14:48 msk, 26 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Зилзилани оператив равишда олдиндан айтиб бериш мумкин эмас. Умуман бунинг кераги борми?

15.02.2006 11:43 msk

Юрий Земмель

Зилзила бўлиши кутилмоқда

«Ерости бўронларини» улар пайдо бўлишидан бир неча ой олдин айтиб бериш вазифасиЎзбекистон сейсмология институти олимлари томонидан муваффақиятли ҳал қилинди». Яқинда Тошкентдан ана шундай хабар келди (Фарғона.Ру, 16.01.06). Сейсмологик башоратлар соҳасидаги ютуқлар ҳақидаги хабар кўпчиликнинг эътиборини тортмаган бўлса керак, бироқ бир ой ҳам ўтмай туриб, Ўзбекистон пойтахтида шитоб билан ёйилиб кетган Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидаги ер силкинишлари тўғрисидаги миш-мишлар (шунингдек Фарғона водийсида, хусусан Андижонда ҳам. – «Фарғона.Ру»), зилзилалар ҳақида жуда яхши билган катта шаҳарлар аҳолисини жуда хавотирли соатларни бошдан кечиришга мажбур қилди.

Шов-шув амалга ошмади

Аввалдан айтиб ўтиш керакки, республика сейсмологларининг ютуқлари тўғрисидаги биринчи хабар қандайдир шов-шув ёки янгилик бўлишга даъвогарлик қилолмасди. Ахир ана шу хабарнинг ўзида кашфиёт 1966 йилда Тошкентда юз берган кучли зилзиладаги маълумотларга таяниб қилингани айтилган бўлиб, унда ерости силкинишларидан олдин артезиан қудуқларидаги сувнинг кимёвий таркиби ўзгаргани кузатилган. Яъни гап ер силкинишлари хабарчиларининг бири тўғрисидагина бормоқдаки, ҳозир улардан бир неча ўнтаси аниқланган.

Ерости сувларининг аномал минераллашишидан ташқари бу рўйхатга ана шу сув мавжуд бўлган қатламлар таркибида радон моддасининг ошиб кетиши, магнит майдонларининг кескин ўзгариши, ер устининг айрим жойларидаги кўтарилиш, ўпирилиб тушиб қолиш ва ҳатто ионосферадаги ўзгаришлар ҳам бор. Кўпдан буён маълумки, зилзила олдидан қудуқларнинг суви қуриб қолади, ҳайвонлар ҳам тинчсизлана бошлайдилар. Бироқ - ва бу сейсмологларга яхши маълум – бир ёки ҳатто бир неча белгиларга таяниб ҳам яқинлашаётган ерости силкинишларининг вақти, кучи ва ўрнини чамалаб ҳам айтиб бериш мумкин эмас.

Азалдан Тошкентда кучли зилзила бўлиши ҳақидаги «башорат» ҳам шубҳали эди. Ҳеч бўлмаганда огоҳлантиришнинг Озарбайжондан келгани ва шу вақтнинг ўзида ҳеч қандай маҳаллий белгиларнинг бўлмагани сабабли ҳам. Ахир Ўзбекистон ва қўшни Тожикистон сейсмологлари совет давридан тортиб зилзилаларни олдиндан айтиш масаласида доимий равишда мақсадли ҳаракат қилиб келишган. Тадқиқотчиларга кўпинча бу оғир вазифанинг ҳал бўлиши яна бир белгининг топилиши билан осонгина ечиладигандек кўринарди, бироқ тажриба шуни кўрсатдики, муваффақият фақат табиий ҳодисаларни ўрганиш натижаларигагина боғлиқ эмас экан. Ана шу хулосадан кейин узоқ муддатга мўлжалланган сейсмобашорат пайдо бўлиб, сейсмик ҳудудлаштириш хариталари тузилди. Бу хариталар яқин йил ва ўн йиллар ичида бўлиши мумкин бўлган зилзилалар ҳақида маълумот бериб, бу маълумотлар юқори сейсмик хавф бор жойларда ҳар қандай иншоотларни қуришда ҳисобга олинарди.

Башорат ўрнига тилхат

Шундай қилиб, сейсмологлар зилзилаларни ўн йилча олдиндан айтиб беришни ўрганиб олдилар, дейлик. Бироқ ҳозиргача қаерда, қачон, қандай куч билан деган саволларга жавоб бера оладиган башоратни ҳеч ким бера олмайди. Бунда ҳар хил тасодифий тўғри келиб қолишлар бўлиши мумкин. Ана шунга ўхшаш бир қизиқ воқеани менга тожик сейсмологи Собит Неъматуллаев айтиб берган эди.

У Тожикистонда Сейсмоустувор қурилиш ва сейсмология институтини бошқариб турган пайтда уни республика Марказий Қўмитасининг биринчи котиби чақириб қолади. Олимга бир савол берилади: у яқинда республикада даҳшатли зилзила бўлади деб ҳисоблайдими? Маълум бўлишича, бу башорат москвалик сейсмологлар томонидан берилган экан.

Собит Неъматуллаев дарров тушунганки, бундай башоратлар қилиш осон эмаслигини тушунириш мақсадида маърузалар ўқишдан фойда йўқ ва у маслаҳатлашиб олиш учун вақт сўрайди. У ҳамкасблари билан боғланганда улар бу борада ҳеч қандай белгилар кўринмаганини айтишади. Неъматуллаев маълум жавобгарликни бўйнига олиб, яқин кунларда республикада бундай зилзилалар бўлиши кутилмайди деб айтади. Оғзаки айтилган гаплар камлик қилгач, раҳбарлар талабига кўра олим бу ҳақда тилхат ёзиб беради. Ана шундай кейин Неъматуллаев бир неча кун давомида шундай ер силкинишлари бўлиб кетмасмикин, деган хавотирда вақт ўтказади. Унинг бахтига москвалик башоратчиларнинг айтганлари амалга ошмади ва бу воқеа «ерости бўронларини» олдиндан айтиб бериш осон иш эмаслигини яна бир бор исботлади.

Агар тўр ташланса

Қандайдир узоқ келажакда эмас, айнан ҳозир аниқ сейсмологик башоратга эга бўлиш мумкинми?

Мен бу саволни ўтган асрнинг 70-йилларида шу соҳадаги таниқли олим бўлган Игорь Нерсесовга бергандим. Олим бугунгача олинган маълумотларга таяниб айтдики, бундай башорат муҳандислик вазифаларини ҳал қилиш натижасида амалга ошиши мумкин. Унинг фикрини бошқа тожикистонлик олимлар тасдиқлашган. Улар қуйидаги ҳаракатлар дастурини таклиф қилишади. Сейсмик фаол зонада сейсмик станциялар тармоғи яратилади. Жумладан, автоном тарзда ҳам ишлайдиган станциялар ўрнатилади. Барча тушган маълумотлар алоҳида марказга келиб тушади ва ишланади. Кейин улар аввал бўлиб ўтган ер силкинишлари ҳақидаги маълумотар билан солиштирилади. Умуман олганда, зилзилаларга олиб келувчи ерости жараёнлари ерости қатламларида жуда секин юз беради. Бир кун келиб катта зилзилага олиб келиши мумкин бўлган куч еростида йиллар давомида тўпланади. Бу нарса анча чуқур қатламлар, гипомарказларда юз беради. Сайёранинг уст қисмида эса бу марказ атрофида ўзига хос белгилар пайдо бўлади.

Олдиндан айтиш мумкин, бироқ…

Бундай тизимни яратиш ўта қиммат турадиган иш ва ҳамма мамлакатнинг қўлидан келавермайди. Бироқ бу ягона сабаб эмас. Баъзи мамлакатлар ўз ҳудудида ерости қатламларидаги жараёнларининг, атроф муҳитнинг доимий равишда текширилиб турилишини истамайдилар. Фараз қилайликки, ана шундай тармоқ тузилди. Бу система жуда яхши ишлаб, олимлар бир-икки ер силкинишини олдиндан аниқ айтиб бердилар ҳам дейлик. Лекин вақти келиб бу система яқинлашиб келаётган кучли табиий офатни олдиндан айтиб берди, деб фараз қилиб кўрайлик. Табиийки, бу маълумотлар юқорига, ҳукумат идораларига берилади. Кейин ҳукумат амалдорлари минглаб одамларни кўрсатилган зонадан кўчириш тўғрисида қарор қабул қилишлари керак. Олдиндан электр, газ ва сув магистралларини ўчириб, касалхоналарда жойлар тайёрлаб, мана шунга ўхшаш кўплаб тадбирларни ўтказиш керак. Ана шундай ҳолатлар учун тайёрлаган улкан механизмни ишга тушириш керак. Олдини олиб бўлмайдиган ваҳимани сал камайтириш чораларини топиш керак…

Лекин даҳшатли зилзила юз бериши керак бўлган ана шу вақт етиб келгач, ана шундай ҳам бўлсин, лекин башорат қилинганидан кўра сал бошқачароқ - катта бир силкиниш ўрнига бир неча жойда кучсизроқ, унча даҳшатли бўлмаган силкинишлар юз берсачи? Бунгача олиб борилган тадбирлар натижасида бюджетда катта тешик пайдо бўлади, кўплаб одамларнинг ҳаёти издан чиқади, ва бунинг учундир кимдир жавоб бериши керак.

Шундай бўлгач, ҳозирча ана шундай башоратнинг кераги йўқдир? Балки эскиларга ўхшаб, кофе кўпигига қараб фол очиб, «бўлса бўлади, бўлмаса йўқ» қабилида иш тутган афзалдир? Бу саволларга ҳозир ҳеч ким жавоб беролмайди.

Юрий Земмель, Марказий Осий минтақаси муаммолари бўйича эксперт (ГФР).