20:48 msk, 16 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкент авиазаводи Хитой армиясини қуроллантириш учун ишлайди

01.03.2006 12:27 msk

Игорь Зенков (Москва)

Давлат думаси делегациясининг Ўзбекистонга қилган яқиндаги ташрифи экспертлар эътиборини Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси тақдирига қаратди. Делегация аъзоларидан бири Думанинг МДҲ ишлари ва ватандошлар билан алоқалар бўйича комитетининг раиси Андрей Кокошин бўлиб, у бу ерда, афтидан, Россия ҳарбий саноат комплексининг ўзига хос лоббисти сифатида чиққан. Россия мудофаа вазирининг ўринбосари бўлиб ишлаган пайтларидаёқ у мудофаа комплексида қудратли холдинглар ташкил этиш тарафдори эди.

Кокошинга кўра, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов авиазаводни хусусийлаштиришнинг янги схемасини ва у ерга Россия капиталини жалб қилишни таклиф қилган. Бироқ бунинг тафсилотлари ҳали ҳеч ким томонидан эълон қилингани йўқ.

«Фарғона.Ру» АА маълумотномаси: «Чкалов номидаги Тошкент авиацион-ишлаб чиқариш бирлашмаси» ДҲЖ МДҲ мамлакатлари ва Осиё қитъасида ИЛ-76 транспорт учоғи ва унинг кўплаб модификацияларини (ТД, МД, МФ, ТФ, ИЛ-78 ва бошқалар), маҳаллий авиақатновлар учун ИЛ-114 ва унинг юк ташувчи варианти бўлган ИЛ-144Тни ишлаб чиқаришга ихтисослашган энг йирик самолётсозлик корхоналардан бири бўлиб ҳисобланади.

ТАИЧБ устав жамғармасининг 51% и Ўзбекистон ҳукуматига, 10% и меҳнат жамоасига, 6,7% дан Республика Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва Ташқи иқтисодий алоқалар агентлигига ҳамда бошқа мулкдорларга тегишли. Россия ягона Россия-Ўзбекистон авиахолдингини ташкил этиш учун Тошкентга акцияларнинг назорат пакетини «Ильюшин» фирмасига топширишни кўп бора таклиф қилган. Расмий Тошкент авиахолдинг тузишга қарши эмас, аммо ҳар доим акцияларни тўғридан-тўғри сотиб олиш фикрида қаттиқ турибди. ТАИЧБнинг 120,8 млн. доллар қийматига эга бўлган 25,6% акцияларини сотиш бўйича охирги халқаро тендер ўтган йил баҳорида бўлиб ўтганди. Марказий Осиёда ягона авиасозлик корхонаси акцияларини сотиб олиши мумкин бўлган бирорта ҳам ширкат топилмаганлиги сабабли танлов ўтмай қолди.

Бироқ завод етарлича истиқболли активга эга. Экспертларнинг фикрича, Тошкентда ишлаб чиқарилувчи Ил-76 учоқларига авиация бозорида бўлган талаб 2015 йилгача 90-100 донани, фақат чет элга (Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Эрон, Урдун, Озарбайжон) чиқарилажак учоқлар сони эса 70 донани ташкил этади. Битта учоқнинг нархи 25 миллион доллардан 35 миллион долларгача бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, Airbus корпорацияси мутахассислари томонидан тайёрланган тахминий ҳисоб-китобларга мувофиқ йўловчи жаҳоннинг фуқаро ва юк ташиш саноати ҳажми (тонна-километрларда) 2025 йилгача ҳар йили 5,9% лик суръат билан ўсиб боради, бу 700 дан ортиқ янги учоқлар етказиб берилиши ва 2400 фойдаланилаётган йўловчи ташиш учоқларини юк ташувчи учоқлари этиб қайта жиҳозланиши талаб қилади. Тахмин қилинган давр ичида кўпроқ юк ола билиши мумкин учоқларга талаб юқори бўлиши кутилмоқда.

Ил-76 учоқларини турли мамлакатларнинг ҳарбий-ҳаво кучлари учун ишлаб чиқилиши ҳам жозиб таклифдир. Ўтган йил кузида Хитой ўзининг Халқ Озодлик Армияси (ХХОА) учун ўттиз иккита Ил-76МД ва олтита «учувчи танкер» Ил-78МК сотиш олишга иштиёқ билдирган. Бу учоқлар Россия-Хитой «Тинчлик миссияси-2005» ҳарбий машқларида иштирок этганлар ва хитойлик ҳарбийлар уларга катта қизиқиш билан қараганлар. Якуний хулосалар чиқариш пайтида ХХР мудофаа вазири: «Биз 10 йилдан кейин ўз ҳаво-десант қўшинларимизни Россиянинг ҲДҚ каби қилишни ўз олдимизга вазифа қилиб қўйдик», дея билдирганди.

Айни пайтгача Хитойга бу турдаги 14 учоқ сотилган. Шу билан бирга, Хитой аввалги Д30-КП-2 двигателлари билан сотиб олишга тайёр, бу Пекиннинг мазкур учоқларни фақат ҳарбий мақсадларда ишлатиш нияти борлигини кўрсатади. Сотиб олиниши тахмин қилинаётган учоқлар сони ҳарбий-транспорт ҳаво полки штат миқдорига тўлалигича мувофиқ келади, бу ХХОА ҳарбий-транспорт авиациясининг қайта қуроллана бошлаганидан далолат беради. Ҳозирги пайтда Хитой ўз армиясини қуриш юзасидан узоқ муддатли дастури бажарилишининг иккинчи босқичида турибди, у 2010 йилда «стратегик чегаралар ва яшаш майдонини кенгайтиришга кафолат берувчи» кучга айланиши керак. Учинчи босқичда (2050 йилгача) «ҳар қандай урушда қуролли кураш олиб боришнинг турли воситалари ва усулларини ишга солган ҳолда ғалаба қозона оладиган» қуролли кучлар ташкил этилиши керак.

Хитойнинг асосий геосиёсий вазифаси ҳозирги пайтда Тайваннинг қўшиб олиш бўлгани учун муҳтамал ҳарбий ҳаракатлар режаси бошланғич босқичда ҳаво десантидан фойдаланишни назарда тутмаслиги мумкин эмас.

ХХОА ҳаво-десант қўшинлари ҳозирги пайтда учта дивизиядан иборат. Бироқ уларни десант қилиб туширишга мўлжалланган ҳамда замонавий талабларга жавоб берувчи ҳарбий-транспорт бирикмалар Хитойда йўқ. Бундай вазифани бажариш учун зарур воситага келсак, бу ерда ТАИЧБ томонидан ишлаб чиқарилаётган Ил-76МД (ёки Ил-76МФ) га тенг келадигани йўқ. Характеристикаси бўйича дунёда фақат АҚШда ишлаб чиқариладиган С-17 Globemaster ҳарбий-транспорт учоғи унга яқин туради, бироқ у бир неча баробар қиммат ва қарийб сотилмайди.

«Фарғона.Ру» АА маълумотномаси: В. П. Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси 1941 йилда Москва яқинидаги Химки шаҳридан эвакуация қилинган 84-авиацион завод базасида ташкил этилган. Қарийб ҳеч қандай тайёргарлик йўқ жойга етиб келганидан икки ой ўтгач, 1942 йилнинг 7 январида биринчи учоқни чиқарган, 17 январдан бошлаб эса фронт учун серияли равишда авиатехника ишлаб чиқариш бошланган.

Афтидан, яқин орада ТАИЧБ базасида Россия-Ўзбекистон қўшма корхонасини тузиш жараёнида баъзи силжишларни кутиш мумкин. 2005 йилнинг октябрида Россия Федерацияси саноат бўйича федерал агентлиги раҳбари Борис Алешин томонидан таклиф қилинган сценарийнинг амалга оширилиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас, унга кўра ТАИЧБ акциялари Россия авиасаноати базасида ташкил этилаётган «Бирлашган Авиасозлик Корпорацияси» акцияларига алмаштирилади.

Тошкент авиазаводи ҳиссалари бўйича муваффақиятли қарор қабул қилинган ҳолда Россия-Ўзбекистон тандеми халқаро транспорт учоқсозлиги бозорида анча эътиборли ўйинчига айланади.

Игорь Зенков, Марказий Осиё ахборот маркази эксперти