15:20 msk, 24 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон жануби газеталари шарҳи

12.06.2005 19:08 msk

Бахтиёр Нурмуҳаммад

“Ўш оқшоми” ("Ош Шамы", «Вечерний Ош») газетаси

Ўш шаҳри, ўзбек, қирғиз ва рус тилларида. 11.06.2005

Т. Кенжеев Жоғорқу Кенеш мамлакат Бош прокурори вазифасини бажарувчи Азимбек Бекназаровни Бош прокурор лавозимига тасдиқлаганини ёзади. 1 - бет.

Ж. Макиевнинг ёзишича, Ўш педагогика институти муаллимлари мэрия биноси олдида ўз ректорлари истефосини талаб қилиб пикет ўтказганлар. Ўш шаҳар мэри вазифасини бажарувчи Мамасодиқ Бакиров бу вазифани маориф вазирлиги ҳал қилишини билдирган.

Муаллиф К. Темишев собиқ президент Асқар Ақаевнинг 15 йиллик ҳукмдорлик даврида бир қатор ижобий ютуқлар қўлга киритилгани ҳақида ёзади. Муаллифга кўра, шу билан бирга Ақаевнинг сиёсий юмшоқлиги мамлакатдаги бир қатор салбий ўзгаришларга ҳам сабаб бўлди. Муаллиф Ақаев даврида мамлакатда коррупция кучайганини ва ташқи сиёсатда қўшнилар билан яхши муносабатлар ўрнатилмаганлигини ёзади. 3 - бет.

"Эхо Оша" газетаси

Ўш вилояти, рус тилида. 11.06.2005

Мамлакат муваққат президенти Қурманбек Бакиев 9-июнь куни мамлакат жанубидаги чегара қисмларидан бирида бўлди. Учрашув чоғида ижтимоий-иқтисодий масалалар муҳокама этилди. 1 - бет.

Александр Евграфовнинг ёзишича, Буюк Британиянинг Қозоғистон ва Қирғизистондаги элчиси Жеймс Шарп Ўш шаҳрига келган ва вилоят губернатори вазифасини бажарувчи Анвар Ортиқов билан суҳбатлашган. Журналистлар билан учрашув чоғида эса, элчи март воқеаларидан кейин вилоятдаги воқеалар билан қизиққан. Шарп Буюк Британия бундан кейин ҳам демократия ривожида Қирғизистонга кўмаклашишини билдирган. 1 - бет.

Юрист Рустам Ахматахунов мақоласида мамлакат конституциясига ўзгартиришлар киритиш халқнинг эмас, парламентнинг вазифаси экани айтилади. Конституцияси ўзгартирилмасдан келинаётган ёки умуман конституциясиз яшаётган хорижий давлатлар мисолида Ахматахунов конституция асосларини белгиловчи вақтинчалик ҳужжат қабул қилишни таклиф этади. Муаллифга кўра, референдум орқали конституциянинг қабул қилиниши нотўғри ҳолатдир. 3 - бет.

“Ўш жанириғи”

Ўш вилояти, қирғиз тилида. 11.06.2005

Ўш вилоят маъмурияти матбуот котиби Алишер Тўқсонбоев муваққат президент Қурманбек Бакиев мамлакат жанубига қилган сафарида мамлакат хазинасидан ноқонуний тарзда ишлатилган кўп миллионли маблағ уни ишлатган одамлардан ундириб олинганини айтганини ёзади. Бакиев шунингдек, қувғинга учраган депутатликка номзод, парламентнинг собиқ раиси Абдуғани Эркабоев муносиб лавозимга тайинланиши ҳақида ҳам гапирган. 1-бет.

Абдураим Асаннинг ёзишича, бош прокурор Азимбек Бекназаров мамлакат собиқ бош вазири Николай Танаев 8 йилга озодликдан маҳрум қилиниши мумкинлигини билдирган. Танаев айни пайтда Россияда яшамоқда, деб ёзади муаллиф. 1 - бет.

Асаннинг ёзишича, Қирғизистондаги АҚШ элчиси Стивен Янг ўрнини яқин кунларда АҚШ давлат котиби Кондолиза Райснинг маслаҳатчиси Мари Йованович эгаллаши мумкин. 1-бет.

9-июнь куни Қорағулжа туманида юз берган кўчки оқибатида 25 хонадон вайрон бўлган ва 12 ёшли ўсмир кўчки тагида қолиб ҳалок бўлган. 2-бет.