08:27 msk, 20 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Бишкек прокуратураси оммавий ахборот воситаларини яна бир бор огоҳлантирди

15.02.2006 11:24 msk

Интерньюс-Қирғизистон

Бишкек прокуратураси маҳаллий оммавий ахборот воситасига навбатдаги огоҳлантириш йўллади. Бу сафар НТС телекомпанияси огоҳлинтириш олди. Телекомпания 10 февраль куни эфирга узатган янгилик прокурор огоҳлантириши учун сабаб бўлди. Бишкек шаҳар прокурорининг ўринбосари Р. Маженов огоҳлантиришга қўл қўйган. Янгиликларда «гўёки студияга жой-жойларда президент маъмурияти томонидан президентни қўллаб-қувватлаш ва республика парламенти раиси Ў. Текебаевни айблаб кампаниялар ташкил қилинаётгани ҳақида фуқаролардан қўнғироқлар бўлаётгани” айтилади. Бунинг исботи сифатида Ўш шаҳрида яшовчи А. Ўрўзова ва давлат маъмуриятининг номаълум ходими билан бўлган телефон суҳбати эшиттирилган. Суҳбат давомида давлат структураларига тегишли умумий йиғилишлар ва митингларни ўтказиш тўғрисида кўрсатмалар берилгани айтилади.

Бишкек прокуратурасига кўра, НТС бу дастурда «тўғрилиги аввалдан текширилмаган, қандайдир фактлар ёки далиллар билан тасдиқланмаган материаллардан фойдаланиб» оммавий ахборот воситалари ҳақидаги қонунчиликни бузган. Прокуратура шуни маълум қиладики, оммавий ахборот воситалари фуқаровий ва миллий этикага зид бўлган материалларни тарқатишга, шахс обрўсини тўкиш, «ёлғонлиги аввалдан маълум бўлган» маълумотларни тарқатишга йўл қўймасликлари керак. Прокуратура бу талабларни бузиш «асоссиз равишда ҳокимиятнинг обрўсига путур етказади ва бу жамиятда ижтимоий кескинликни келтириб чиқаради, мамлакатдаги бутун ижтиомий-сиёсий вазиятга салбий таъсир қилади» деб ҳисоблайди.

Мана шуларнинг ҳаммаси прокуратура томонидан НТС телекомпаниясига огоҳлантириш бериш учун асос бўлган. Агар бу ҳуқуқбузарликлар яна қайталанса, деб маълум қилади прокуратура, «қонунда кўрсатилган чоралар кўрилиши мумкин».

«НТС» раҳбарияти янгиликларда ҳеч қандай қонунбузарлик бўлмаган деб ҳисоблайди. Прокуратура огоҳлантируви каналда хотиржам қабул қилинди. Телекомпаниянинг бош директори О. Малеваная «прокуратура ходимлари орасида канал янгиликларини эътибор билан кузатиб борадиган ва бизнинг янгиликларимизда айтилган гапларни сўзма-сўз такрорлай оладиган «мухлислар»нинг борлиги жуда ёқимли бўлганини» билдирди.

«Қирғизистон Республикаси прокуратураси ҳақида»ги қонуннинг 15-моддасига биноан Қирғизистон бош прокуратураси ва унга бўйсунган прокурорлар «ҳар қандай қонун бузилиши ва ана шунга олиб келиши мумкин бўлган барча ҳолатларни вақтида аниқлаб, бузилган ҳуқуқларнинг тикланишини таъминлаш мақсадида» барча органлар, ташкилотлар ва шахслар томонидан қонунларнинг бажарилишини назорат қиладилар.

Прокурор томонидан қонуннинг бузилишига нисбатан кўрилувчи чоралардан бири қонун бузилишига йўл қўймаслик ҳақидаги огоҳлантириш бўлиб, у «қонунга зид ҳаракатлар тайёрланаётгани тўғрисида етарли даражада маълумотлар бўлган ҳолларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида» прокурор томонидан лавозим эгаси ёки шахсга ёзма равишда эълон қилинади («Қирғизисон Республикаси прокуратураси ҳақида»ги қонуннинг 15-моддаси).

Маҳаллий юристларнинг изоҳларига кўра, қонун аниқ бузилган ҳолдагина прокурор огоҳлантириш бериши мумкин. Юқоридаги огоҳлантириш аниқ асосга эга эмас. НТС «ёлғонлиги олдиндан аниқ бўлган» маълумотни тарқатяпти, деб таъкидлар экан, Бишкек прокурори ўринбосари ўз ваколатларини ошириб юборган ҳолда суд органлари ўрнига хулосалар чиқариб қўймоқда, - деб ҳисоблайди юристлар.

Эслатиб ўтамиз, январь ойининг ўрталарида Бишкек шаҳри прокурори томонидан бир қатор журналистлар ва айрим сиёсий арбобларга нисбатан ана шундай огоҳлантириш эълон қилган эди.