02:03 msk, 24 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ганчкор Асрол Мухторовнинг оппоқ нақшлари

24.02.2006 15:07 msk

Павел Кравец (Тошкент)

© Павел Кравец фотоси

Ганч ўймакорлиги Ўзбекистондаги қўл ҳунармандчилигининг энг қадимги турларидан бири ҳисобланади. Айни пайтда Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Фарғона водийсида ўймакорлик бўйича мактаблар мавжуд. Асрол Мухторовни Тошкент мактабининг ёрқин вакилларидан бири дейиш мумкин. Унинг номи нафақат Ўзбекистонда, балки хорижда ҳам маълум ва машҳур. Мисол учун, у ганчдан ясаган қандил Лейпцигдаги ўзбек чойхонаси катта залини безаб турибди. Уста Мухторов ўзи ўйлаб топган нақшларни такрорламасликка уринади, шу сабабли ҳам унинг иши ўзининг бетакрорлиги билан ажралиб туради.

Биз Асрол Мухторов билан унинг Тошкентдаги «Пахтакор» маҳалласида жойлашган устахонасида учрашдик. Ҳозирда 58 ёшга кирган Асрол ака ганч ўймакорлигига ўн икки ёшида Республика кашшофлар саройига келган пайтида қизиқиб қолган. Уста Маҳмуд Усмонов етакчилик қилган тўгаракка Асрол олти йил қатнаган. Пировардида у устози билан биргаликда ганч ўймакорлари ва наққошлар бригадасини тузганлар. 1974 йилдан 1979 йилгача Асрол Мухторов Кашшофлар саройида болаларга ўймакорлик санъатидан сабоқ берган.

1979 йилда Мухторов ўз устози Маҳмуд акадан уста сифатида оқ фотиҳа олган. Ана шу даврдан бошлаб у мустақил равишда ишлай бошлаган ва ўз шогирдлари жамоасини тузган.

Ижодий фаолият мобайнида Мухторов жамоаси кўплаб музей, театр, маъмурий бинолар ва хусусий уйларни (жами 300 га яқин объект) ганч ўймакорлиги ва нақшлар билан безаган. Биргина «Туркистон» саройининг ўзида йигирмадан ортиқ устунлар ва устун қошлари ҳамда 500 яқин устунчалар ўймакорлик билан безатилган. Фарғонада Мухторов раҳбарлигида Аҳмад ал-Фарғоний юбилейига атаб шаҳар драма театри биносида таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилган. Унинг қўқонлик ҳамкасблари ал-Фарғонийнинг Фарғонадаги ҳамда унинг ватани Қувадаги ҳайкаллари устидаги шийпонларни қурганлар.

Шу кунгача Асрол Мухторов (унинг устахонасига келадиган маҳалла болаларини ҳисобламаганда) элликдан ортиқ шогирд тарбиялади, улардан йигирмага яқини Бадиий академия аъзолари бўлиб ҳисобланадилар.

Айтиш жоизки, у «Ўзбекистон халқ устаси» унвонини олган (1999 йил) биринчи ганчкордир. Республикада бу каби унвонни олган ганчкорлар сони ўнга яқинни ташкил этади.

Устанинг сўзларига қараганда, ганч ишлари учун Ўзбекистон ёки Россияда ишлаб чиқарилган АГ-16 русумидаги гипс ишлатилади. Аммо усталар қўллаган энг яхши гипс авваллари Ленинграддан олиб келинарди. У ёғдай осон ўйиларди.

- Ганч дарров қотиб қолмаслиги учун биз уни тоғорага солиб минг мартагача аралаштирамиз, - ҳикоя қилади Асрол ака. – Натижада ҳавонда деб аталувчи қаймоқсимон модда пайдо бўлади. Биз ишлатадиган ганч таркибининг бир эканига қарамасдан, кейингиси аввалгисидан фарқ этиши мумкин, ахир узоқ сақлаганда унинг хусусиятлари ўзгариши мумкин-да. Қуруқ гипсни сув билан аралаштиришдан олдин уста уни тепа шаклида уяди ва унинг ўртасига қўлини тиқади, агар материал янги бўлса, қўли чиғаноққача гипс ичига кириб кетади.

Нақш ўйишга киришишдан олдин тайёргарлик ишларини амалга ошириш зарур. Даставвал девор юзаси алебастр сувоқ қилинади. Шундан кейин ҳавонда тайёрланиб, алебастр қоплама устига 1-1,5 см қалинлигида ётқизилади: аслида ганч гипс хамири қопламаси – ҳавонданинг ўзидир.

Тайёр юзага нашқ гулларини чизиш олдидан қуйидагилар амалга оширилади: аввал ватманга эскиз чизилади, шундан сўнг тайёр расм калькага қўйилиб, нақш устидан қалам билан юргизиб чиқилади. Кейин ҳар 2-3 миллиметр игна билан тешиб чиқилади. Калька ганч юзасига қўйилиб, талқон қилиб туюлган писта кўмир тўлдирилган дока билан нақш устидан уриб чиқилади, шундан сўнг ганч юзасида расм контурлари пайдо бўлади.


Кейин пичоқ ишга тушади, у билан нақшлар ўйилиб, ортиқчаси олиб ташланади. Кейин тайёр бўлган нақш ускана билан тозаланади.

Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас. Нақшлар бўртма бўлиши учун қотган гипсга махсус ишлов берилиб, пардоз қилинади. Масалан, лўла-пардоз, пах-пардоз, чўка-пардоз ва бошқалар пардознинг турлари бўлиб ҳисобланади. Уларнинг ҳар бири муайян нақш унсурларига мувофиқ келади...

Буюртмачининг хоҳишига қараб фонга сир бериш мумкин, шундан кейин нақш «ўйнай» бошлайди. Бунда турли ранглар ишлатилади: май сабзаси ранги, мовий осмон ранг, қизил алвон ранги, тилларанг ва бошқалар. Масалан, Тошкент қўл ҳунармандчилиги санъати музейи шу тарзда безалганди.

- Ҳар бир устанинг ўз мактаби, ўз услуби ва хос йўли бор, - дея давом этади Асрол ака. - Бирор ишнинг кимга тегишли эканини мутахассис бир қарашдаёқ билиб олади. Албатта, бу биринчи навбатда ҳақиқий усталарга тегишли, улар Ўзбекистонда унча кўп эмаслар ва бир-бирларини яхши биладилар.

Кейинги пайтларда шогирдларим билан бирга турли услубларда (европача, юнонча, корейсча ва ҳ.) ишлашимизга тўғри келаяпти. Ганч қўл ҳунармандчилигининг универсал туридир. Уни кўплаб комбинацияларга эга шахмат ўйинига қиёслаш мумкин...

Шогирдларимнинг кўпчилиги мустақил иш юритади. Ўзбекистоннинг Америкадаги, Ҳиндистондаги элчихоналари, Тошкентдаги Эрон элчихонаси уларнинг қўллари билан безалган. Улар Афғонистонда ишлаганлар.

Фарғона.Ру: - Яна қайси мамлакатларда ишларингиз бор?

- Совет замонида биз Қозоғистон, Турманистон, Россия Федерациясининг Иваново, Пенза вилоятларида ишлаганмиз, «Ўзбекистон» деб аталган гастрономлар ва қаҳвахоналарни безаганмиз. Сочидаги «Ўзбекистон» санаторийси кинозали, ошхонаси ва фойесини ганч ўймакорлиги билан безаганмиз. Ўшанда Адлердаги «Известия» санаторийсига бутун Иттифоқдан усталар йиғилганди. Биз ўзбек павильонини ганч ўймакорлиги ва нақшлар билан безагандик. Полга ўзбек гиламлари тўшалган, деворлар улкан кўзгулар, шифтлар нақш билан безалганди. Залга қимматбаҳо ёғочдан ўйиб ишланган саккизбурчакли стол ва стуллар қўйилганди.

Афсуски, бугунги кунда Асрол акага Россиядаги ўз ишлари ҳақида ҳеч нарса маълум эмас.

- Охирги пайтларда биз масжидлар ва мадрасаларда ишладик. Тошкентдаги бир неча мадраса таъмирланди, улардан бири Кўкалдош Чорсу майдонида жойлашган. Кўкчадаги Шайх Зайниддин жомеъ масжидида биз гумбазни ганч билан безадик, айвон ва меҳмонхона қурдик. Шогирдларим яқинда Янгиобод мавзеида очилган янги Ҳолид ибн Валид масжидида ишладилар. Чирчиқ ва Чинозда ҳам ана шундай ишлар олиб борилди. Деворлар, устунлар, кўшклар ганч ўймакорлиги билан, гумбазларнинг юзалари эса нақш билан безатилди.

Асрол ака мени қандилнинг алоҳида қисмлари тайёрланиш жараёнини кузатишга таклиф қилди, кейин бу қисмлардан каттакон қурилма ясалар экан. Қандилнинг кўламли асоси диадемани эслатувчи тўрсимон гулкосалар билан безатилади. Махсус чуқурчаларга гумбазсимон (баъзан қўнғироқча ёки дубулға шаклидаги) тўр қисмлар қўйилади. Асрол ака ўймакорликнинг ганчкорларда юксак санъат намунаси ҳисобланмиш жуда нозик техникасини ифтихор билан намойиш қилади. Бунинг устига, уста томонидан ишлаб чиқилган қандиллар тузилиши универсалдир. Қандилларнинг стандарт асосини ўзгартирмай туриб, у турли безак унсурлардан истаган шаклдаги қандилларни ясаши мумкин.

Юқорида зикр этилган тўрсимон деталлар қуйидагича тайёрланади: дастлаб шакл қуйилади, кейин унга парафин ва керосин аралашмасидан тайёрланган модда суртилади ва ганч хамири қопланади, ортиқча қисмлар шаклни тўлалигича такрорловчи махсус шаблон билан олиб ташланади, фақат улар орасидаги оралиқ 1-2 сантиметрни ташкил қилади (бунда деталнинг асосига темир ёки зангламайдиган сим қўйилади). Нақш чизиш ва ўйиш технологияси текис юзадаги кабидир. Ҳаво ҳароратидан келиб чиққан ҳолда ганч секинроқ ёки тезроқ қуриши мумкин. Зарур бўлганида уни сув билан намлаб турилади.

Ганч охиригача қотиб, етарли даражада мустаҳкамланганидан кейин буюм қолипдан кўчирилади.

Асрол акадан: «Ҳақиқий уста бўлиш учун неча йил кетади», деб сўраганимда, у қуйидагича жавоб берди:

- Бу кўпинча шогирднинг қобилиятига ва албатта, устага боғлиқ. Шогирд доимий равишда нақш солиш маҳоратини такомиллаштириши ва қийинчиликлардан қўрқмаслиги лозим...

1997 йили уста ҳажни адо этиш учун Маккага борган. Бу сафарда унга хотини ва қизларидан бири ҳамроҳлик қилган (устанинг икки ўғли ва уч қизи бор). Ганчкорнинг ўғиллари ҳам ота изидан борганлар. Ҳозирда улар Ўзбекистон Бадиий академиясининг аъзолари бўлиб ҳисобланадилар.

Яқинда Тошкентда устанинг ижоди ҳақида китоб босмадан чиқади, у Асрол Мухторов ҳақидаги мақолалар ва очеркларни, шунингдек, ганчкор усталар, рассомлар, санъатшунослар ва яқин дўстларнинг кўплаб тилак-истаклари ўз ичига олган. Китобда фотосуратлар ҳам бир талайгина. Асрол Мухторов профессор С. Булатов билан ҳаммуаллифликда ёзган яна бир нашр – бадиий ОЎЮ учун ганч ўймакорлиги ва наққошлик бўйича дарслик ҳам босишга тайёрланаяпти.

- Муайян маҳоратга эришганингдан кейин, охирги чегара шу бўлса керак, деб ўйлайсан, - дея хулоса қилади уста, - лекин бир ишни тугатиб, ўз ишингдан қониқиб, бошқасига киришар экансан, янги-янги ғоялар туғилаверади. Шунинг учун бунинг охири йўқ. Илалоқибат, инсон бутун умр ўқиб-ўрганиб, маҳорати ошириб борар экан, деган фикрга келдим.