02:03 msk, 24 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонлик режиссёр Ю. Розиқов тасвирга туширган фильм Францияда асосий мукофотга сазовор бўлди

11.02.2006 17:09 msk

С. Янишев

Чоршанба куни Франциядан қувончли хабар келди: ўзбек кинорежиссёри Юсуф Розиқов ҳар йили Везуль шаҳрида ўтадиган Осиё киноси фестивалида Гран-прини енгиб олди. Бундай юқори мукофотга у ўзининг «Эркак» деб номланган сўнгги фильми учун муносиб деб топилди.

31 январдан 7 февралгача ўтган фестивалга Осиё қитъасининг 20 мамлакатидан турли жанрдаги 72 фильм тақдим қилинди. Анъанага кўра фестиваль дастури танлов намойиши, ретроспектива ва фильмларнинг танловидан ташқари, иштирокчи давлатлардан бирининг сўнгги йиллардаги фильмларидан иборат «секция» деб аталувчи бўлимдан ташкил топган. Бу йил Везулда ўзбек киночиларининг асарлари секцияси намойиш этилди. Улар орасида Зулфиқор Мусоқовнинг «Осмондаги болалар», Юсуф Розиқовнинг «Ўртоқ Бойкенжаев» фильмлари ва Тўренияз Қалимбетовнинг ўтган йили Испанияда ўтган «Бильбао» ҳужжатли фильмлар фестивалида кумуш мукофотни қўлга киритган «Қудуқ» номли ҳужжатли фильми тақдим қилинди. Ретроспектива дастурида ўтган асрнинг 60-90 – йилларидаги даврга тегишли яна олтита картина намойиш этилди.

Шу вақтнинг ўзида танлов намойишларида жуда ёш пайтида оилада катта, эркак ўрнида қолган қишлоқ боласи тақдири ҳақида ҳикоя қилувчи, «Эркак» деб номланган биргина ўзбек фильми иштирок этди. Ўтган йили бу кино Анапада ўтган «Киношок» фестивалида қатнашиб, энг яхши сценарий мукофотини олган эди (муаллифлар – Юсуф Розиқов ва Эркин Аъзамов). Мана энди у Франциядаги фестивалда Гран-прини енгиб олди.

Бу Юсуф Розиқовнинг иккинчи ана шундай мукофоти: бир неча йил аввал унинг «Нотиқ» деб номланган фильми Россиянинг «Киношок» фестивалида шундай мукофотни олган эди. Бугунги кунда Розиқов йилига биттадан кинони суратга олаётган, доимий равишда уларни турли кинофестивалларга тақдим қилиб, албатта мукофот олиб келаётган Ўзбекистондаги ягона режиссёрдир.