06:09 msk, 20 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонлик беш қочоқ Ўш тергов ҳибсхонасида қолмоқда

02.03.2006 19:21 msk

Алишер Соипов (Ўш)

Ўш тергов ҳибсхонасидаги ўзбекистонлик қочоқлар Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиевдан уларни Ўзбекистонга қайтиб бермаслик ва адолатли қарор қабул қилишни сўрайдилар.

- Ўзбекистонда бизни қийноқлар ва муқаррар ўлим кутаяпти, - дейди Одилжон Раҳимов. – Биз Қирғизистон президентидан бизнинг тақдиримизни қонун асосида ҳал этишни илтимос қиламиз. Бизга сиёсий бошпана беришларини сўраймиз.

Эслатиб ўтамиз, 2005 йилнинг 16 февраль куни Қирғизистон Олий Суди Бишкек шаҳар судининг ўтган йил декабрида қабул қилган қарорини тасдиқлаган ҳолда Одилжон Раҳимов ва Жаҳонгир Мақсудовни қочоқ сифатида тан олишни рад этганди. Олий Суд қарори қатъий, шикоятга ўрин йўқ.

2 март куни Бишкек шаҳар суди Қирғизистон Муҳожирлик қўмитасининг яна икки ўзбекистонлик фуқаро – Ёқуб Тошбоев ва Расул Пирматовга қочоқ мақомини беришни рад этиш юзасидан қарорини қўллади. Эндиликда мазкур ўзбекистонлик фуқаролар номидан Муҳожирлик комитетини судга берган Қирғизистоннинг «Адилет» ҳуқуқий клиникаси бу қарор юзасидан Олий Судга арз қилмоқчи.

2005 йилнинг октябрида бу тўрт Ўзбекистон фуқаросига БМТ қочоқлар иши бўйича Олий Комиссариат Бошқармаси томонидан қочоқ мақоми берилганди, бироқ Қирғизистон Муҳожирлик комитети бунга ўхшаш қарор қабул қилмади.

Ўзбекистонлик қочоқлар Одилжон Раҳимов, Жаҳонгир Мақсудов, Ёқуб Тошбоев, Расул Пирматов ва Фаёз Тожихалилов Ўш тергов ҳибсхонасида битта камерада ўтирибдилар. Фаёз Тожихалиловдан ташқари юқорида санаб ўтилган барча қочоқлар 2005 йилнинг 13 май куни Андижонда бўлиб ўтган қонли воқеалардан кейиноқ қўшни Қирғизистонга қочиб ўтгандилар. Кейинчалик эса улар Ўзбекистон расмийларининг талабига кўра тергов ҳибсхонасига жойлаштирилгандилар.

- 2005 йилнинг 16 июнь куни бизни Сузоқдаги қочоқлар жамлоғидан Жалолободга олиб келишди. 18 июнь куни эса Ўш шаҳар тергов ҳибсхонасига жойлаштиришди. Ўшандан бери шу ердамиз, - дейди Одилжон Раҳимов.

Фаёз Тожихалилов тўрт қочоққа 2005 йил кузида қўшилди, у номашруъ муҳожирларга қарши олиб борилган амалиёт чоғида Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан ушланганди. Ф. Тожихалилов Ўзбекистонда Андижон воқеаларидан иштирок этганлиги учун қидирувдадир.

Ўзбекистон расмийлари қочоқларга бир неча айб қўймоқдалар. Одилжон Раҳимов ва Жаҳонгир Мақсудовни 2005 йил 13 май воқеалари пайтида Андижон прокурори Ғанижон Абдураҳмоновни ўлдирганликда айбламоқдалар. Бунга далил сифатида Ўзбекистон томони қирғизистонлик ҳамкасбларига видеотасма тақдим этган, унда юқорида тилга олинган қочоқларнинг мақтул прокурор ёнида турганларини кўриш мумкин.

Бироқ қочоқларнинг ўзлари буни қатъиян инкор этадилар.

- Бизнинг айбимиз 13 май куни намойишга чиққанимиздадир. Оддий одам «бирданига» қотилга айланиб қолиши мумкин эмас, - дейдилар қочоқлар. – Видеотасма эса Андижон шаҳри прокурорининг ўлимида айбдор эканимизга далил бўлиб хизмат қилолмайди. Биз ўша куни прокурор ёнига тасодифан бориб қолганмиз.

Қочоқларга кўра, Ўш тергов ҳибсхонаси ходимлари уларга яхши муомала қилаяптилар. Тергов ҳибсхонаси бошлиғи вақти-вақти билан уларнинг камерасига кириб туради.

- Қирғизистонлик нозирлар ўзларининг ўзбекистонлик ҳамкасбларидан анча фарқ қилар эканлар. Ўзбекистонда милиция формасини кийган кишини кўрсангиз, илигингиз қалтираб қолади, бу ерда эса ҳаммаси бошқача экан, - дейди Одилжон Раҳимов. Унга кўра, Қирғизистон ИИВ ходимлари инсофлироқ эканлар.

Ташқи дунё янгиликларини қочоқлар Халқаро Қизил ярим ой жамғармаси вакиллари томонидан тақдим этилган радиоприемникдан биладилар. Улар камерада ҳар куни «Америка овози» радиоси ўзбек хизмати, «Озодлик» радиоси ўзбек ва қирғиз хизматлари эшиттиришларини тинглайдилар. Қочоқлар Ўзбекистондан содир бўлаётган воқеаларни, у ерда қандай жараёнлар кечаётганини диққат билан кузатиб борадилар ва яхши томонга ўзгариш бўлишига умид боғлайдилар. Қочоқларга кўра, Ўзбекистон ҳукуматида ҳали ҳам ўз сиёсатини яхши томонга ўзгартиришга имконият бор.

- Мен ҳали ҳам Ўзбекистондаги ҳозирги режим ва сиёсат ўзгаришига умид қиламан. Ахир 2005 йилнинг 13 майида Андижонда содир бўлган воқеалар халқнинг норозилигини кўрсатмадими... – дейди қочоқ Фаёз Тожихалилов.