11:00 msk, 23 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Халқаро Бўҳронларни ўрганиш Гуруҳининг хулосасига кўра Ўзбекистонни истиқболда ҳеч қандай яхшилик кутаётгани йўқ

08.03.2006 08:41 msk

Галима Бухарбаева, Нью-Йорк

Халқаро Бўҳронларни ўрганиш Гуруҳи Ўзбекистонда янги ижтимоий портлашлар бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди ҳамда халқаро ҳамжамиятни Тошкентга қарам бўлмасликда қўшни мамлакатларга ёрдам беришни бошлаш ва ўзбекистонлик қочоқларни катта оқимини қабул қилиб олиш эҳтимолига тайёрланишга чақиради.

Марказий Осиёдаги Бўҳронларни ўрганиш Гуруҳи лойиҳаси директори Майкл Холлнинг душанба куни Нью-Йоркда бўлиб ўтган брифингда айтишича, бу каби сценарий амалга ошиши мумкин, чунки Ўзбекистон расмийлари 2005 йил май ойида Андижонда содир бўлган воқеалардан кейин ҳеч қандай хулоса чиқармаганлар.

Андижон воқеалари остида ётган ижтимоий сабабларни тан олишдан бош тортган Ўзбекистон раҳбарлари ўз фуқаролари турмушини сал бўлса-да яхшилаш учун арзирли бирор иш қилмаганлар.

Ўзбекистонда давом этаётган иқтисодий таназзул, аҳолининг фожеий тарзда қашшоқлашуви ва сиёсий қатағонлар янги «Андижон» учун замин ҳозирлайди, деб ҳисоблайди Майкл Холл. Гап фақат унинг қачон ва қаерда содир бўлишидадир.

Бўҳронларни ўрганиш Гуруҳи жаҳон ҳамжамиятини ва энг аввало Марказий Осиё минтақаси мамлакатларини бунга тайёр бўлиб туришга чақиради, чунки Ўзбекистондаги иккинчи халқ қўзғолони янада жиддийроқ бўлиши, жумладан, бу қўзғолонлар бутун минтақадаги аҳволни беқарорлаштириши мумкин.

Ўзбекистондаги аҳволнинг ёмонлашувига тайёргарлик кўрилар экан, Майкл Холл, энг аввало, минтақадаги энг кучсиз мамлакатлар – Қирғизистон ва Тожикистоннинг «давлат сифатида мустаҳкамланиши»га ёрдам бера бошлаш зарур, деб ҳисоблайди.

«Улар энергия ресурслари ва транспорт алоқаларида Ўзбекистонга иложи бори камроқ қарам бўлишлари керак. Масалан, [жаҳон ҳамжамияти] уларга гидроэлектростанциялар ва Ўзбекистон ҳудудини айланиб ўтган янги йўллар қурилишида кўмак бериши мумкин эди», - дея таклиф киритади Холл.

Минтақа мамлакатлари халқаро қонунлар юзасидан ўз мажбуриятларини бажарар эканлар, хусусан, Ўзбекистонга қочоқларни бермаган ҳолда, жаҳон ҳамжамияти томонидан кўрсатилажак ёрдамни ҳис қилиб туришлари зарур.

ICG вакилларига кўра, ҳозирнинг ўзидаёқ минтақа мамлакатлари муҳожирлик хизматларида улар Ўзбекистондан келиши мумкин бўлган қочоқларни қабул қилиб олишга тайёр бўлишлари учун тренинглар бошлаш, уларнинг халқаро ҳуқуқлар ҳақидаги билимларини ошириш лозим.

«Мен минтақавий интеграцияга қарши эмасман, - деди Майкл Холл. – Мен мамлакатлар ўзаро алоқаларда бир хил шарт-шароитларда бўлишлари тарафдориман».

Халқаро Бўҳронларни ўрганиш Гуруҳи Ўзбекистонни яккалаб қўйишни истамаслигини таъкидлайди ва Ўзбекистоннинг ўзи яккаланиш йўлини танлаганлигини айтади. Мустақил Ўзбекистон тарихида ҳеч қачон Европа ва Қўшма Штатлар билан алоқалар бу қадар ёмон бўлмаган.

Холлга кўра, 2005 йилнинг май ойидан бошлаб Ўзбекистонда ишловчи дипломатлар ўзларининг ўзбекистонлик ҳамкасблари билан учраша олмаяптилар.

«Барча қабул маросимларида дипломатлар бир-бирларидан бирор киши билан кўришишнинг имкони бўлдими, дея сўрайдилар. Ҳамма ерда жавоб бир хил: йўқ», - дейди Холл. «Бундай вазиятда қандай қилиб сўзлашиш мумкин?» - дея савол беради Холл.

Айни пайтда, Майкл Холл фикрича, АҚШ, Германия ва Буюк Британия ҳали ҳам террорчиликка қарши кураш соҳасида Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга умид боғламоқдалар. Айнан шу мамлакатлар Европа Иттифоқи ва Европадаги Ҳавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотини (ЕҲҲТ) 2005 йилнинг 13 май куни Андижондаги намойишни ўққа тутганлик учун Ўзбекистонга нисбатан қаттиқроқ чоралар кўришдан тўхтатиб турибдилар.

Бу каби тадбирлардан бири ЕҲҲТнинг «Москва механизми»ни қабул қилиш бўлиши мумкин эди, бу Ўзбекистон фикри билан ҳисоблашмасдан Андижондаги воқеаларни текшириш бўйича мустақил комиссияни тайинлашга имкон берарди.

«Москва механизми» ЕҲҲТ тарихида бир маротаба – 2002 йилнинг ноябрида Ашхободнинг президент Сапармурод ниёзовга суиқасд қилинганлиги ҳақидаги баёнотидан кейин Туркманистонга нисбатан ишга солинганди.

Майкл Холлга кўра, Туркманбоши билан солиштирганда Ислом Каримов сўзлашиш мумкин бўлган одам эди. Бироқ ҳозирда бундай имконият йўқ.

«Ғарбдаги баъзи кишиларнинг ҳали ҳам Каримов билан сўзлашиш мумкин, дея умидвор бўлишлари жуда ғалати», - деди Холл. – «Мен буни тушуна олмайман».

Ўзбекистонда ҳокимият алмашувининг муҳтамал сценарийлари ҳақида гапира туриб Майкл Холл ҳозирда «сарой ичидаги тўнтаришлар»дан тортиб Москва томонидан меросхўр тайин қилинишигача - турли вариантлар айтилаётганини қайд этади. Аммо ҳатто Тошкентда ҳокимият алмашуви тинч йўл билан ҳал қилинган тақдирда ҳам, Бўҳронларни ўрганиш Гуруҳига кўра, мамлакатда беқарорлашув юзага келиши мумкин, чунки Каримов иқтидордан кетганидан кейин ҳокимият учун ҳақиқий кураш бошланади. У ҳолда жаҳон ҳамжамияти ва минтақа мамлакатлари ҳамма нарсага тайёр туришлари керак.

Галима Бухарбаева, Press Freedom Group Andijan 2005, «Фарғона.Ру» учун махсус