12:39 msk, 22 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон жанубида ҳар ўн ажралишдан еттитаси «эл урф-одати» бўйича қиз ўғирланган оилаларга тўғри келади

15.02.2006 17:02 msk

Зарипа Пратова (Жалолобод)

Статистиканинг гувоҳлик беришича, Қирғизистон жанубидаги ҳар ўн ажралишдан еттитаси қиз ўғирлаш урф-одатига асосланган оилаларга тўғри келади. Бу ҳар йили минглаб ёш йигит ва қизларнинг оилавий бахтга эришолмай, биргаликда турмуш кечиришдан воз кечаётганларидан далолат беради. «Соғлом авлод» жамоатчилик ташкилоти директори Айсулуу Канназаровага кўра, бу каби ажралишлар ёш аёлнинг руҳиятини синдиради ва ҳаётини барбод этади, уларни ёлғиз аёлларга айлантириб, келажакда бахтли оила қуриш ҳуқуқидан деярли маҳрум қилади. Мисол тариқасида Канназарова Жалолобод вилоятидаги қишлоқлардан бирида истиқомат қилувчи Э. исмли аёл билан боғлиқ воқеани келтиради. Уни ўғирлаб кетганларида Э. эндигина мактабни битирган 17 ёшли қиз бўлган. У куёвни биринчи маротаба ўғирлик содир этилган куни кўрган. Кейин улар яшаб кетолмаганлар ва икки ойдан кейин ажралганлар. Бу вақтга келиб Э. фарзанд кутаётган эди. Ҳозирда унинг ўғли икки ёшга тўлган, боланинг ўсишида жисмоний нуқсонлар кузатилади. Она ижарага олинган уйларга пул тўлаш учун энг кам ҳақ тўланадиган ишларга жойлашишига тўғри келаяпти: ота-онаси унинг уйига қайтишига рухсат бермаганлар.

Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидаги энг «инқилобий», энг илғордай кўринган, қиз ўғирлаш оммавий характерга эга бўлган Ахси туманида ўтказилган тадқиқот натижалари ўттиз бешта ёш аёлнинг йигирма олтитаси ўзини ўғирлаган эркакларни аввал учратмаганларини кўрсатди. Атиги олти аёлгина ўзини ўғирлаган эркакларни аввалдан таниганлар ва улар билан бир неча бор учрашганлар, учта респондент аёл уларни ўғирлаган эркаклар истиқомат қилган қишлоқдан бўлганлар. Аёлларнинг ҳаммалари ўрта маълумотли бўлганлар ва келажакда олий ўқув юртларида ўқишни давом эттириш имкониятига эга бўлганлар, аммо эркак оиласининг молиявий аҳволи ўқишга пул тўлашга имкон бермаганидан ўқишдан воз кечишга мажбур бўлганлар. «Шарқда аёл киши, ҳатто у ўқимишли ва ўжар бўлса ҳам, балоғатга етганидан кейин эркин ишлай ва яшай олмайди, чунки кўпчилик ҳали ҳам эскича қарашларга мойил», - дейди Ахси туманининг тоғли қишлоқларидан бирида бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлайдиган 21 ёшли Жибек. У ҳам ўқишини тугатиб, ҳам фарзандлар кўриб, оиласини сақлаб қолиш бахтига муяссар бўлган оз сонли қишлоқлик аёллардан бўлиб ҳисобланади. Аммо у ҳам бошқа йигитни севарди ва қўшиқчи бўлишни орзу қиларди.

Тажриба шуни кўрсатадики, аёл тақдирга тан бериб, «никоҳнинг юзи иссиқ» қабилида иш кўрган жойларда ҳам аҳвол яхши эмас. Турмушга чиққанига уч йил бўлган уй бекаси, 20 ёшли Сайранинг айтишича, у она сифатида бахтли, аммо аёл сифатида бахтли эмас. «Мен бахт фақат фарзандни деб яшашда эмас, оилада илиқ ва дўстона муносабат, севикли кишининг ғамхўрлиги мавжуд бўлишида деб биламан». Тадқиқотлар ёшларнинг ушбу муаммога нисбатан муносабати мазкур урф-одат фойдасига бўлмаётганини кўрсатмоқда. Кўпчилик ёшлар ўзлари қиз ўғирланишининг гувоҳи ёки иштирокчиси бўлганларидан кейин бунга нисбатан ўз фикрларини ўзгартирганлар. Жалолободдаги университетнинг иккинчи босқич толибаси Фарида ўз дугонасининг ўғирланишига гувоҳ бўлган. Улар битта курсда ўқирдилар ва ҳар иккала қизнинг ҳам келажакда муваффақиятга эришиши учун яхши имкониятлари бор эди. Лекин «режада бўлмаган» турмушга чиқиш туфайли унинг дугонаси ўз режаларидан воз кечишига тўғри келган. «Бу мен учун худди кинодагидай романтикага тўлиқ эди. Аммо дугонамнинг ўғирланишига гувоҳ бўлганимдан кейин мен аҳволнинг бутун даҳшатини ҳис қилдим. Бу воқеа менинг ҳам бошимдан кечишини истамасдим», - дейди Фарида.

Бироқ жамиятда ушбу ҳодисага нисбатан муносабат икки хиллигича қолмоқда: баъзилар буни миллий анъана, уни сақлаб қолиш ва унга риоя қилиш керак, деб ҳисобласалар, бошқалар қиз ўғирлаш одати демократия ва инсон ҳуқуқлари тамойилларига зид келади, деб ўйлайдилар.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг фикрича, одатдаги Ўрта Осиё жамиятида жамоатчилик фикрининг ҳали ҳам таъсири кучли. «Справедливость» вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти ходими А. Шариповга кўра, қиз ўғирлаш қурбонлари ва уларнинг яқинлари уларга ёрдам сўраб мурожаат қилмайдилар. Ёшлар ҳуқуқ-тартибот органларига ҳам мурожаат қилмайдилар. «Бу муаммо йўқлигини кўрсатмайди, шунчаки одамлар бу ҳақда гапиришдан уяладилар», - деб ҳисоблайди Шарипов.

Тарихан ушбу урф-одатнинг юзага келишида қирғиз жамиятидаги иқтисодиёт, ҳуқуқий онг даражаси ва гендер муносабатлари катта роль ўйнаган. Нима бўлганда ҳам қиз ўғирлаш одатининг юзага келишига ва тарқалишига олиб келган дастлабки омиллар анча ўзгарди. Аммо бу ҳолат бугунги кунда этник қирғизларнинг инсон қадрини топтайдиган мазкур урф-одатни амалиётда фаол қўллашларига ҳалақит бераётгани йўқ.

Бу жиҳатдан мамлакат жанубидаги талаба ёшлар (улар орасида кичик сўров ўтказилганди) бир хил жавоб қилганлар: «Бизнинг ғарб қадриятларига етишимизга ҳали анча бор, бизга ёққани билан уларни тўлалигича қабул қилишни истамаяпмиз...»