11:05 msk, 23 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятида кенгаш ўтказди

04.03.2006 09:18 msk

Ўз. ахб. (Наманган)

Яқин орада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Наманган вилояти иқтисодиётига 38 миллион АҚШ доллари ётқизмоқчи. Янги ишларга раҳбарлик қилишни мамлакат бош вазири, Наманган вилояти бўйича «куратор» этиб тайинланган Шавкат Мирзиёев ўз зиммасига олди.

17 февраль куни республика бош вазири Ш. Мирзиёев 12 вазир кузатувида Наманганга келди. У вилоят фаоллари билан кенгаш ўтказди, кенгаш тўрт соатдан ортиқ давом этди.

Одатдагидай, олий мартабали раҳбар ташрифи чоғида барча ҳавфсизлик чоралари кўрилди: ҳокимият биносига туташ кўчалар милиция томонидан ўраб олинди, уларда автомобиль ҳаракати тўхтатилди. Кенгаш иштирокчиларини ҳокимият биносига йиғилиш бошланишидан бир ярим соат аввал киритмай қўйдилар.

Кенгашда бош вазир Наманган вилояти аҳолининг турмуш даражаси, коммуникациянинг ривожланиши, ижтимоий ва иқтисодий тараққиёт бўйича республикада охиргидан аввалги ўринни, ишсизлик бўйича республикада олдинги ўринлардан бирини эгаллашини маълум қилди. Наманган вилоятига марказдан берилувчи дотация ҳажми ҳозирги пайтда 33% ни ташкил қилади. Бу мазкур кўрсаткич 37% ни ташкил қилган Қорақалпоғистон мухтор республикасидан яхшироқ, холос.

- Мен Сурхондарё вилоятига кетаётгандим, лекин Президент мени тўхтатиб, республикадаги энг масъулиятли ҳудуд бўлган Наманганга юборди, - деди Ш. Мирзиёев кенгашда. Мажлис иштирокчилари катта қизиқиш билан тингладилар.

Ш.Мирзиёев Наманганга учиб келар экан, Поп туманининг буғдой экилган далалари узра бир неча бор айланганини ва у ерда бу йил унча яхши ҳосил кутилмаётганини қайд қилди. У Поп тумани ҳокими ёмон ишлаганини қайд этиб ўтди.

Ўзбекистон ҳукумати раисига кўра, агар ҳатто вилоятни майда-майда субъектларга бўлиб ташлаб бўлса-да, вилоятнинг барча саноат корхоналарини ишлатиш керак.

- Биз барча куч ва воситаларни ишга солиб, вилоят иқтисодиётини кўтарамиз, янги иш ўринлари яратамиз ва бунда мен сизларга ёрдам бераман, - деди бош вазир кенгашда. Тўрт соатдан зиёд вақт мобайнида бош вазир Наманган аҳолисига иқтисодиётда мисли кўрилмаган юксалиш ва тараққиёт ваъда қилди.

Вилоят тадбиркорлари ва кенгаш иштирокчиларига мурожаат қиларкан, бош вазир агар у ўзи ёрдам беролмайдиган масалалар чиқиб қолгудек бўлса, у бу масалалар билан «тўғри Президентнинг олдига» киришга ишонтирди.

Залда туриб унга мурожаат қилган тўрақўрғонлик тадбиркорнинг саволига жавоб бера туриб бош вазир масъул шахсларга бизнесмен эҳтиёжини қондириш ва уч кун ичида унга кредит олишда ёрдам беришни буюрди.

Бош вазир вилоят аҳлига аҳолини табиий газ ва ичимлик суви билан таъминланишида бундан буён муаммо бўлмайди, дея ваъда берди. Бош вазир бугунги кунда Ўзбекистон оғриқли масалалардан бири нақд пул айланиши бўлиб ҳисобланишини қайд этди. Турли хил ҳиссадорлик тижорат банкларининг фаолияти фуқароларнинг кўплаб норозиликларига сабаб бўлмоқда. Бош вазир барча банкирларни бундан буён «ортга суриш»ни бермаслик ва олмаслик юзасидан огоҳлантирди. Акс ҳолда уларнинг ишлари билан прокуратура шуғулланади. Буларнинг ҳаммаси ҳақида республика ҳукумати яхши хабардор ва иқтисодиётдаги бу каби бемазагарчиликлар билан курашиш ниятида, - дея билдирди бош вазир.

Кенгашнинг очиқ қисми тугаганидан сўнг залда фақат ҳокимлар (туман маъмуриятлари раҳбарлари) ва ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарлари қолдилар.

Кенгашда қуйидагича нохуш ҳодиса ҳам рўй берди. Бош вазир Янгиқўрғон туман ҳокимини ўрнидан турғазиб, прокурорга унга нисбатан жиноий иш очишни буюрди. Прокурор ўша заҳотиёқ жиноий иш очиб бўлинганини айтди. Исмини ошкор қилишни истамаган кенгаш иштирокчиларидан бирига кўра, Ш. Мирзиёевга Янгиқўрғон ҳокимининг 2004 йилда ишдан бўшатилган Наманган вилояти собиқ ҳокими Тўлқин Жабборов билан яқин алоқада эканлиги маълум бўлган. У гўё Т. Жабборовнинг олдига бориб турган ва унга катта миқдорда пул бериб турган.

Наманганга қилинган ташрифдан сўнг бош вазир Андижон вилоятига йўл олди.

Бош вазирнинг Намангандаги кенгашда қилган чиқиши юзасидан ўз мулоҳазаларини ўртоқлашиш бўйича «Фарғона.Ру» таклифига вилоят ҳуқуқ-тартибот органларида ишловчи манба бир неча йил олдин президент Ислом Каримовнинг ўзи ҳам вилоят фаоллари билан худди шундай кенгаш ўтказганини маълум қилди:

- Ўшанда ҳам худди шу каби ваъдалар берилганди ва ўшанда кенгаш иштирокчилари зални мисли кўрилмаган кўтаринки кайфият билан тарк этгандилар. Бироқ кейин ҳеч нарса ўзгармади. Катта сиёсий ўйин – бир сўз билан айтганда, тарғибот ва ташвиқот ишлари кетаяпти. Шу тариқа одамларнинг ҳисларига ўйнаб, маҳмадоналарни аниқлайдилар ва уларни бартараф қиладилар, - дея маълум қилди суҳбатдошимиз.

«Фарғона.Ру» АА манбасига кўра, кредит олишда кимгадир имтиёзли шарт-шароитлар яратилишига ҳам ишонмаслик керак. Ҳатто уни кимдир ололса ҳам, бизнесининг гуркираб кетиши амри маҳол. Чунки кейин уни текширишлар билан тинкасини қуритиб ташлайдилар.

- Республикада биринчи хусусий банк очган Рустам Усмоновни эслаб кўринг: унга ҳам ёрдам беришни ваъда қилгандилар, оқибатда у қамоққа тушди, - дея сўзлайди суҳбатдошимиз. – Тизим ич-ичидан чириб кетди. Тижорат банклари Марказий банкдан пул олиш учун «ортга суриш» пулини тўкадилар ва сизга ҳеч ким шунчаки кредит бериб қўймайди. Ўзингиз эшитдингиз – бунақа «ортга суриш»лар ҳақида юқорида жуда яхши билишади. Агар билсалар, нима учун буни энг юқорида бартараф қилмаяптилар? Нима учун коррупцияга чалинган банкирларни жиноий жавобгарликка тортмаяптилар? – дея савол ташлайди у.

Вилоят иқтисодиётига 38 миллион доллар миқдорида ётқизилажак сармоя ҳақида тўхталар экан, «Фарғона.Ру» АА манбаси «бу пуллар келиб тушади, улар турли коллежлар, ҳиёбонлар ва боғлар қурилиши учун сарф қилинади ҳамда бу пулларни бозордан йигирма центга олинган лампочкани қурувчиларга беш долларга ўтказишдек схема орқали сўриб оладилар. Таг-томиригача таланган завод ва фабрикаларни қайта тиклашга эса ҳатто уч юз миллион ҳам етмайди».

Бу пессимистик оҳангларни суҳбатдошимизнинг виждонига ҳавола қиламиз. Бироқ бу вазиятдаги кўп жиҳатлар савол туғдиради. Хусусан, мамлакат бош вазирининг Наманган вилоятига қилган ташрифи ҳақида маҳаллий аҳолининг қарийб хабарсиз қолгани ҳам. Катта аҳамият касб этган кенгаш кунидан бери анча вақт ўтганига қарамасдан, республика ва ҳатто вилоят оммавий ахборот воситалари бу хусусда ёзмадилар. Гарчи кенгаш икки телекамера билан тасвирга олинган бўлса-да, телевидениедан бирорта ҳам лавҳа кўрсатилгани йўқ.