06:05 msk, 27 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Андижон: Муаммолардан чарчаган аҳоли яна бош кўтармоқда

10.03.2006 15:53 msk

ўз. ахб.

Кеча Андижон шаҳрининг Шимолий кичик даҳасида кўп қаватли уйларда яшовчи аҳолининг норозилик намойиши бўлиб ўтди. Юздан зиёд намойишчилар орасида бу сафар аёллардан ташқари ўспирин йигитлар ҳам бор эди.

Намойишчилар Ҳарбий қисм ёнидаги чорраҳани тўсиб қўйишди ва транспорт қатновига тўсқинлик қилишди. Ўтишга уринган машиналар ойналари ғазабга минган намойишчилар томонидан уриб синдирилди. Йўналишдаги таксилар ўз йўналишларини ўзгартиришга мажбур бўлдилар.

Таъкидлаш жоизки, Шимолий кичик даҳа Андижон шаҳри марказларидан бири ҳисоблансада, бу ерда кўп қаватли турар жойларнинг шароити қишлоқлардаги шароитдан ёмон. Аҳолининг айтишича, қиш ойларида кўп қаватли уйларда умуман газ бўлмади. Электр энергияси қувватидан фойдаланиб уйларни иситадиган, овқат пиширадиган одамлар кейинги пайтларда электр таъминотида бўлаётган узилишлардан норози бўлмокдалар.

- Қайси давлатда кўргансиз, кўп қаватли уйда ўтин, кўмир ёқиб печка қуриб ўтирган одамларни, - дейди фуқаро Зулфизар Ҳомидова. - Газ йўқлигига мана бир неча йилдан бери кўникиб қолдик. Андишанинг отини қўрқоқ қўйиб олишганми раҳбарлар? Электр плитада чой қайнатиб, овқат пиширамиз ахир. Чироқ бир ўчиб қолса кечқурунгача ёнмайди. Оч ўтиришимиз керакми, ёш болаларимиз билан?

Намойишчиларнинг таъкидлашларича, чироқ ўчиши ҳар кунги одатий ҳолга айланиб қолган. Ярим кун давомида электр энергиянинг йўқ бўлиши усиз ҳам қийинчилик билан тирикчилик ўтказаётган Андижон аҳолисининг турмушини баттар оғирлаштираяпти.

Намойиш бўлаётган жойга ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари етиб келдилар. Ва ўша заҳотиёқ намойишчиларни тарқатиб юборишга уриндилар. Номини айтишни истамаган ДАН ходими бундай намойишлардан ҳеч қандай фойда йўқлигини, халқ манфаатини барибир ҳеч ким ўйламаслигини айтди. Унинг таъкидлашича, минг қўзғолон кўтаргани билан халқнинг попугини пасайтиришга давлатнинг бемалол кучи етади.

Андижонлик Аҳмаджон Жўраевнинг маълум қилишича, электр энергияси билан боғлиқ муаммолар биргина Шимолий кичик даҳа эмас, балки бутун шаҳарнинг муаммоси бўлиб, одамлар кундузи чироқ ўчишига бора-бора кўникиб бораяптилар.

Андижон шаҳар электр тармоқлари корхонаси мутасаддилари шаҳардаги бу вазиятга одамларнинг ўзлари айбдор деб ҳисоблайди. Уларнинг айтишича, аҳоли орасида электр энергиясидан қарздорлик катта. Чироқнинг тез-тез ўчиши электр энергиясини тежаш мақсадида амалга оширилмокда.

Намойиш тарқагандан ярим соат ўтар-ўтмас Шимолий кичик даҳага электр энергияси берилди. Одамларнинг маълум килишларича, намойиш муносабати билан бугун шаҳарда чироқ ўчмаган.