06:10 msk, 20 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Марказий Осиё режиссёрлари ёлғиз оналарга бағишланган қўшма кинолойиҳа яратдилар

11.02.2006 17:23 msk

Сид Янишев

Суратда: «Мен туғилган уй» фильмидан кадр ва режиссёр Александр Николаев

Тошкентда таниқли рассом ва режиссёр Александр Николаев «Мен туғилган уй» номли янги ҳужжатли фильмини суратга олиб бўлди. Унинг бу фильми Сорос фондининг Қозоғистондаги бўлими томонидан молиялаштирилиб, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда яшаётган тўрт режиссёрнинг аёллар ҳақидаги фильмларини ўз ичига олган катта кўламдаги кинолойиҳанинг таркибий қисмларидан бирига айланди. Бугунги кунда қолган уч фильм устида олиб борилаётган ишлар ҳам ниҳоясига етди. Бутун лойиҳанинг тақдимоти яқин кунларда Алматида бўлиб ўтади.

Алматилик режиссёр ва журналист Галия Тушкинанинг ғояси бўйича, икки ва ундан кўпроқ болаларни тарбиялаётган ёлғиз оналарга бағишланган ноанъанавий бу кинолойиҳа «бугунги куннинг ўзига хос акси бўлиб қолиши, Марказий Осиё аёллари ҳаётининг ижтимоий, сиёсий ва гендер аспектларига дахлдор бўлиши керак».

- Тўрт фильмнинг ҳар бирида биз ўз болаларини эрсиз тарбиялаётган Марказий Осиё аёлларининг бир кунини тасвирлаб беришга интилдик, - дейди лойиҳа раҳбари Галия Тушкина, - минтақамиздаги ҳар бир давлат демократик жамият қуришнинг ўзига хос йўлидан бормоқда ва уларнинг келажаги аёллар тарбиялаётган болаларнинг тақдири билан боғлиқ. Шу вақтнинг ўзида аёллар кўпинча болаларни ёлғиз тарбияламоқдалар. Кундалик турмуши тирикчилик ташвиши билан ўтаётган оналарда бола тарбиясига ва тўлақонли шахсни шакллантиришга вақт қолмаяпти. Натижада тўлақонли бўлмаган оилаларда ўсаётган болалар болаликдан маҳрум бўлиб қолмоқдалар. Бу лойиҳамизда биз бугунги кун воқеликларини оналар ва болаларнинг кўзи билан кўрсатишга ҳаракат қилдик.

Аввалига лойиҳа тўрт новелладан иборат 60 дақиқалик фильм сифатида ўйланганди. Натижада ана шундай бўлади ҳам: ҳар бири ўз номига эга бўлган бу мустақил тўрт фильм битта кассетага бирлаштирилиб, кўпайтирилади ва нотижорат мақсадларида кўрсатиш учун Марказий Осиё телеканалларига тарқатилади. Бироқ ҳозирданоқ маълумки, фильмлар мавзуи ва вазифаларига кўра бири бирига яқин бўлса ҳам, тўлақонли ва мустақил асарлар бўлиб, умумий лойиҳадан алоҳида олиб кўрилганда ҳам ҳеч нарса йўқотмайдилар.

Мисол учун, тошкентлик Александр Николаевнинг «Мен туғилган уй» номли 16 дақиқалик фильми умумий концепция доирасидан четга чиқмайди, бироқ фақат расмий равишда. Режиссёр ўзининг ҳамкасби ва таржимони Файзулла Аҳмадалиев билан уч боланинг онаси, бева – Шаҳнозанинг оиласида бўлган. Унинг уйи Тошкентдан бор-йўғи 35 чақирим нарида, Бургалик шаҳарчасида жойлашган. У ўзининг унча катта бўлмаган хўжалигида яшаяпти ва умуман олганда ҳаётдан нолимайди.

Режиссер Александр Николаев

Томошабин аёлнинг уйларни, ҳовлини йиғиштираётгани, кейин нон ёпа бошлаганини кўради: аёл хамир қоради, кейин тандирга ўт ёқади… Бу пайтда болалари доимо унинг ёнида, иссиқ нон пишишини кутиб туришади. Кейин дастурхон атрофида ўтириб, нон билан чой ичишади.

Бурчакда турган телевизор «Ахборот» маҳаллий янгиликлар дастурини намойиш қилмоқда. Унда ўзбек халқининг навбатдаги иқтисодий ва ижтимоий ютуқлари ҳақида ҳикоя қилинади. Аёл эса шу вақтда ўз ҳаёти ҳақида ҳикоя қила бошлайди. Ўзининг ҳаётдаги мақсадлари ҳақидаги саволга у эрининг ўлимидан кейин бу дунёда ҳеч нарсани орзу қилмай, фақат болалари тарбияси ҳақида, уларнинг отасига ўхшаб катта бўлишлари тўғрисидагина ўйлашини айтиш билан жавоб беради.

Кўринишидан 35 ёшлардаги Шаҳноза севимли кишисини йўқотгандан кейин анча ўзига келиб, ҳеч нарсадан муҳтожлик сезмай, ўзича бахтли яшаётгандек кўринади. Бироқ фильм охирида унинг бор-йўғи 23 ёшда эканини билгач, унинг ҳикоясига бошқача кўз билан қарай бошлайсан.

- Ўз ишимда мен оддий ҳужжатли фильм доирасидан чиқишга ҳаракат қилдим. Рассом сифатида мен кадрларни тирик сурат тортиш принциплари асосида қурдим ва уларнинг ҳар бирига қўшимча матн киритишга ҳаракат қилдим, - деб ҳикоя қилади Николаев, - менинг фильмимда Шаҳнозанинг ҳаёти табиатнинг тўрт кучи фонида ўтади: мана у ҳовлини супураётиб, гўёки бу ерни Ўзбекистонда қуёш, фаровонлик рамзи бўлган нонни ёпишдан олдин тозалаётгандек Ер билан бирга ҳаракат қилмоқда; мана у тандирга ўт ёқиб, у билан мулоқотга киришади, тандирдаги нонга сув сепади. Ҳаво эса – бу осмон бўлиб, фильм, унинг умумий муҳити ўшандан бошланади.

- Шу вақтнинг ўзида мен фақат ижтимоий ёки сиёсий кино қилишга, жуда қийин аҳволда яшаётган, ҳозир ҳамма ҳам бу ерда оғир ҳаёт кечирмоқда дегандек, бахтсиз ёлғиз ўзбек аёли ҳақида ҳикоя қилишга интилганим йўқ… Эҳтимол, лойиҳа раҳбарлари унинг умумий концепциясини ана шундай «қораловчи» кайфиятга келтиришга ҳаракат қилишгандир, бироқ мен ана шу конъюнктурадан қочишга ҳаракат қилдим, - давом этади режиссёр.

Балки ўзбек халқининг менталитети ҳамма нарса ёмон бўлса ҳам охир-оқибатда барчаси яхши бўлади, деган фикрга олиб келар, - деб ҳисоблайди Николаев, - Ўзбеклар келажакка жуда ишонадилар. Ташқаридан қараганда ҳаммаси жуда яхшидек кўринади: уй, болалар, ота-она, сигир, ўз хўжалиги бор. Бироқ барча муаммолар ичкарида қолиб кетади. Мантиқан аёл жуда ёш – бор йўғи 23 ёшга кирибди ва ҳаёт ўз йўлида давом этаверади. У иккинчи бор турмушга чиқиши ва бундан кам бахтли бўлмаслиги мумкин эди. Эҳтимол, унинг ўзи буни хоҳлар ҳам, бироқ шу вақтнинг ўзида у ўзининг ҳаётига нуқта қўйиб қўймоқда – ҳақиқий фожиа мана шунда. Сабаби маҳалланинг ёзилмаган қонунлари бор, қўшниларнинг, қариндошларнинг фикри бор ва аёл бу фикрлар исканжасидан чиқиб кета олмайди.