12:43 msk, 16 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

«Бизнинг тарафдорларимиз Ўзбекистон ташқарисида ҳам бор»

26.05.2005 19:17 msk

Степан Самойлов

АНДИЖОНЛИК ИСЁНЧИЛАР ҲУКУМАТНИНГ ШАФҚАТСИЗЛИГИДАН ДАҲШАТГА ТУШДИЛАР

Андижонлик исёнчиларнинг режаси «Акромия» ташкилотининг барча аъзоларига маълум бўлмаган бўлса керак. Улар бу норозилик ҳукумат томонидан қаттиққўллик билан бостирилишига тайёр эмас эдилар. «Акромия» ташкилоти аъзоларидан бири билан учрашган журналист Самойлов ана шундай хулосага келди. Рустам (биз уни шундай атай қолайлик) 36 ёшда. У 13 май куни ўққа тутилган намойишчилар орасида мўъжиза туфайли тирик қолди. У аввал ташкилотга қарашли цехлардан бирини бошқарган эди. Тазйиқлар бошлангунга қадар унинг қўл остида 40 киши ишлар эди.

Рустам: - Бизнинг ташкилотимиз аъзолари қаршилик кўрсатишнинг мутлақо тинч йўллари тарафдори эдилар. Биз Ўзбекистон хукуматининг айни пайтдаги мустабидлигига қаршилик кўрсатмоқчи эдик. Умуман олганда, биз тадбиркорлик эркинлигини талаб қилаётган оддий ишбилармонлар эдик. Ҳозир сабаб қилиб дунёни қўрқитишаётган йўлбошчимиз Акром Йўлдошевнинг китобида давлатга қарши ва экстремистик руҳда ёзилган бирорта ҳам сўз йўқ. Бу китоб ҳаёт ва инсон фикрати ҳақидаги фалсафий асардир. Бу китоб инсон ўз фикратини қандай қилиб ойдинлаштириши ва инсонни фаровонликка элтувчи йўл ҳақидадир.

Савол: - Хўш, қандай муваффақиятларга эришдингиз?

Рустам: - Биринчидан, биз ўзимизга ва ўз ҳаракатларимизнинг тўғрилигига ишонч ҳосил қилдик. Бизнинг бир неча юз тарафдорларимиз барча ишларда бир бирларига ишонар эдилар. Коррупция гуллаб-яшнаган мамлакатимизда бу ишонч катта аҳамиятга эга эди. Натижада биз аҳоли томонидан қўллаб-қувватландик, бизнинг одамларимиз ҳамма ишни виждонан бажарар эдилар. Қайси сохада фаолият юритишимизга қарамай, барча цехларимизда ишимиз ривожлана бошлади. Бир вақтлар бизнинг одамларимизни муваффақиятли тадбиркорлар сифатида марказий телевидение орқали ҳам кўрсатишган. Умуман олганда, қисқа вақт ичида биз кўплаб тарафдорларга эга бўлдик. Лекин бу узоққа чўзилмади. Чунки, биз ҳукуматимиз фикрлагандай фикрламас эдик. Бизнинг ғояларимиз давлат мафкураси доирасига сиғмас, биз ҳаммамиз сидқидилдан художўй одамлар эдик.

Мамлакатдаги барча диндорлар таъқиб остига олинган бир пайтда биз ҳам ҳукуматнинг қора рўйҳатига тушмасдан қолмас эдик. Бундан ташқари бизнинг бизнесдаги муваффақиятларимиз ҳам баъзи бировларга уйқу бермай қўйган эди. Шундан сўнг бизнинг корхоналаримизни турли баҳоналар билан беркита бошладилар. Корхоналаримизни ёпишаётганда МХХ ходимлари паспортимиздан нусха кўчириб олар эдилар. Демак, биз анчадан бери уларнинг диққат-марказида эдик.

Савол: - Сизнинг ташкилотингизни Марказий Осиёда халифалик давлатини тикламоқчи бўлган «Ҳизб-ут-Тахрир» билан ҳамкорлик қилганликда айблашмоқда…

Рустам: - Бизга халифатнинг кераги йўқ. Биз фақат адолат ва тадбиркорлар эркинлигини талаб қиламиз. Биз одамларнинг пул топишига тўсқинлик қилинмаслигини, диний эътиқоди учун одамларни ҳибсга олмасликларини истаймиз.

Савол: - Лекин Андижон воқеалари диний эътиқодлар тинч аҳолининг ҳам қурбон бўлишига сабаб бўлган қуролли тўқнашувлар келтириб чиқариши мумкинлигини исботлади.

Рустам: - Албатта, биз буни истамаган эдик. Бизнинг ҳукуматга қилган мурожаатларимиз, тинч қаршилигимиз самара бермади. Аксинча, қатағонлар кучайди. Кўпдан-кўп бегунох одамлар панжара ортига ташланди.

Андижонда гуноҳсиз одамларнинг яна бир гуруҳини қамоққа олиш бошланганда, бизнинг сабр косамиз тўлди. Ҳукумат бизни ойлар давомида эшитишни истамади. Ўша куни ҳам улар бизни алдаб уйимизга жўнатишди ва суд ҳукмини ёпиқ эшиклар ортида ўқиб эшиттиришди. Ундан кейин эса майдонда тинч намойиш ўтказаётган оналаримиз, аҳли аёлларимиз ва болаларимизга нисбатан куч қўллашди. Мана шу воқеалар бизни қўлимизга қурол олишга мажбур қилди. Ҳукумат бизга бундан бошқа имконият қолдирмади.

Савол: - Лекин шунга қарамай, қўриқланувчи объектларга ҳужум қилиб, қуролларни тортиб олганларингизда сизлар қандай масъулиятни зиммангизга олаётганингизни ҳис қилишингиз лозим эди?

Рустам: - Бу фожеали кунларда содир бўлган воқеаларнинг кўпчилиги ҳалигача мен учун қоронғу. Мен шахсан ҳужумларда иштирок этмаганман ва бундай бўлишини билмаганман ҳам. Мен фақат шуни айтишим мумкинки, ҳукумат нафақат шафқатсиз, балки ноинсоний, сурбетларча ҳаракат қилди.

Масалан, вилоят ҳокимияти биносида бизнинг одамларимиз йўқ эди. Ҳукумат ўз ҳаракатини оқлаш ва бизнинг ёмон одамлар эканимизни кўрсатиш учун бу ва бошқа биноларни ёқиб юборди.

Савол: - Ҳанузгача майдонда биринчи бўлиб ким ўқ отгани номаълум бўлиб турибди?

Рустам: - Ҳукумат ҳозир тинч намойишчиларга қарата бизнинг одамларимиз ўқ узганлигини иддао қилмоқда. Улар ўзларини қўллаб-қувватлаш учун майдонга келган яқинларини қандай қилиб отишлари мумкин эди? Ҳукумат биринчи марта қурол қўлланганда биз шок ҳолатига тушиб қолдик. Бизнинг тарафдорларимиз гаровга олинган одамлар жонли девори ортида ҳокимият биносидан чиқа бошлаганларида, ҳарбийлар ҳеч иккиланмасдан исёнчилар билан биргаликда гаровдагиларни ҳам отиб ташладилар. Лекин шундан кейин ҳам биз ҳарбийлар майдондаги тинч намойишчиларга қарата ўқ отади, деб тасаввур қилмаган эдик.

Биз ҳукумат намойишчиларга қарши тўқмоқларни, сувотарларни ёки пластик ўқларни ишлатади, деб ҳисоблагандик. Бизнинг олдимиздан БТРлар ўта бошлаганда одамлар уларга қарата қўлларига нима тушса, шуларни ота бошладилар. Шундан сўнг даҳшатли отишма бошланди. БТРлардан узилаётган пулемёт ўқларидан одамлар тутдай тўкила бошладилар. Қочганларни ортларидан қувиб етиб отишди, яраланганларни ҳам ўлдиришди. Мен ҳалигача ўзимга кела олганим йўқ, уч кунгача ухлай олмадим. Ухлаб колганимда эса, даҳшатли тушлар кўра бошладим. Тушимга мен икки соат орасида ётган мурдалар кира бошлади.

Ўшанда атрофда тирик одамлар қолмаганига қарамай, мурдаларга ўқ узишаётгандай туюлди менга. Тунда мен мурдалар орасидан чиқиб, бино ортига беркинишга муваффақ бўлдим ва атрофни кузата бошладим. Ҳарбийлар узоқ вақт шаҳар айланиб ҳавога ўқ узишди. Баъзан уларнинг ўқлари яширинишга улгурмаган ёки мурдалар орасидан ўз яқинларининг жасадларини излаётган одамларга тегарди. Лекин бу отишма асосан одамлар уйларидан чиқмаслиги, деразалардан қарамаслиги учун қилинаётган эди. Бу вақтда ҳарбийлар жасадларни юк машиналарига ортиб, номаълум тарафга олиб чиқиб кетишга улгуришлари керак эди.

Савол: - Нобуд бўлган одамлар сони ҳақида турли хил маълумотлар бор.

Рустам: - Шу ўринда мен ҳукуматнинг қабиҳлигини ошкор этувчи сўзларни топа олмаяпман. Бўлган воқеани кўрган одам сифатида айтишим мумкинки, нобуд бўлганлар сони мингдан кам эмасди. Уларни анчагача шаҳар кўчаларидан ва майдондан олиб чиқиб кета олмадилар. Ёмғир ёғаётган пайтда гўёки қон ёғаётгандек бўлди. Шаҳар кўчалари ва майдон қонга ботган эди.

Савол: - Энди сизлар нима қилмоқчисизлар?

Рустам: - Ҳозирча билмайман. Қирғизистон чегараси атрофида турган ўз одамларимизга етиб олмоқчиман. Ўша ерда вазият ойдинлашади.

Савол: - Сизнингча, бундан буёғига воқеалар ривожи қандай кечади?

Рустам: - Бу фақат Яратгангагина маълум. Ҳозир мен ташкилотимиз аъзолари билан алоқани йўқотганман, уларга нима бўлганини ҳам, мамлакатда нималар содир бўлаётганини ҳам билмайман. Фақат телевидение орқали кунига бир неча бор қайтарилаётган Каримовнинг матбуот анжуманларини, мамлакат телевидениесида ҳалигача тўхтатилмасдан намойиш этилаётган куй-қўшиқларнигина кўряпман, холос. Ҳеч бўлмаганда бир кун мотам куни деб эълон қилинса бўлар эди.

Лекин ҳар қандай вазиятда ҳам бизнинг ғоямизни осонликча енгиб бўлмайди. Бизнинг ғояларимиз унутилмайди. Бизнинг тарафдорларимиз Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ва мамлакат ташқарисида ҳам бор.

* * *

Андижон, 23 май, 2005 йил.