20:40 msk, 17 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Парранда тумовининг шарпаси Хоразм вилояти мутасаддиларини эҳтиёт чораларини кўришга мажбур қилмоқда

23.02.2006 14:35 msk

ўз. ахб.

Хоразмдаги масъул идораларда парранда тумовига қарши кураш кучайтирилди. Бунга қўшни Туркманистоннинг уч вилоятида, хусусан Хоразмга чегарадош ҳудудларда шу касалга чалинган беморлар борлиги аниқлангани хусусидаги матбуот хабари туртки бўлган. 20 февраль куни вилоят ҳокимлигида эпидемияга қарши кураш фавқулодда комиссияси йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Республика санитария эпидемиология давлат назорати маркази ва Республика ветеринария давлат назорати бош бошқармаси ходимлари ҳам иштирок этишди.

Айни замонда вилоятда парранда тумовига қарши чора-тадбирлар мажмуаси асосида иш олиб борилмоқда. Вилоят санитария эпидемиология назорати марказида махсус штаб ташкил этилган. Касаллик чиққан давлатлардан парранда ва парранда маҳсулотлари кириб келиши таъқиқланган. Туркманистонга чегарадош марказий “Шовот” постида, Питнак шаҳрида жойлашган “Дўстлик” божхона постида, Урганч халқаро аэропортида фуқароларнинг юклари қаттиқ текширув остига олинган. Парранда маҳсулотлари кириб келишига ҳеч қандай рухсат йўқ.

Шу ердан ўтадиган транспортлар дезинфекцион тўсиқ ва тўшамалар орқали зарарсизлантирилмоқда. Урганч аэропортида ҳам келган меҳмонларни дезинфекциялаб ўтказадаган махсус трап ўрнатилган.

Вилоят ветеринария давлат назорати бошқармаси юқумли касалликларга қарши кураш гуруҳи бошлиғи Жуманазар Сапоевга кўра, бугунги кунда вилоятдаги мавжуд паррандачилик фабрикалари ёпиқ иш режимига ўтган. Четдан бирорта одам ва транспорт киритилиши таъқиқланган. Тирик паррандалар қайта текширувдан ўтгандагина сотишга рухсат берилмоқда.

«Савдо тугагач, бозорлар ҳудуди дезинфекцияланади. Бошқа вилоятлардан ветеринарлар, санитария эпидемиология назорат ходимлари касалликни олдини олиш учун ёрдамга келишган» – дейди Жуманазар Сапоев.

Унинг айтишича, бошқа вилоятлардан 30 нафар мутахассис келган. Улар вилоятдаги мутахассислар билан бирга уйларга кириб, хонадонма-хонадон тушунтириш ишларини олиб бораётирлар. Фуқаро паррандасини ёпиқ жойда сақлаши, агар ташқарига чиқарса, ёввойи паррандалар билан алоқада бўлмаслигини кузатиш билан шуғулланиши, касаллик аломатлари бўлса, дарров хабар бериши лозим.

«Республикада ёки вилоятда парранда тумовига чалинганлар борми?» деган саволимизга Ж. Сапоев «Йўқ, шу бугунгача ҳали бизда бу касаллик билан оғриган бирорта одам ёки парранда аниқлангани йўқ» – дея жавоб берди.