19:50 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Босимларга қарамай Қирғизистонда адабиётни сиёсат билан қориштирмоқчи эмаслар

21.02.2006 13:28 msk

Алишер Соипов (Ўш)

Шоир Муҳаммад Солиҳ ижодининг Ўзбек гуманитар-педагогик институтида (ЎшДУ) ўрганилиши ҳақида ўтган ҳафта «Фарғона.Ру» «Озодлик»ка таянган ҳолда чоп этган қисқа хабар Ўшда шов-шувларга сабаб бўлмоқда. Эслатиб ўтамиз, биз ЎшДУнинг Ўзбек гуманитар-педагогик институти ўқитувчилари туркий адабиётнинг бошқа мумтоз вакиллари ижоди билан бир қаторда шоир Муҳаммад Солиҳ асарларини ҳам ўрганиш ҳақида қарор қабул қилганларини хабар қилгандик.

«Замонавий ўзбек адабиётини бу шоир ижодисиз тасаввур этиш мумкин эмас», - деб айтгандилар «Озодлик» радиоси берган интервьюларида замонавий ўзбек адабиёти ўқитувчилари Даврон Насибхонов ва Муяссар Холматова.

Салой Мадаминовнинг (адабий тахаллуси – Муҳаммад Солиҳ) китоблари Ўзбекистонда ўн йилдан буён расман таъқиқлангани сир эмас. Унинг асарлари Ўзбекистон Республикаси кутубхоналаридан олиб қўйилган, у ҳақдаги маълумот эса мактаблар ва олий ўқув юртлари дастурларидан ўчириб ташланган.

Бироқ ЎшДУдаги муҳтамал янгиликлар ҳақида айта туриб, «Фарғона.Ру» бу қизиқ ҳодисага сиёсий тус беришга уринмаган, янгилик ҳақида хабар берган Д. Насибхонов ва М. Холматовалар ўзларининг сўзларини сиёсий ҳужум ўлароқ баҳоланишини ўйламаганлар.

Бу орада, 2006 йилнинг 13 февраль куни «Фарғона.Ру»да чоп этилганидан кейин мазкур хабар Ўшдаги маҳаллий телевидение каналлари томонидан ҳам тарқатилган, уларнинг кўрсатувларини бутун Фарғона водийси, жумладан, унинг Ўзбекистон қисми ҳам томоша қилади. Эҳтимол, айнан шу ҳодиса расмий Ўзбекистоннинг салбий муносабатини юзага келтиргандир.

Ўшдаги «МезонТВ» телевидениеси журналисти Ҳулкар Исомова кечки янгиликларда «Фарғона.Ру» агентлигига таянган ҳолда ўзбек шоири ва мухолифатдаги сиёсатчи Муҳаммад Солиҳ ижоди ЎшДУнинг ЎГПИда ўрганилаётгани ҳақида хабардан иқтибос келтирганидан кейин эртасига ЎшДУ ЎГПИ директори Равшанбек Турсунов маҳаллий «ЎшТВ» каналидан мазкур хабарга раддия билдириб чиқди.

Пировардида хабарлар пайдо бўлганидан кейин ЎГПИ директори ЎшДУ ректоратига чақирилгани, етти юзга яқин ўзбекистонлик талаба ўқийдиган институтга эса Ўзбекистон ва Қирғизистон МХХ вакиллари ташриф буюрганлари маълум бўлди. Махсус хизмат вакиллари изоҳ талаб қилганлар. ЎГПИ директори Равшанбек Турсунов мужмал жавоблар билан ўзини оқлашга мажбур бўлган ва «замонавий ўзбек адабиёти дастури ҳозирча ўзгартирилмаган»ини билдирган.

Адабиётни мафкура ва сиёсат билан қориштириш ҳаракатларига нисбатан ташвиш изҳор қилароқ шуни ишонч билан айтиш мумкинки, Қирғизистонда ўзбек шоири Муҳаммад Солиҳ ижодига нисбатан на расмий ва на норасмий таъқиқнинг ўзи йўқ. Бу мамлакатда бирор-бир шоирнинг адабий асарларини ўрганишни ҳеч ким маън қилмаган, маън қилмаяпти ва умид қиламизки, келажакда ҳам маън қилмайди.

Қирғизистонда ўзбек мухолифатчисининг ижоди ўрганилаётгани ҳақидаги хабарга нисбатан расмий Тошкент муносабати Ўзбекистонда Сталин даврини ёдга солувчи сиёсий иқлим мавжудлиги ҳақида ёрқин тасаввур беради. Ўша пайтларда, ҳаммамизга маълум бўлган ўтган асрнинг ўттизинчи йилларда НКВДнинг «қора рўйхати»га буюк ўзбек шоирлари ва носирлари Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон, Усмон Носир ва бошқалар тушгандилар.

Нима учун қирғизистонлик ўзбеклар бекордан-бекорга Муҳаммад Солиҳни адабиётдан ўчириб ташлашлари керак экан?

Ўш вилоят кутубхонаси кутубхоначиси Валентина Уливановага кўра, совет замонида, масалан, Александр Солженициннинг китоблари маън қилинганди.

- Бизга асарлари китобхонларнинг кўз ўнгидан олиб қўйилиши керак бўлган муаллифларнинг рўйхатини берардилар. Лекин биз бу китобларни ҳеч қачон йўқ қилиб юбормаганмиз, шунчаки уларни кутубхона омборларида сақлаганмиз, - дейди у.

Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг «юқори»дан ҳеч қандай кўрсатма бўлмади. Жумладан, ўз ватанидан қувилган Муҳаммад Солиҳнинг китобларини ҳам ҳеч ким таъқиқлагани йўқ.

Бугунги кунда Ўш вилоят кутубхонасида Муҳаммад Солиҳнинг совет замонларида чоп этилган шеърий тўпламлари топиш мумкин. Муштарийлар бунда ўзбек тилида нашр этилган «Бешинчи фасл», «Валфажр», «Олис табассум сояси» китоблари билан, шунингдек, ўзбек мухолифатчисининг укаси, Норвегияда яшовчи Мақсуд Бекжоннинг «Мўътадил ранглар» шеърий тўплами билан танишишлари мумкин.

- Бизда Асқар Ақаевнинг китоблари ҳам ётибди. Ҳатто март инқилобидан кейин ҳам ҳеч ким уни ўқишни маън қилаётгани йўқ, - дейди кутубхоначи Орзихон Собирова.

Орзихон Собированинг ҳасрат қилишича, ҳозирги пайтда мажбурий бепул нусха ҳақидаги қонун амалда эмас, унга мувофиқ адабиётчилар ўзларининг нашр этилган асарларини кутубхоналарга совға қилишга мажбур эдилар. Совет Иттифоқи тарқаб кетганидан кейин Ўш вилоят кутубхонасининг ўзбек адабиёти фондига деярли ҳеч қандай китоб келиб тушмаган. Кутубхоначиларга кўра, ўзбек тилида чиққан ҳар қандай бадиий асарни улар катта мамнуният билан қабул қиладилар.