08:52 msk, 14 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон православ насронийлари «масленица» байрамини нишонладилар

06.03.2006 14:16 msk

Сид Янишев

Шанба, 4 март куни Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси анъанавий «масленица» байрамини нишонлади. «Росзарубежцентр», қатор дипломатик миссиялар, Ўзбекистон пойтахтининг ижодкор зиёлилари ва журналистлари иштирокидаги байрам «Ўзэкспомарказ» яқинидаги Япон боғида бўлиб ўтди.

Боққа кираверишда меҳмонларни масхарабоз кийимини кийган Ўзбекистон Ёшлар театри актёрлари кутиб олдилар. Овозкучайтиргичлардан услубига кўра рус халқ оҳангларини эслатувчи қувноқ мусиқа таралар, масхарабозлар (скоморохлар) одамларни тилак тилаш ва тасмаларни бу ерда ўрнатилган тулум қўл-оёқларига боғлашга даъват қилиб, меҳмонларга ранго-ранг тасмаларни тарқатиб юрардилар.

Меҳмонларни қуймоқ ва турли пишириқлар билан роса сийлашди, уларни қўшиқлар, ҳазил-мутойиба ва қочиримлар билан кўнгилларини хушлашиб, давра айланишди. Байрам якунида тулум оммавий завқу шавқ остида ёқиб юборилди.

Байрам бекаси – Россия элчисининг рафиқаси Наиля Мухаметшинага кўра, масленица православ мазҳабининг энг ёрқин байрамларидан биридир.

- Масленица бу асрлардан буён давом этиб келаётган ва шу кунгача сақланиб қолган анъанавий рус байрами. Гарчи у мажусиёна бўлса-да, билишимча, одатга кириб қолган, яъни православ черкови томонидан рухсат этилган ва Улуғ рўза арафасида нишонланадиган ягона байрамдир, - дейди Мухаметшина.

Байрамнинг асосий тортиғи, унга кўра, баҳор қуёшининг рамзи бўлмиш қуймоқ ҳисобланади, байрамнинг асосий қаҳрамони эса тулумдир, байрамнинг номи ҳам тулум номидан олингандир. Байрам меҳмонлари томонидан сомон «қиз»нинг қўлига боғланадиган тасмалари уларнинг орзу-истакларини билдиради. Тулум ёқиб юборилади, яъни осмонга учирилади – шундай қилиб, қиш кузатиб қўйилади, бунда меҳмонларнинг барча тилак-мақсадлари, православ насронийлар аждодларининг мантиғига кўра, амалга ошиши керак.

- Масленицада қуёшнинг ҳаётимизга илиқлик бахш этувчи ҳарорати бизга яқинлашганини эътиборга олиб, қуёшга ўхшаш қуймоқлар пиширамиз, - дея қўшимча қилади Наиля Ахтамовна. – «Масленица» номи қаёрдан келган дейсизми? Февраль охири – март бошларида сигирлар болалаган, сут-қатиқ кўп бўлган, шу билан бирга ёғ тайёрлаш имконияти ҳам пайдо бўлган. Яъни Улуғ рўзадан аввал кишилар ёғ ва қуймоққа тўйиб олганлар. Байрам номи ва дастурхон неъматлари ана шундан келиб чиққан.