15:17 msk, 24 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Дунганлар қирғизларга қарши. Чуй вилоятида миллатлараро тўқнашувлар бўлиб ўтди

08.02.2006 11:28 msk

Холид Валидов

2006 йилнинг 5 февралида Қирғизистоннинг Чуй вилоятидаги Искра қишлоғида миллий асосда қирғизлар билан дунган халқи вакиллари ўртасида тўқнашувлар бўлиб ўтди. Воқеалар душанба куни ҳам давом этди. Қирғиз томонининг фикрига кўра, бу воқеалар ортида дунган миллатига мансуб маҳаллий миллионер Муса Пашатов турибди.

«Фарғона.Ру» ахборот агентлигининг Чуй вилоятидаги ўз мухбири берган хабарга кўра, 31 январь куни икки қирғиз йигити дунган миллатига мансуб ёшлар томонидан калтакланганлар. Шундан кейин кўп ўтмай дунган йигитларга нисбатан жиноий иш қўзғалиб, улар ҳибсга олинганлар.

Бироқ ишнинг бундай қонуний йўл билан кетиши маҳаллий қирғизларни қаноатлантирмаган. 5 февраль куни Искра қишлоғида яшовчи 250-300 киши дунганларнинг оқсоқолларига музокаралар ўтказиш учун келишиб, қирғиз йигитларни калтаклаганларнинг оилаларини бу ердан кўчириб юборишни талаб қилишган.

Қирғизлар уларни зудлик билан кўчириб юборишни талаб қилишган. Дунган оқсоқоллари бироз вақт беришни сўранишган. Шундан кейин қирғизлар тўдаси айбдорлар яшаган уйлар томонга йўналишган ва дунганларнинг уйларини тошбўрон қила бошлашган.

Гувоҳларнинг сўзларига қараганда шу пайт воқеа бўлаётган жойга бир автомашина етиб келиб, ундан тўпланиб турганлар томонга бир неча бор ўқ узилган. Бунга жавобан ёш қирғизлар тўдаси дунганларнинг уйларини қаторасига тошбўрон қилиб, ўт қўя бошлашган. Натижада 7 уй ёниб кетган, яна бошқа бир қанчаси таъмирга муҳтож ҳолга келган.

Кейинроқ ўқ отилган машина топилган. Унда граната, тўппонча ва гильза топилган. Машинадагилар дунган миллатига мансуб бўлиб чиққан.

Қирғизистон ИИВ матбуот хизматининг АКИпресс агентлигига берган маълумотига қараганда «Фольксваген» автомашинасидагилар қочишга уринишган. Милиция томонидан ўтказилган тадбирлар натижасида бу автомашина Чуй туманининг Сайлиқ қишлоғида ушланган. Қувиш пайтида автомашинадагилар ташқарига қандайдир буюмларни ташлаб юборишган.

Қўлга олишдан кейин аниқландики, автомашинада Тўқмоқ шаҳрида яшовчи, дунган милатига мансуб 4 киши – 1959 йилда туғилган Р. Ясиров, 1969 йилда туғилган И. Мачо, 1969 йилда туғилган М. Хаси ва 1971 йилда туғилган Х. Умаровлар бўлишган.

Ушланганлар текширилганда улардан РГД-5 гранатаси, йўл четида эса икки жанговар РГД-5 гранатаси запали билан, рақамсиз «Байкал» тўппончаси етти ўқи билан ҳамда 9 мм калибрдаги гильза топилган.

Бу факт бўйича «Қотилликка уриниш» ва «Ноқонуний равишда қурол сақлаш» моддалари бўйича жиноий иш қўзғалган, дактилоскопик ва баллистик экспертизалар тайинланган. Ушланганларнинг тўрталаси ҳам Тўқмоқ шаҳар ИИБ вақтинчалик ушлаб туриш изоляторига ташланган.

Душанба куни Искра туманида яшовчи дунганлар ва қирғизлар вакиллари ўртасида Чуй вилояти маъмурияти вакиллари иштирокида музокаралар ўтказилган. Бироқ улар ҳали тинчликни ўрнатишга олиб келмаган.

Бундан буёнги нотинчликнинг олдини олиш мақсадида Искра қишлоғида Қирғизистон ИИВнинг ОМОН кучлари томонидан кеча-кундуз навбатчилик ташкил қилинган, можаро бўлган жойга президент маъмурияти вакиллари, Чуй вилояти губернатори, вилоят ИИБ бошлиғи ва туман раҳбари келиб кетишган.

МАЪЛУМОТ:

Дунганлар (ўзлари лохуэй, хуэй деб аташади) – умумий сони 70 минг кишидан иборат халқ. Улар яшаган асосий мамлакатлар: Қирғизистон – 37 минг киши, Қозоғистон: 30 минг киши, Ўзбекистон: 1,1 минг киши. Бошқа мамлакатларда: Россия Федерацияси – 1 минг киши. Тили – дунган тили. Диндорлари сунний мазҳабидаги мусулмонлар. Дунганлар - Қозоғистон ва Ўрта Осиёга XIX асрнинг 70-йилларининг охири – 80-йилларининг бошларида 1862-77 йиллардаги озодлик қўзғолони бостирилгандан кейин маньчжур-ҳитой ҳокимияти таъқибларидан қочиб Хитойнинг Шэньси, Ганьсу ва Синьцзян вилоятларидан кўчиб ўтган хуэйларнинг авлодлари. Янги ерларда дунганлар ердошлигига қараб гуруҳ-гуруҳ бўлиб жойлашишган. Чуй вилоятининг Искра туманида 4212 аҳоли яшайди, жумладан Искра қишлоғида 689 ҳовли бўлиб, уларда 2353 киши яшайди. Улардан 1403 киши дунганлар, 875 киши қирғизлар ва 73 нафари бошқа миллатлар.