11:41 msk, 14 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Россия сиёсатшунослари Ўзбекистон сафаридан сўнг Каримов эшитмоқчи бўлган гапни айтдилар

14.06.2005 11:14 msk

ОАВ хабарлари асосида

Россия сиёсатшунослари Ўзбекистонга ташриф буюрдилар

Президент Ислом Каримов унинг мамлакати “ахборот ҳужумига» учраганини айтмоқда. Бундай фикрни у ўтган жума куни «Сиёсат” жамғармаси раиси Вячеслав Никонов раҳбарлигидаги Россия сиёсатчилари ва журналистлари билан оқсаройда ўтган учрашувида билдирди.

- “Ўзбекистонга қарши ахборот жанги бошланган бир пайтда сизнинг вазиятни чуқур тушунган ҳолда чиқарган хулосаларингиз биз учун жуда муҳим», - деди президент “Новости” агентлигининг хабарига кўра.

* * *

- "Андижон марказий майдонида тинч аҳолининг отилиши тасдиқланмаяпти", - деб баёнот берди Россия делегацияси таркибида Андижонга борган “Эхо Москвы” радиосига “Сиёсат” жамғармаси президенти Вячеслав Никонов.

- “Сафардан мақсад, Андижон воқеасидан кейин Ўзбекистондаги ички сиёсий вазият билан танишиш эди", - деди сиёсатчи. – "Биз Ўзбекистон раҳбарияти билан учрашдик, Андижонга бордик, воқеа иштирокчилари, жумладан гаровга олинганлар, ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари, кўчадаги одамлар ва ҳарбийлар билан суҳбатлашдик”.

- “Хулосаларимиздан бири шуки, бу ерда чиндан ҳам жиддий қуролли исён тайёрланган. Унда 300 одам иштирок этган, бу ҳокимиятга қарши жиддий чақириқ эди", - деди В. Никонов. – "Улар ҳақиқатан ҳам исломчи акромийлар бўлган”.

- “Норозилик намойиши иштирокчилари географияси жуда кенг ва бу яхши тайёрланган акция эди. Одамлар ҳарбий ишга ўргатилган ва уюштирилган эди», - деди сиёсатчилар.

- “Андижон марказида тинч аҳолининг отилиши тўғрисидаги гаплар тасдиқланмади, чунки Андижон марказида жанг бўлганлигини эслатувчи бирон бир из йўқ", - деди сиёсатшунос. – "Мен у ерда кўп қурбонлар бўлган дея оламан, лекин марказий майдонда эмас”.

- “Андижон вилояти марказида 174 одам нобуд бўлганини айтишмоқда, улардан 54 нафари жангари, ўттизга яқини ҳарбийлар", - деб таъкидлади Никонов. –"Гувоҳларга кўра, марказий майдонда жангариларга чиқиб кетиш учун йўлак очилганда тўқнашув содир бўлиб, асосий қурбонлар ўша пайтга тўғри келди».

- ”Менинг фикримча, Ўзбекистон ҳукумати халқаро текширувга рози бўлмайди. Негаки, Каримовни Ғарбда аввалданоқ айбдор, деб ҳисоблайдилар. Қурбонлар сони ҳам Ғарб мустақил манбалар, деб атовчилар томонидан аниқланган", - деди Никонов. – "Биз қурбонларнинг аниқ сонини аниқлай олмасак керак, чунки бу жуда қийин бўлади”. (Эхо Москви)

* * *

Сафар таассуротлари билан “Независимая газета”нинг собиқ бош муҳаррири, айни пайтда “Сиёсий синф” журнали муассиси Виталий Третьяков ўртоқлашади.

- "Ўтган ҳафтада мен учун энг муҳим воқеа Ўзбекистон сафари бўлди, Президент Каримов билан учрашдик, Андижонда бўлдик. Мен айтишим мумкинки, бу аввалдан тайёрланган қуроллли исён эди. Андижон жуда бой шаҳар ва одамлар қашшоқлик туфайли майдонга чиқдилар, деган гаплар асоссиздир. Тинч намойишчиларни отиш бўлмаган гап. Исталган ҳукумат ҳарбий қисм таланганда, қамоқхона қўлга олинганда мана шундай қатъий ҳаракат қилган бўларди. Ўзбекистон ҳукуматига билдирилаётган эътирозларнинг 95 фоизи асоссиздир. (Эхо Москви)

* * *

Россия сиёсатчилари чиқишларини “Ҳафталик журнал” бош муҳаррири Михаил Бергер шарҳлайди:

- "Айрим ахборот агентликлари унча муҳим бўлмаган бир факт – россиялик сиёсатшунос Никоновнинг Ўзбекистонга борганини хабар қилди. Бундан ташқари, уни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов қабул қилди. Россиянинг «Сиёсат” жамғармаси сиёсатчилари Тошкентда нима қилганларини тахмин қилиш мумкин, холос. Лекин Каримов ўз резиденциясида Никоновни нега қабул қилганини умуман тушуниб бўлмайди. Бунга фақат бита изоҳ бор. Никонов у ерга ўз хоҳиши бўйича бормаган. У ерга Кремлнинг илтимоси ёки Каримовнинг таклифи билан борди. Никонов Каримовнинг Кремлга қилган илтимоси учун жавобдир. Яъни, Каримов Ўзбекистонда халқаро текширувчиларнинг пайдо бўлишига қаршилик қилмоқда. Нега Каримов Никоновга рухсат берди? Никонов унга баъзи нарсаларни кўздан узоқлаштиришга ёрдам беради. Чунки Россия Ўзбекистоннинг мамлакатга халқаро кузатувчиларни киритмаслик тўғрисидаги қарорини қувватлаётган ягона давлатдир. Никонов ўз гуруҳи билан халқаро кузатувчиларга Ўзбекистонда иш йўқлигини исботлаб бериши лозим. Никонов шунингдек, Андижонда «Ал-Қоида” ва чечен жангарилари изларини топиши керак, негаки, расмий Москва айни мана шундай нуқтаи назардадир". (Эхо Москви)