16:12 msk, 18 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда ўтказилган бир ижтимоий тадқиқот изидан

12.02.2006 15:28 msk

Бахтиёр Рашидов (Тошкент)

ЎЗБЕКОНА СТАТИСТИКА

Бир қараганда, ҳамма нарса «яхши» экани маълум Ўзбекистонда яқинда ўтказилган зерикарли ижтимоий тадқиқотдан нимани ҳам олса бўларди, дерсиз. Лекин агар уни яхшироқ ўқисангиз, кўп нарса маълум бўлади.

REGNUM Россия ахборот агентлигининг Интернет-сайти 2006 йилнинг 21 январида маълум қилдики, (сўзма-сўз келтираман): «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази «Евроосиё тадқиқотлари институти» фондининг буюртмасига биноан 2005 йилнинг декабри ва 2006 йилнинг январида Ўзбекистон фуқаролари ўртасида сўров ўтказди (сўров Қорақалпоғистон Республикасида, мамлакатдаги 12 вилоятнинг барчасида ва Тошкент шаҳрида ўтказилди. Сўровда жинси, ёши, яшаган жойи ва қилаётган иши ҳисобга олинган ҳолда умумий ҳисобда 1749 киши иштирок этди)».

Биринчидан, сўровда иштирок этганларнинг у ёки бу саволга жавоб беришдаги якдиллигини кўрсатиб ўтгимиз келади. Энди Америка «ёмон», Россия «яхши» бўлиб қолибди. Ҳаммаси расмий Тошкентнинг ташқи сиёсатдаги йўналиши руҳида. Шахсий фикр, дейсизми?... Нима деяпсиз, Худо сақласин!... Мақсадли тадбирлар воситасида одамларнинг мустақил фикрлашга бўлган қобилиятларини йўққа чиқаришмоқда.

Бу вазият бир латифада жуда яхши акс этган.

Чет элликлар рус тилини ўрганишмоқда.

Ўқитувчи: - Бу столми? Талабалар: - Ҳа, бу стол.

Ўқитувчи: - Бу стулми? Талабалар: - Ҳа, бу стул.

Ўқитувчи: - Бу нима? Талабалар: - Ҳа, бу нима...

Иккинчидан, тадқиқотлар натижаси объектив экани шубҳа туғдиради. Албатта, пулини тўлаган мусиқа буюради. Бу ерда айтиб ўтиш керакки, қанчалик ғалати бўлмасин, расмий Тошкентнинг сиёсатини Россиянинг расмий ҳокимиятигина эмас, Россия экспертлар жамиятини ҳам қўлламоқда (ҳозирда Россия экспертларининг Кремль томонидан бошқарилиши маълум бўлса ҳам). Тадқиқотларнинг бошқа натижалари уларни қизиқтирмайди. Ўзбек расмий доиралари томонидан эса бу худди Андижон воқеаларидан кейинги қўллов учун Россияга бўлган қарзни жарангдор тангалар билан тўлаб қўйишга уринишдек кўринади.

Сўров натижалари жуда қизиқ.

Аҳолининг 86, 9 фоизи Ўзбекистоннинг Россия билан сиёсий ҳамкорлигини қўллайди, 83, 9 фоизи икки давлатнинг яқин иқтисодий ҳамкорлик қилиши тарафдори, 88, 3 фоизи мудофаа соҳасида ҳам Ўзбекистон Россия билан яқин ҳамкорлик қилиши лозим деб ҳисоблайди. Сўровда қатнашганларнинг 80, 1 фоизи Ўзбекистон терроризм ва диний экстремизмга қарши курашда Россия билан янада яқинроқ алоқада ҳамкорлик қилиши керак, деб ҳисоблайди.

Бу ерда аниқ бир хулосани айтиш мумкин: ё сўровда иштирок этганларнинг кўпчилиги Ўзбекистон раҳбарияти билан биргаликда ўзларининг ташқи сиёсат борасидаги фикрларида кескин бурилиш қилганлар, ёки америкаликларни кўкларга кўтарган вақтларида улар ўз нуқтаи-назарлари жиҳатидан Ўзбекистон расмий ҳокимиятига нисбатан мухолифатда бўлганлар.

Учинчидан, сўровда иштирок этиш учун ўзбек жамиятининг миллий зиёлилар, сиёсий фаол ва интеллекти жиҳатидан юқори бўлган одамлар қатнашмаган маълум қатлами атайлабдан танлаб олингандек кўринади. Ўзингиз қараб кўринг (сўзма-сўз келтираман): сўровда иштирок этганларнинг 48, 7 фоизи тўлиқ ўрта маълумотга эга, 18, 5 фоизи олий маълумотли. 24, 6 фоизи ўрта махсус билимга эга. Сўров иштирокчиларининг 52,4 фоизи қишлоқ жойларда яшаса, 21,2 фоизи вилоят марказида, 8,3 фоизи Тошкентда яшайди. Шундай қилиб, ўрта статистик одам – бу олий маълумотга эга бўлмаган, қишлоқда яшовчи одам. Бу колхозчи, механизатор ёки ўзининг кундалик турмуш ташвишлари билан юрган майда хусусий мулк эгаси. Ёки бўлмаса, ҳали ҳаёт ҳақидаги тушунчалари тўла шаклланиб улгурмаган (бу ерда ёшларнинг сиёсий дунёқарашлари ҳақида гап ҳам йўқ), бироқ мактабда уларнинг мияларига қуйилган Темурийлар буюк салтанатиг тутган сиёсатнинг тўғрилигини тўла ўзлаштириб олган (бу йўналишнинг бир неча йил давомида бир неча бор, бўлганда ҳам 180 даражага бурилгани мактаб дарсликлари муаллифларини хижолат қилмаса керак) «кечаги» мактаб битирувчиси. Тадқиқотчилар чамаси одамларнинг бу тоифаси Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатига ҳеч қандай таъсир ўтказмаслигини билишмайди, шекилли. Шундай бўлгач, уларни сўров қилишнинг нима кераги бор эди? Ўзбекистондаги аҳолининг кўпчилигини ёшлар ва қишлоқ аҳолиси ташкил қилади, деган эътирозларнинг бўлиши мумкинлигини олдиндан билиб жавоб бераман: биринчидан, ўртача маълумотга эга бўлган одамлар орасида устувор сиёсий онги шакллангани камдан кам учрайди. Иккинчидан, Шарқда ҳамиша куч ҳокимияти ва пул ҳокимияти қадрланиб келган. Бу ҳокимият эса умуман бошқа одамларнинг қўлида. Ана ўша одамларни сўров қилиш керак эди.

Яхши, сўровда иштирок этган одамларнинг сиёсат борасида қандайдир ўзлари ёқлаган фикрлари бор, деб фараз қилайлик. Бироқ бу фикрлар Ўзбекистон расмий оммавий ахборот воситалари томонидан ўтказилаётган фикрлардан бошқача бўлиши мумкин эмас. Сабаби, ўзларининг моддий ҳолатларига кўра қишлоқ аҳолисининг кўпчилиги на сунъий йўлдош телевидениесини кўра ва на Интернетдан фойдалана олади. Бу ҳақда сўров пайтида уларнинг ўзлари ҳам айтганлар (сўзма-сўз келтираман): «Ўзбекистон фуқароларининг кўпчилиги – 84,8 фоизи – энг муҳим сиёсий маълумотларни телевидение орқали оладилар. Сўровда иштирок этганларнинг 29,2 фоизи учун матбуот асосий сиёсий маълумотлар манбаси ҳисобланади. 15,9 фоизи сиёсий маълумотларни радио орқали олишади, 15,4 фоизи қариндош-уруғларидан ва танишларидан, 2,3 фоизи Интернетдан олади». Расмий ўзбек оммавий ахборот воситаларининг қанчалик «ширин» маълумотларни бериши, менимча барчага маълум бўлса керак. «Жаннатга тушишни истасанг, Ўзбекистон телевидениесини томоша қил», деб бекорга айтишмайди.

Келинглар, энди бу сўров жараёнида олинган статистикани ўқиб, биргаликда кулишиб олайлик. Тадқиқотчилар йўл қўйган энг катта «қовун тушириш»дан бошлаймиз. Икки хулосани солиштириб кўрайлик:

1) «…49,4 фоизи ҳокимият томонидан олиб борилаётган ташқи сиёсатни мустақил ва қандайдир бошқа давлатнинг таъсири остида эмас, деб ҳисоблайдилар…»

2) «сўралганларнинг 63,7 фоизининг фикри бўйича, ички ва ташқи сиёсат борасида Ўзбекистонга Россия энг кучли таъсир ўтказади».

Чамаси, сўровда иштирок этганларнинг 14,3 фоизида (49,4 фоиз билан 63,7 фоиз ўртасидаги фарқ) сўров пайтида сиёсий онг иккига ажралган, шекилли. Нима ҳам дердик, бундай салбий оқибатлар баъзида, фуқаролар онгини оммавий равишда ва фаол «тозалаш» пайтида, бўлиб туради.

Кейинги пассаж: «сўров иштирокчиларининг тўртдан уч қисмидан кўпроғи – 76,6 фоизи - Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатини ижобий, 6,0 фоизи салбий баҳолаганлар». Тўғрироғи, сўровда иштирок этганларнинг кўпчилиги бу саволга жавоб бераётиб, умуман ўзбек ҳокимиятининг ташқи сиёсати эмас, балки унинг Россия билан яқинлашиш борасидаги ҳаракатларини назарда тутган бўлсалар керак. Ўзбекистон аҳолисининг кўпчилиги анъанавий тарзда Россияга ён босишлари сир эмас.

Бундан кейин: «сўровда иштирок этганларнинг 6,7 фоизи Россиянинг 2005 йилнинг майидаги Андижон воқеалари хусусидаги позициясини ижобий баҳолаганлар. 52 фоизи Американинг Андижон воқеаларини ёритишдаги позициясини салбий баҳолаганлар». Қизиқ, Андижоннинг ўзида ана шундай сўров ўтказилдимикан?

Сўров муаллифлари туртки бераётган яна бир қизиқ хулосани қуйидаги маълумотдан олиш мумкин: «Сўровда иштирок этганларнинг 49,1 фоизи кейинги президент сифатида ҳаракатдаги президент Ислом Каримовни кўрсалар, 22,8 фоизи унинг атрофидаги одамлардан бири, 2,7 фоизи эса мухолифат томонидан кўрсатилган номзод президент бўлиши керак, деб ҳисоблайди». Кўриниб турибдики, ҳаракатдаги президентнинг навбатдаги сайловда ғалаба қозониши учун сайловчиларнинг бор-йўғи 1,9 фоиз овози етишмаяпти.

Ўзбекистонда парламент бошқаруви шаклини киритиш масаласини анча нарига суриб туришга тўғри келади, сабаби «52,9 фоиз (сўров иштирокчилари) Ўзбекистонда конституцион ўзгаришлар қилишга ҳожат йўқ, деб ҳисоблайди».

Ва тадқиқотчиларнинг умуман катта шубҳа туғдирувчи сўнгги хулосаси – «сўровда иштирок этганларнинг 74,7 фоизи ўзларини мамлакат ҳокимиятини ёқтирувчилар деб ҳисоблайди».

Бундай ҳокимиятни қандай ёқтириш мумкинлиги ҳақида ҳеч қачон расмий Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида билиб олишингиз мумкин бўлмаган қуйидаги фактлар асосида хулоса чиқариб олаверинг.

Демак:

«Ўтган йили Ўзбекистонда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ва энг зарур маҳсулот ва хизмат турларининг баҳолари бюджет соҳасидаги ходимларнинг маошлари ва пенсия, нафақалардан анча ўзиб, ўрта ҳисобда бир ярим-икки баробар кўтарилиб кетди. Мустақил таҳлилчилар фикрларига кўра, Тошкентдаги ўртача ойлик маош 60-80 доллардан ошмайди. Шу вақтнинг ўзида ҳар бир оила аъзоси учун энг кам истеъмол талаби 120-250 долларни ташкил қилади. («Цена жизни растет», Фергана.Ру, 12.12.2005).

«Ҳозирдан «одамлар овқатланиб олиш учун квартира ва коммунал хизмат ҳақини тўламасликка, жамоат транспортидан фойдаланмасликка мажбурлар». («Элементарно», Фергана.Ру, 01.11.2005).

«Ўзбекистон ҳукумати янги йил совғаси сифатида Қозоғистон чегараси бўйлаб жойлашган дала ҳовли шаҳарчаларини бузиб ташлаш ҳақидаги қарорни чиқарганига бир йил бўлди. Бугунги кунда бу вазифанинг тўртдан уч қисми бажарилган, деб ҳисоблаш мумкин: яхши жиҳозланган шаҳарчалар ўрнида бўш саҳролар қолди. Юзлаб уйлар бузилиб ташлангани учун уларнинг эгаларидан бирортаси компенсация олгани йўқ». («У разбитого корита», Фергана.Ру, 06.01.2006).

«Ўзбекистон учун одатдан ташқари бўлган қиш Самарқанд аҳолисини шафқатсиз совуқдан азият чекишга мажбур қилмоқда. Шаҳарнинг эски, бир-икки қаватли уйлар жойлашган марказида на иссиқлик, на исссиқ сув бор, газ печлари эса, босим етишмаслигидан совуқ ҳолатда турибди». («Вам нужни дрова?» (Самарқанд), Фергана.Ру, 11.01.2006).

«Андижондаги Оқёр маҳалласида газ ва электр энергияси таъминотидаги муаммолардан азият чекаётган аҳолининг норозилик намойиши бўлиб ўтди. Норозилик акцияси иштирокчилари – асосан аёллар ва қизлардан иборат ўттизга яқин одам. Қўлларига болаларини кўтариб олган аёллар магистрал автотрассани тўсиб қўйдилар». («Ферганская долина», Фергана.Ру, 23.01.2006).

Бундай ҳолатларда айтилганидек: изоҳга ҳожат йўқ!

Маълумот: Жамоатчилик фикрини ўрганиш Республика маркази - Ўзбекистондаги ижтимоий ва маркетинг соҳасида тадқиқотлар ўтказиш борасида катта салоҳиятга эга бўлган энг йирик ташкилот. Марказ Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан нодавлат ташкилоти сифатида ташкил қилинган бўлиб, бу унга республиканинг бутун ҳудудида маҳаллий ҳокимият органлари кўмагида йирик кўламдаги тадқиқотлар олиб бориш имконини беради.