06:12 msk, 20 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Нима учун мусулмон мамлакатларида ҳалол демократик сайловлар радикал ташкилотлар ғалабасига олиб келади

23.02.2006 12:19 msk

Санобар Шерматова

ИСЛОМ ФАҚИРЛАР ДИНИ

Дунёнинг турли бурчакларидаги воқеалар – ХАМАС экстремистик ташкилотининг Фаластин мухториятидаги парламент сайловларида ғалаба қозониши, Шимолий Кавказдаги исломга рағбатнинг ошиши жараёни ва Ўрта Осиёнинг баъзи жойларида радикал гуруҳлар таъсирининг кучайиши – моҳиятан бир хил. Улар барчаси бир-бирига ўхшаш сабаблар туфайли юзага келган.

Фаластинликлар дунёвий альтернативага эга бўла туриб, АҚШ ва Европада террорчи дея ҳисобланувчи кишилар учун овоз берганлар. Буни улар эркин ва демократик дея тан олинган сайловлар натижасида амалга оширганлар.

Шимолий Кавказда аҳоли ҳуқуқ-тартибот органларига ҳужум қилувчи радикал кучлар яширин равишда қўллаб-қувватламоқдалар.

Қирққа яқин партия фаолият кўрсатаётган нисбатан эркин Қирғизистонда (аслида, Қирғизистонда 60 дан ортиқ сиёсий партия мавжуд – «Фарғона.Ру» АА изоҳи) таъқиқланган Ҳизбут-Таҳрир сафлари тўлиб бормоқда.

Нима учун мусулмонлар радикалларни қўллаб-қувватламоқдалар?

Ҳар бир кишининг ўз ҲАМАСи бор

«ҲАМАСнинг сайлов кампанияси учун танлаган шиори «Яҳудийларни денгизга чўктир» эмас, «Ўзгаришлар ва ислоҳотлар» сўзлари бўлди. Мен ХАМАС учун овоз берган кўпчилик фаластинликлар коррупциянинг тугатилиши, қонунчилик ва тартибнинг тикланиши ҳамда ҳақиқий ислоҳотларнинг ўтказилиши учун овоз берганлар, деб ҳисоблайман». Бу сўзлар фаластинликларга ҳайрихоҳликда аблаш қийин бўлган киши – исроиллик сиёсатчи, бўлажак парламент сайловларида Ликуд партиясидан бўлган номзод Натан Шаранскийга тегишли.

Фаластин ичида Ғарбдагидан кўра бошқачароқ бўлган стереотиплар мавжуд. Фаластинликлар бир неча йиллар мобайнида хайрия лойиҳаларини амалга ошираётган, касалхоналар ва мактаблар қураётган, ташкилотнинг ҳалок бўлган аъзолари оилаларига ёрдам бераётган ҲАМАС ҳамда коррупцияга ботган, оддий фуқаролар турмушини яхшилаш учун ҳеч қандай иш қилишни истамаётган, иқтидордаги ФАТҲдан бировини танладилар. Шаранский айтаётган парадокс (зид фикр) шундан келиб чиқади: «Фаластинликлар мухторият ичида ўтказилиши керак бўлган ислоҳотларни ишониб топширган ягона партия ўзини Исроилни йўқ қилишга бағишлаган ҳамда президент Жўрж Бушни «Худонинг душмани» ва «Ислом душмани» дея атаган террорчилик ташкилоти бўлди».

ҲАМАСнинг сайловларда ғалаба қилиш феномени – ФАТҲга ҳайрихоҳ бўлган ва эндиликда ютқазган Яқин Шарқда тинчлик ўрнатилиши жараёни ҳомийлари учунгина сабоқ эмас. Коррупция Россия учун ҳам муаммо бўлиб ҳисобланади. Яқин орада Шимолий Кавказда ҳам ҲАМАС дастурига ўхшаш шиорли гуруҳлар пайдо бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.

Чеченистондаги уруш тинчиб бораяпти. Мужодала майдони маркази Шимолий Кавказнинг бошқа нуқталарига – Доғистон, Қабардин-Болқория, Қорачой-Черкесияга кўчди.

Чеченистон мужодаласида исломдан асосан республикани Россиядан ажратишга кишиларни сафарбар қилувчи мафкура сифатида фойдаландилар. (Агар Аслан Масхадов ҳукмронлиги пайтида шариат ҳукмларини жорий қилиш бўйича қисқа муддатли ва ўхшовсиз тажрибани ҳисобга олмасак). Чеченистонликлардан фарқли ўлароқ, охирги йилларда собитлашган исломий ҳамжамиятлар ҳақиқий исломий лойиҳаларни олға сурмоқдалар: уларнинг талаблари Кавказ жамиятида шариат ҳукмлари жорий қилинишига келиб тақалмоқда. Шунга мувофиқ равишда, агар айирмачилар федераллар ҳамда уларга қўшилган чеченларга қарши турган бўлсалар, бу жамоатларнинг душмани монополияга айлантирилган ҳокимият ва маҳаллий аймоқларнинг ресурслари, фақат шундан сўнггина мазкур аймоқларга ҳавфсизлик кафолатларини берувчи Россия бўлиб ҳисобланади.

«Российское исламское наследие» ташкилоти ходимларининг фикрича, биргина Доғистонда Шимолий Кавказда жойлашган бошқа республикалардаги диний жамоатлар билан бирлашишга тайёр 14 жамоат бор. Бирлашиш жараёнига, қанчалик парадоксал бўлмасин, Россиянинг Чеченистондан кетишга мажбур қилиш учун исломий гуруҳларни қўпорувчилик ва террорчилик ҳуружларини ўтказиш каби энг муҳим вазифага сафарбар қилаётган Шамил Басаев ҳалақит бераётибди.

90-йилларда Ўзбекистонда пайдо бўлган Ҳизбут-Таҳрир радикал партияси Ўрта Осиёда муваффақият билан қўшни республикаларга ўз таъсирини ёймоқда. У қизиқ трансформацияга (ўзгариш) дучор бўлди. 90-йиллар бошида партия «сиончиларга қарши курашувчи» фаластинликлар билан бирга бўлиш чақириқлари билан чиққан эди. Бундай шиорли варақалар ҳеч қандай таассурот қолдирмасди. Халқаро ишларга қизиқиши кам бўлган маҳаллий аҳоли исроилликлар ва фаластинликларнинг чигал можаросини ўрганишни, устига устак, қандайдир намойишлар уюштиришни истамасди.

Ҳаммаси турмуш даражаси пастлаб кетганидан кейин, партия эса ўз варақаларида олисдаги сиончиларни эмас, маҳаллий ҳокимиятни фош қилишга киришганидан кейин ўзгарди. Жамиятдаги ижтимоий муаммолар кўпайгани сайин партия таъсири ҳам оша бошлади. Партия потенциалини, танланган тактиканинг самарадорлигини ташкилот демократик бўлмаса-да, Ўзбекистондагидан кўра ошкорароқ шароитда ишлаётган Қирғизистонда баҳолаш ўринли.

Тўрт йил аввал Ҳизбут-Таҳрир ўз сафига кўпроқ аёлларни жалб қилишга қарор қилган. Ҳар қандай уйга бемалол кира олиши мумкин бўлган оналар тенги йўқ ташвиқотчи бўлиб чиққанлар. Бунинг устига аёлларнинг ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга олиниши эркакларнинг ҳибсга олинишидан кўра кўпроқ аҳолининг қаттиқ норозилигига сабаб бўлган. Гарчи партия фармойишлари ўз аъзоларига «дунёвий» сайловларда иштирок этишни маън қилса-да, қирғизистонлик ҳизбчилар 2005 йилда бўлиб ўтган президентлик сайловларида «ўз» номзодларига эга бўлганлар ва ташвиқот ишларини фаол олиб борганлар. Бунинг натижасида нисбатан дунёвий Қирғизистонда мазкур партия таъсири янада ортган.

Аёлларни сиёсатга жалб қилиш тактикасидан ҲАМАС ҳам фойдаланганди: бу ташкилот рўйхатлари бўйича аҳоли орасида сайловолди ташвиқотини олиб борган ўнлаб аёллар парламентга сайланганлар. Нима учун коррупция ва бошқа иллатлар айнан мусулмон диёрларида бу каби қаттиқ қаршиликларга сабаб бўлаяпти? Қиёс учун: Шимолий Кавказ иқтисодий жиҳатдан Россиянинг энг камбағал ҳудудларидан бўлиб ҳисобланмайди. 90-йиллар охирида шариатга асосланувчи бошқарув жорий қилинган Карамахи ва Чабанмахи қишлоқлари турмуш даражасининг юқорилиги билан ажралиб турардилар. Ушбу қишлоқнинг кўпчилик эркаклари – узоқ юртларга қатновчи ҳайдовчилар, жумладан, ДАН ходимларига пора беришдан бош тортишарди. Улар ўзлари томонидан ўрнатилган шариат бошқаруви доирасида ўз талабларини амалга оширишга муваффақ бўлганлар.

Кўринишдан, бунинг сабаб мусулмонларнинг ҳокимиятга бўлган муносабатларидадир. Дейлик, Тамбов вилояти руҳонийлари ва қавми амалдорларга насоро ҳаворийларидан ўрнак олиб, оддий инсонларнинг йиғилиб қолган муаммолари ҳақида қайғуриш юзасидан кўрсатма беришларини бир тасаввур қилиб кўринг. Ғайритабиий кўринадими? Аммо мусулмон оламида худди шундай. мусулмонлар боёнлар ҳокимиятини жиловлашни истаган пайтларида мисол тариқасида ҳалифа Умар (р.а.) ҳақидаги воқеани келтирадилар. Барча мусулмонлар мўътабар сановчи бу ҳалифа (р.а.) ҳукмронлиги пайтида очлик бўлганди. Бошқа мусулмонлар каби қорни тўйиб овқатланмаган ҳалифа (р.а.) ўзини ёмон ҳис қилган. Шунда унинг яқинлари ҳалифани сақлаб қолиш учун қаердандир туя гўшти топиб, унга овқат пишириб берганлар. «Наҳот очлик барҳам топган бўлса?» - деб сўраган ҳалифа (р.а.). Бу овқат фақатгина у учун топиб келтирилганини билган Умар (р.а.): «Ҳамманинг дастурхонида гўшт пайдо бўлмагунича буни емайман», - дея овқатдан бош тортган.

У, мусулмонларнинг фикрича, замонавий ҳукмдорлар ва мансабдорлар ўрнак олиши керак бўлган намунанинг айни ўзидир. Мен ҳалифа Умар (р.а.) ҳақидаги бу воқеани Қирғизистон жанубида истиқоматда бўлган турли имомлардан эшитдим. Улар Асқар Ақаевни иқтидордан кеткизган март инқилоби нима сабабдан содир бўлганини ана шу билан изоҳлардилар. Жамиятни бою камбағалга ажратган хусусийлаштиришни юритган ҳозирги Ўрта Осиё президентлари фақат уларни у ёки бу камчиликлари учун танқид қилиши мумкин бўлган мухолиф рақиблар билангина эмас, VII ва VIII асрларда яшаган ҳалифалар билан ҳам рақобатлашишларига тўғри келади.

* * *

Мазкур мақоланинг тўла матни «Большая политика» журналининг 2006 йил 3-сонида чоп этилади. Журнал 1 мартдан бошлаб сотувга чиқарилади. Таҳририят телефони – +7-495-641-2456