02:05 msk, 24 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Нодира Ҳидоятованинг қизи жаҳон жамоатчилигига мурожаат қилади

01.03.2006 15:32 msk

Малика Ҳидоятова

Балки менинг мурожаатномам соддаликка ўхшаб кўринар. Аммо мен шу ёшда ҳаётни қандай тушунсам, шунга қараб иш қилаяпман. Мен адолат ва инсонпарварликка ишонаман. Мени шундай тарбиялаганлар. Бугунга келиб балоғат ёши остонасида тақдир менга синовлар ҳозирлади, мен улардан сабот билан ўтишни истардим. Яқин-яқинларгача оиламизни энг бахтли оилалардан бири деб аташ мумкин эди. Биз она меҳридан саодатманд ва унинг ғамхўрлигидан баҳраманд эдик. Биз уч киши яшардик. Онадан икки фарзандмиз: мен ва менинг тўрт ёшли укам. Бугун биз ёлғиз қолдик, чунки онамни уч ойдан бери ҳибсда сақламоқдалар. Биз Янги йилни бирга кутиб олиш учун уни кутаётгандик. У Москвадан совға-саломлар билан учиб келди, аммо аэропортдан чиқмади. Кейинроқ биз унинг қамоқда эканини эшитдик.

Мени билган барча менинг ҳамдардлик тиламаётганимни, фақат менинг катталар орасида катталардай яшашга тўғри келадиган дунёни англашга уринаётганимни тушунади. Бу мактубдаги ҳар бир сўзни қийналиб ёзмоқдаман. Мен бундан буён нима қилишим кераклигини узоқ ўйладим ва ушбу мурожаатномани ёзишга қарор қилдим. Энг аввало, мен тенгдошларимга мурожаат қилмоқчиман: мен учун мени тушунишингиз ва маслаҳатингиз жуда муҳим. Балки сизларнинг ота-оналарингиз ва қариндош-уруғларингиз тўғри қарор қабул қилишимизга ёрдам берарлар. Ёки сиз ушбу мактубни ўз мамлакатингиз президентларига етказа оларсиз? Албатта, унинг Ўзбекистон президентига ҳам етиб боришини истардим.

Мен учун Нодира Ҳидоятова, энг аввало, энг яқин киши, меҳрибон ва ғамхўр она. У мен учун ҳар ишда ўзининг аёллик латофати, ғайрати, ҳақиқатга ишониши ва жасорати билан намуна. Мен укам билан биргаликда онам учун доимо биринчи ўринда бўлганимизни биламан. У тадбиркорлик билан шуғулланиб, оиламизни боқиши билан кўпчилик аёллардан фарқ қилади. У келажагимиз ҳақида ўйлаб, жамоат ишларида фаол иштирок этарди.

Кеча прокурор уни биздан ўн икки йилга ажратишларини талаб қилди.

Нима учун, ахир? У кимни ва нима билан қўрқитиб юборди?


Биз йигирма биринчи асрда яшаяпмиз, мен ўрта асрдаги анъаналар узоқ тарих қатида қолиб кетган, деб ўйлардим. Балки мен ақлим билан нималарнидир тушуна олмаётгандирман, лекин дилим оғриқдан ўртаниб кетаяпти.

Онам уни Москвада тушунган ҳолда кутиб олганларини айтганди. Агар шундай бўлса, бу нарса бу ерда кимни ғазабини қўзғатган бўлиши мумкин?

Мен «Бундан буён қандай яшаш керак? Қандай қилиб укамни катта қилиш ва ҳимоя қилиш керак? Шу мамлакатда қолсаммикан ёки онам қайтмаган Россия элчисига мурожаат қилсаммикан?..» деган жуда қийин саволларга жавоб топишим керак.

Малика

Нодира Ҳидоятованинг қизи