22:42 msk, 17 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Бишкек яқинидаги Орловка қишлоғи аҳолиси ҳар куни чиқиндилар ичидан кремний изламоқда

14.02.2006 14:34 msk

Х. Валидов

«Фарғона.Ру»нинг махсус мухбири Холид Валидов берган хабарга кўра, Чуй вилоятининг Кемин туманига қарашли Орловка қишлоғида уран қолдиқлари сақланувчи ҳандақлар аҳоли томонидан очила бошланган. Орловка қишлоғининг мингдан ортиқ аҳолиси ҳар куни чиқиндилар ичидан кремний изламоқда. Гувоҳларнинг гапларига қараганда, бу иш икки ойдан буён давом этмоқда.

Ҳандақ совет давридаёқ, тоғ-кон комбинати ёпилгач бекитиб ташланган эди. «Қора қазувчилар», ёки Қирғизистонда номланганидек «ҳиндулар» ҳар дақиқа сайин ўзларини соатига 400 рентгендан кўпроқ нурланиш хавфи остига қўймоқдаларки, бу рухсат этилган нормадан 10 марта кўпдир. Маҳаллий аҳолининг сўзларига қараганда, ҳозирдан қазувчиларнинг юзларида яралар пайдо бўла бошлаган. Улар орасида мактаб ёшидаги болалар жуда кўп. Радиацион нурланишдан ташқари қазувчиларга ўпка силига чалиниш хавфи ҳам таҳдид солмоқда. Сабаби, баъзи маълумотларга кўра, бу ерга маҳаллий сил касалликлари шифохонаси ҳам чиқиндиларни ташлаб келган.

Орловка қишлоғи Бишкекдан Иссиқкўлга олиб борувчи автотрассадан бир неча чақирим нарида жойлашган.

Агар бу қазишлар тўхтатилмаса, ерлар қуригач, Иссиқкўлга дам олишга кетаётганларни заҳарлаган ҳолда, шамол радиоактив чангларни ўнлаб чақиримга учириб кетади.

Маҳаллий аҳолининг гапларига қараганда, ҳокимиятдагилар бу ҳолатдан хабардорлар. Туман раҳбарияти маҳаллий ишбилармонлардан бирига уран қолдиқлари ҳандағида кремний қазиб олиш учун рухсатнома берган. Ишбилармон ва қазувчилар ўртасидаги меҳнат шартномасига кўра, қишлоқликлар қазилган кремнийни фақат шу ишбилармонга ҳар килосини 10 доллардан сотишлари керак. Бишкекда эса кремнийнинг бир килоси 55 доллар туради.

Одамлар кремнийни бошқа ёққа олиб чиқиб сотмаслиги учун ҳандақ ҳудуди милиция томонидан қўриқланади. Милиционерлар бу ишлари учун уларга ким ҳақ тўлашини айтишдан бош тортдилар.

Маҳаллий ўзини ўзи бошқарув бошлиғи исмини маълум қилмаслигимизни илтимос қилди, лекин унинг шахсан ўзи бу ҳандақдаги қазув ишларига қарши эканини маълум қилди. Бироқ унинг сўзларига қараганда, ҳеч ким унга қулоқ солишни истамайди: «мен шахсан ҳамма жойларга одамларга радиация таҳдид солаётганини айтиб, варақалар илиб ташладим, бироқ ҳеч ким менга қулоқ солмаяпти».

Кремнийни топширишдан тушган пулни кўпчилик ичкиликка сарфлайди.

«Кремний ковлаб олдингми, сотиб ич, ичиб олдингми, яна ковла» қабилида айлана ҳаракат юзага келган. Нодавлат ташкилотлар бу тўғрида бонг урмоқда, бироқ ҳокимият бу фактга сира эътибор бермаяпти.

Ҳандақ яқинида ароқ савдоси қизиган
Ҳандақ яқинида ароқ савдоси қизиган