалари» номли инсталляция «моки» («челнок») мавзусини ёритади.

Рассомга кўра, кўргазма жуда яхши ташкил этилган. Биринчидан, ташкилотчилар рассомларнинг йўлкиралари ва яшашлари учун кетадиган ҳаражатларни ўз зиммаларига олганлар. Иккинчидан, улар кўргазмага эътибор жалб қила олганлар: кўргазма очилишида одамлар жуда кўп бўлган.

– Польшада бўлганимда мени энг кўп ҳайрон қолдирган жиҳат, - дейди Николаев, - Ғарбда замонавий санъатнинг олтин баҳосида баҳоланиши бўлди. Агар сен ижодкор бўлсанг, сени ҳамма ерда ҳурмат қилишади. Бунда ижодкорнинг олға силжишида кураторлар ва санъатшунослар катта роль ўйнайдилар. Улар ижодкорларни номларини олға суриб ўзлари ҳам ном қозонишларини яхши тушунадилар.