20:44 msk, 16 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкент марказида жойлашган очиқ осмон остидаги музейни бузиб ташлашлари мумкин

17.02.2006 16:27 msk

Сид Янишев (Тошкент)

Муаллиф фотоси

Ўзбекистоннинг 2000 йилдан ортиқроқ тарихга эга бўлган пойтахти ҳамон кўплаб сир-асрорларни ўзида яшириб келади. Шу кунларда «Фарғона.Ру» мухбирлари мутлақо тасодифан Тошкентнинг қоқ марказида – Халқлар Дўстлиги майдонида бор-йўғи уч юз метр нарида жойлашган XVII асрга дахлдор қадимги мақбараларга дуч келдилар. Устларига тош қўйилган тўрт қабр Олмазор маҳалласидаги хусусий ҳовлилардан бирида турибди.

Бунда пахса уй қолдиқларини топган ҳовли эгаси 52 ёшли Нуриддин Аҳмедовга кўра, бу қабрларда Тошкентга асос солган кишиларнинг авлодлари бўлмиш ота-боболарининг сўнгаклари ётибди. Аҳмедовнинг ўтган аср бошида яшаган бобоси Акайдинхон Акайдинов Туркистон муфтийси бўлган, у ушбу ҳовли ҳудудида жойлашган, аммо XXI асргача фақат хароба деворларигина етиб келган қадимги бино – масжидда хизмат қилган.

Нуриддин аканинг ўзи ҳозирда бу ердаги маҳалла комитетининг раис ўринбосари бўлиб ҳисобланади, бўш вақтларида эса 1990 йилда давлат миқёсида тарихий ва маданий мерос объекти ўлароқ тан олинган мазкур тарихий уйни тиклаш бўйича реставрацион ишларга раҳбарлик қилади. Аҳмедовнинг айтишича, Буюк Ипак йўли қадимда айнан унинг маҳалласидан ўтган, унинг ҳовлисидан сал нарироқда эса карвонсарой бўлган. Шу сабабли ҳам ўтган аср охирида ҳукумат маҳаллани бузиб ташламай, унга тарихий мақом беришга қарор қилган.

Бу орада Олмазор маҳалласи узра яна қора булутлар айлана бошлаган.

- Маҳалламизга қандайдир кишилар келиб, аҳолини рўйхатга ола бошладилар, - дея таъкидлайди Аҳмедов. – Маълум бўлишича, ерларимизга шаҳар ҳокимияти даъвогарлик қилаётган экан. Улар уйларимизни бузиб, ўзимизни қаёққадир Сирғалининг (Тошкентнинг чекка тумани – муаллиф изоҳи) нарисига кўчириб юбормоқчи эканлар. Биз муаммони ҳал қилиб бериш илтимоси билан президент Каримовга хат ёздик, ахир 1990 йилда айнан у киши шахсан маҳаллага келиб, бизга тегмасликни ва бу ерда музей бўлишини ваъда қилганди-да.

Аҳмедов мазкур хатни кўрсатиб, фақат имзо йиғиш қолганини айтади. У маҳаллага узоқ умр тилаб фотиҳа берган президентнинг шаҳар ҳокимияти режаларидан бехабарлигига, шунинг учун ҳам мактуб албатта унга етиб боришига ва ўз вазифасини бажаришига ишонади.

- Бошқача бўлиши мумкин эмас, - дейди Нуриддин ака қатъий. – Ахир, ўтган аср бошида ва ўртасида, маҳалламиз, хусусан, бу уй гавжум зиёратгоҳлардан бўлган: бу ерга бутун Марказий Осиёдан зиёратчилар келардилар.

Бу ер муқаддас қадамжо ҳисобланарди ва бирор дардга чалинган киши ёки ҳар қандай фақир бу уйдан паноҳ топа оларди. Бу ерга бефарзанд аёллар ва бепушт эркаклар келардилар, бу ерда бир муддат яшаб, кунларини ибодат билан ўтказардилар. Уларнинг кўплари шифо топиб кетардилар.

- Бобомнинг бошида бир туки ҳам бўлмаган бир кал киши унинг олдига келганини гапириб берганини эслайман, унинг ҳатто қошлари ва киприклари ҳам бўлмаган экан. Бу ерда бироз яшаганидан кейин унинг сочлари ўса бошлаган, - дейди Аҳмедов.

Ўтган асрнинг 30-йилларигача Олмазор маҳалласи Тошкентнинг шимолий-ғарбида жойлашган «эски шаҳар»нинг бир қисми бўлиб келган. Бироқ Сталин замонида, кейин эса Хрушев даврида бу мавзеда эски Чорсу бозоригача замонавий бинолар қурила бошлаган. Айни пайтда бир қаватли пахса уйлардан ташкил топган бутун бошли мавзелар бузилиб кетган, Олмазор маҳалласига эса тегмаганлар. Натижада бугунги кунга келиб у замонавий мегаполис ўртасида қарийб 100 гектар майдойга эга бўлган музей - эски шаҳар оролига айланган.

Совет замонидаёқ бу маҳаллада бутун республикага таниқли бўлган кишилар, масалан, бокс бўйича жаҳон чемпиони Руфат Рисқиев, ССЖИ халқ артисти Олим Хўжаевлар яшаганлар. Ҳозир бу ерда шахмат бўйича биринчи ўзбек чемпиони Рустам Қосимжонов яшайди.