23:31 msk, 15 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тожикистондаги Россия ҳарбий базаси ҳар қандай вазифани бажаришга тайёр

16.02.2006 13:10 msk

Ўз. ахб.

201-ҳарбий база командири, полковник Алексей Владимирович Завизьон ана шундай деб ҳисоблайди. Жорий йилнинг январида тайинланган базанинг янги командири билан журналист Иван Сергеев («Фарғона.Ру» учун махсус) суҳбатлашди.

Фарғона.Ру: - Алексей Владимирович, хизматга қачондан бошлаб киришганингиз ва база бажарадиган вазифалар ҳақида бироз сўзлаб берсангиз.

А. Завизьон 1965 йилнинг 13 май куни Нарва шаҳрида (Эстония) туғилган. Челябинск олий танк команда билим юртини тамомлаганидан кейин взвод командиридан Байкалорти ҳарбий округидаги иккинчи танк дивизиясида танк полки штаби бошлиғи лавозимигача бўлган вазифаларда ишлаган. 1997 йилда Малиновский номидаги Зирҳли танк қўшинлари ҳарбий академиясини олтин медаль билан битирган. 201-Россия ҳарбий базаси командири этиб тайинлангунига қадар Таманск дивизиясида штаб бошлиғи, кейин полк командири лавозимларида ишлаган, етти ой Чеченистонда хизмат қилган, 4-Гвардия Кантемир танк дивизияси штабининг бошлиғи бўлиб ишлаган. Уйланган, иккита фарзанди бор.
А.Завизьон: - Мен бу лавозимга Россия президентининг 2006 йил 3 январидаги фармони билан тайинландим. Бу фармон Мудофаа вазирлигининг 5 январдаги буйруғи билан эълон қилинган. 20 январь куни ПУрҲО қўшинлари қўмондони, армия генерали Болдирев мени шахсий таркибга таништирди ҳамда ўша кундан эътиборан базанинг қисм ва бўлинмаларига қўмондонлик қилишга киришдим. Базанинг ўзи 201-ўқчи дивизия асосида ташкил этилган ҳамда РФ Президентининг фармонига мувофиқ равишда 2005 йилнинг октябридан бошлаб бу ерда жойлашган. База ўз ичига 201-дивизия таркибига кирган қисмларни олган бўлиб, бунга қўшимча равишда унинг таркибига бир қатор янги қисмлар, бўлинмалар ва муассалар кирган. Бу авиацион қисм, шунингдек, мактаблар, болалар боғчалари, банкнинг дала бўлими, уй-жой эксплуатацияси бўлими ва бошқа бўлинмалардир.

Тожикистон Республикаси ҳудудида жойлашган ҳарбий базанинг асосий вазифаси унинг ҳудудида тинчлик ва тартибни сақлаш ҳамда Республика чегара қўшинлари ва мудофаа вазирлигига ўз вазифаларини бажаришда кўмаклашишдир. Иккинчи асосий вазифа қисм ва бўлинмаларни режали равишда ҳарбий тайёргарликдан ўтказишдир, бу ҳаётий фаолиятимизнинг асосини ташкил қилади.

Фарғона.Ру: - Яқинда Сиз Россиянинг Тожикистондаги элчиси билан учрашдингиз. У база фаолиятини юқори баҳолаб, унинг нафақат Тожикистондаги, балки бутун Марказий Осиёдаги Россия истеҳкоми бўлиб ҳисобланишини айтди.

А.Завизьон: - Ҳа, Марказий Осиё минтақасида ҳарбий базалар мавжуд, аммо ҳарбийлар миқдори, қуролланиши ва ҳарбий техникаси, ўз олдига қўйган мақсадига кўра 201-га тенг келадигани йўқ.

Фарғона.Ру: - Минтақа, халқ, Республика, жой ҳақидаги таассуротларингиз тўғрисида гапириб берсангиз.

А.Завизьон: - Дастлабки таассурот: бу ерга келаётганимда, бутунлай хароб бўлган республикага кетаётгандай эдим. Душанбеда биринчи маротаба бўлишим. Бунгача Чеченистонда хизмат қилганман. Шунинг учун ҳам бу ерда Грозний ёки Сухумидаги каби манзарани кутган эдим, аммо шаҳар тамомила бошқача экан. Душанбега келиб, унинг ажойиб, кенг ва саҳоватли, ҳарбий ҳаракатлар ва молия танқислиги туфайли бироз қаровсиз қолган шаҳар эканига амин бўлдим. Аммо шаҳар ажойиб ва жуда мурувватли, ҳамма ерда нон-туз билан кутиб олаяптилар. Одатда биз руслар дастурхонни жуда бой қилиб тузатамиз, деб ўйлаймиз, лекин мени кутиб олиш шарафига солинган бу ердаги дастурхонни бошқа ҳеч бир ерда кўрмаганман. Бизга нисбатан муносабат республика мудофаа вазиридан тортиб оддий кишиларгача жуда самимий ва яхши.

Фарғона.Ру: - Базанинг ҳарбий тайёргарлик даражасини, ҳарбий интизом аҳволини қандай баҳолайсиз?

А.Завизьон: - Ҳозирча мен фақат кўрганларим ҳақида айта оламан, холос. База бир-биридан анча олисда бўлган уч гарнизонда жойлашган. Мен фақат ҳаммаёғини ўзим айланиб чиққан Душанбе гарнизони ҳақидагина тўла айта оламан. Биз ҳарбий ва мобилизацион тайёргарлик бўйича машқлар ўтказдик, ҳужжатларни ўргандик ва ҳаказо, яъни деярли барча тадбирлар амалга ошириб бўлинди, мен ўз салафим генерал Юдинга раҳмат айтишим керак. Бир базадан иккинчисига кўчиш шароитида ҳам ҳарбий тайёргарлик қўйилган вазифаларни бажариш имконини берадиган ҳажмда сақлаб қолинган.

Фарғона.Ру: - 201-дивизиянинг ҳарбий базага айлантирилиши билан нима ўзгарди?

А.Завизьон: - Аввал айтганимдек, тузилма ва вазифалар ўзгарди. Тожикистон Республикаси расмийлари ва ташкилотларининг муносабати ўзгарди. Ахир дивизия фақат ҳарбий фаолият билан шуғулланарди, ҳарбий база вазифаларига эса сиёсий жиҳат ҳам қўшилади.

Фарғона.Ру: - Тожикистондаги ҳарбий хизматнинг спецификаси (ўзига хос жиҳати) нимада?

А.Завизьон: - Ўзига хослиги шундаки, Душанбе яқинидаги полигондан ташқари барча полигонлар тоғ полигонларидир. Текисликдан келган Приволжск-Урал ҳарбий округи шахсий таркибининг даставвал бунга кўникиши қийин. Бу ерда жуда оғир ва шароитга мослашиш қийин, шунинг учун тоғда тайёргарликдан ўтиш ҳаёт учун ўта зарур. Мудофаа вазири буйруғига мувофиқ бу ерда хизмат ўташ оғирлиги бўйича чекка Шимолга тенглаштирилган. Шу сабабли бу ерда бир зобитнинг энг кўп хизмат ўтайдиган муддати беш йилдир. Бундан ташқари, бу ерда биз ҳарбий унвон бўйича ҳам, эгаллаган лавозимимиз бўйича ҳам икки баробар кўп ҳақ оламиз.

Фарғона.Ру: - Сизнинг Тожикистон Республикаси сиёсий ва ҳарбий раҳбарияти билан бўлган ҳамкорлигингиз қандай кечаяпти?

А.Завизьон: - 20 январдан бошлаб мен тўрт марта мамлакат мудофаа вазири билан учрашдим, унинг халқаро ҳарбий ҳамкорлик бўйича вакили билан ҳар куни мулоқотда бўламан. Тожикистоннинг қурилиш ишлари бўйича бош вазир ўринбосари билан тўрт бор мулоқотда бўлдим. Маълумки, ҳозирда қисмларимиз Душанбенинг марказий қисмидан Тожикистон пойтахтига яқин жойга – Гипрозем посёлкасига кўчирилганлар. Аммо объектларнинг бир қисми эски жойида турибди, шунинг учун ҳозир буларнинг ҳаммасини ТР сиёсий ва ҳарбий ҳокимияти билан жуда тиғиз алоқада бўлиб мувофиқлаштириш керак. 2007 йилнинг охирига келиб база тўлалигича Гипрозем посёлкасига кўчиши керак.