02:41 msk, 24 Апрель 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон элитаси сиёсий манёврлар майдонини йўқотиб қўймаслик учун республика иқтисодий қонунчилигининг такомиллаштирилишига қаршилик кўрсатади

05.02.2006 16:21 msk

Бахтиёр Рашидов (Тошкент)

Ўзбекистон: «ЯНГИЛАНИШ»

…«Машиналар даҳшатга солувчи кашфиёт қилмоқдалар: уларга Ер ядроси яқинига яширинган сўнгги одамлар шаҳри Зионнинг қаердалиги маълум бўлиб қолади. Одамларда минглаб душман машиналари матрицадан ташқари мажуд бўлган, асрлар давомида қаршилик таянчи бўлган шаҳарни тўла яксон қилиш мақсадида сайёранинг юрагига қараб шитоб билан ҳаракатлана бошлагунига қадар 72 соат вақт бор»…

Йўқ, гап «Матрица» фильми ҳақида эмас. Ва ўша фантастик Зион шаҳрини жуда эслатувчи ўзбек шаҳри Андижон ҳақида ҳам эмас. Гап Россиянинг ташқи сиёсий прагматизми ва Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатидаги барча янгиликларга қарамай, бу республикага оғир турмуш сиртмоғидан чиқишга йўл қўймайдиган ўзбек ҳукмрон «матрицаси» ҳақида бўлади. Республиканинг МДҲга ўхшаган яна битта, лекин унга қараганда кўпроқ бир марказга бўйсундирилган ҳамжамиятга қўшилишига қарамай, Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида қандайдир олға силжишларни кутишнинг кераги йўқ.

* * *

2006 йилнинг 25 январида Ўзбекистон раҳбариятининг ташқи сиёсий «янгиланишининг» янги босқичи ниҳоясига етди. Евроосиё Иқтисодий Ҳамкорлик ташкилоти Давлатлараро кенгашининг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистонни 2000 йилнинг 10 октябридаги Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятини тузиш ҳақидаги шартномага қўшиш ва бу шартномага тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги протокол имзоланди.

Россия эксперт ҳамжамияти бу ҳақда дарров қувончли баҳолар ва ёқимли келажак ҳақидаги сўзлар билан жар солди. Масалан, МДҲ давлатлари институтининг Ўрта Осиё ва Қозоғистон бўлими бошлиғи Андрей Грозиннинг «Евроосиё Иқтисодий Ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлиш Ўзбекистонда аниқ ижобий келажакни таъминлайди. Бу ташкилот доирасида Тошкент минтақадаги қўшнилари билан консенсусга келиб, уларнинг божхона, солиқ ва чегара масалаларида бир-бирини тушунишига ёрдам беришига» ишончи комил. Жавоб берингчи, ҳурматли жаноб Грозин: авваллари бу нарсани қилиш учун Ўзбекистонга нима ҳалақит бераётган эди? Агарда Марказий Осиё ҳамжамияти ташкилоти доирасида консенсусга келишнинг иложи топилмаган бўлса, нега энди бу нарсага Евроосиё Иқтисодий Ҳамкорлик ташкилоти доирасида эришиш мумкин?Ахир Марказий Осиё давлатларининг бири-бирига нисбатан сувдан биргаликда фойдаланишдаги ва сиёсат борасидаги эътирозлари ҳамда ҳудудий муаммолар, анклавлар муаммолари сақланиб қоляпти-ку. Ёки энди масалани ҳал қилишда «Мана, хўжайин (яъни, Россия) келади-да, ҳаммасини ўз ўрнига қўяди!» деган принципга амал қилинадими?

МДҲ давлатлари институти директорининг ўринбосари Владимир Жарихин «Евроосиё Иқтисодий Ҳамкорлик ташкилоти давлатлари иқтисодиётига қўшилиш Ўзбекистон аҳолисининг аҳволини жуда қисқа ва яқин вақт орасида анча яхшилайди» деб ҳисоблайди. Жудаям кучли башорат. Лекин ўзбек иқтисодиётининг ўзи каби ривожланмаган қирғиз ва тожик иқтисодиётига расмий равишда қўшилиши билан Ўзбекистон аҳолисининг аҳволи қанақасига яхши бўлиб қолади? Негадир мен Евроосиё Иқтисодий Ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлган давлатларнинг бирданига Ўзбекистон аҳолисининг ижтимоий аҳволини яхшилашга киришиб кетишларига шубҳаланяпман. Россиянинг Евроосиё Иқтисодий Ҳамкорлик ташкилоти доирасида бошқа манфаатлари бор (бу ҳақда мен кейинроқ айтаман). Россия Ўзбекистоннинг ижтимоий муаммолари билан шуғулланмайди. Ўта яхши бўлмаган ижтимоий вазият ҳамда Россия Ҳукуматининг Россия Иссиқлик энергетика мажмуасига нисбатан кучайтирилган эътибори бунинг ёрқин далили бўла олади. Ижтимоий масалалар билан бегона амаки эмас, республика ҳукуматининг ўзи шуғулланиши керак. Бу муаммолар билан авваллари ҳам ўзини қийнамаган ҳукумат бундан кейин ҳам у билан шуғулланмайди.

Шу билан бирга Тожикистон билан Қирғизистоннинг Евроосиё Иқтисодий Ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлгани бу давлатларнинг ижтимоий ва иқтисодий муаммоларини ҳал қилгани йўқ. МДҲ статистика қўмитасининг маълумотларига қараганда, 2000 йилдан 2004 йилгача (Евроосиё Иқтисодий Ҳамкорлик ташкилоти тузилгандан буён) Қирғизистоннинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ҳажми бор-йўғи 1,7 фоизга ўсган бўлса, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш суръати, аксинча 2 фоизга пасайган. Ишсизлар сони фақат 2005 йилнинг 11 ойида 6700 кишига ўсган. Тожикистон бўйича кўрсаткичлар қуйидагича: ЯИМ ўсиши 2000-2004 йилларда – 2,3 фоиз, саноат маҳсулотининг ўсиши – 5 фоиз, ишсизлар сонининг ўсиши 2005 йилнинг 10 ойида 7200 киши.

Евроосиё Иқтисодий Ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлган давлатлар бир-бирлари билан квота, пошлина ва тарифлар ҳақида ўзаро келиша олмай турган бир пайтда Евроосиё ҳудудида яшаб турган одамларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммолари ҳақида гапириш ўринли бўладими? Мисол учун, Россия Қозоғистон буғдойи учун импорт тарифини кўтариб қўйди, Қозоғистон нефтини узатиш учун квоталарни чеклаб қўйди. Сабаби, Қозоғистон Россияга собиқ Совет ҳудудида жиддий рақиб сифатида тобора кучайиб бормоқда.

Экспертлар ва сиёсатчилар Ўзбекистоннинг Евроосиё Иқтисодий Ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлиши муносабати билан бир неча давлатлараро лойиҳаларнинг бажарилиши ҳақида башорат қилмоқдалар: ягона божхона, транспорт ва энергетика системаси, интеграциялашган валюта бозори, тарифлар сиёсатининг ягоналашуви. Бироқ, «одамнинг оласи ичида бўлади». Шу ўринда, «Энди ушбу улкан режалар Ўзбекистоннинг унга нисбатан кўрсатилган умидларини оқлаш қобилиятига боғлиқ», деб ёзган «Время новостей» (26.01.2006) хулосаларига қўшилгим келади. Ўзбекистон раҳбарияти Евроосиё Иқтисодий Ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Григорий Рапотага шу йилнинг охиригача республиканинг ҳамжамият доирасида қабул қилинган етмишдан ортиқ шартномаларга қўшилишини қонуний расмийлаштириб қўйишга ваъда берди. Бунинг учун ўзбек элитаси республика қонунчилиги ва мамлакатдаги ишбилармонлик иқлимини қисман ўзгартиришига тўғри келади (масалан, божхона статистикасининг ошкоралигини ошириш), яъни, ўзининг миллий иқтисодиётга нисбатан ягона монополия ҳуқуқларидан воз кечишига тўғри келадики, бу нарса унга ёқиб тушмаса керак.

Бироқ, оғир сиёсий вазиятга тушиб қолган Ўзбекистон раҳбарияти учун бошқа йўл йўқ ва у ўзининг кўп нарсасидан воз кечишига тўғри келади. Россия ҳам Ўзбекистондан кўп нарсани олишни истайди. Шу вақтнинг ўзида у ўз иттифоқчисининг манфаатлари ҳақида ўйлаб бош қотиришни истамайди. Россиянинг Евроосиё Иқтисодий Ҳамкорлик ташкилоти билан боғлиқ ҳолдаги ( Россия учун муҳимлигига кўра) асосий манфаатлари ҳақида қисқача айтиб ўтаман.

1. Россиянинг биринчи ва асосий вазифаси – Марказий Осиё минтақасининг энергетика ресурслари устидан назорат ўрнатиш. Исбот керакми? Марҳамат.

«Газпром»нинг газ соҳасида Ўзбекистон билан имзолаган икки шартномаси ҳамда Россия билан Қозоғистон ўртасидаги атом энергетикаси соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги баёнот, икки давлат ўртасида Каспийнинг шимолий қисмини тақсимлаш ҳақидаги 1998 йилнинг 6 июлидаги тузилган протоколга ўзгартишлар киритиш ҳақидаги битим имзоланиши айнан Евроосиё Иқтисодий Ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида қилингани рамзий маънога эга.

Қозоғистон ўзининг иқтисодий сиёсатини диверсия қилар экан, Евроосиё Иқтисодий Ҳамкорлик ташкилоти билан Россияга ортиқча ишонмайди. Бунинг исботи сифатида Қозоғистон нефть қувурининг Атасу-Алашанькоу маршрути орқали Хитойга ўтказилишини айтиш мумкин. Аниқки, бу Евроосиё Иқтисодий Ҳамкорлик ташкилоти лойиҳаси эмас.

Ўзбекистон эса Россия «Газпром»ига ўзининг стратегик жиҳатдан муҳим бўлган углеводород хом ашёси конларини ўтказиб беришга мажбур бўлди.

«Биз «Газпром» олдида еттита лойиҳани очяпмиз, - деб таъкидлаганди Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов. – Бу катта келажакка эга бўлган 34 минг квадрат километрли ҳудуддан иборат».

Россия ўзбек газини арзимаган нархда сотиб олиш ҳуқуқини қўлга киритиб, Ўзбекистонни «ахмоқ қилди». «Ўзбекнефтегаз» корхонаси билан имзолаган шартномага кўра, ўзбек табиий газининг харид нархи 1 минг куб метрга 60 долларни ташкил қилади, ҳар минг куб. метр газни 100 километрга узатиш учун 1,1 доллар тўланади. 2006 йилда Россия 9 млрд куб. метр газ сотиб олишни режалаштирган. Оддийгина ҳисоб-китоб ҳам шуни кўрсатадики, ўзбек газини Европага 230 доллар нархда сотиб, Россия бир йилда 1,5 млрд доллардан ортиқ фойда олади. Бу эса Россия Федерацияси билан Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмига тенгдир.

Россия Президенти Владимир Путин, Россия газ монополиясининг бу шартномалари Евроосиё Иқтисодий Ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлган давлатлардаги энергетика вазиятигагина эмас, балки, бутун дунё энергетика вазиятига ҳам таъсир кўрсатади, деб бекорга айтгани йўқ. Ўзбек лойиҳалари ёрдамида «Газпром» Ўзбекистондан газ импорт қилиш ҳажмини 3 баробарга кўпайтиради.

Россия уран конларига кириб келишдан ҳам манфаатдор. Ҳозирдан Россиянинг уран минерал хомашё базасининг аҳволини мураккаб деб ҳисоблаш мумкин. Келажакда эса Россияда электростанциялар ва турли қуроллар учун уран хомашёси тақчиллиги пайдо бўлиши мумкин. Бу эса унинг миллий хавфсизлигига таҳдид солади. Бу нарса Россия давлат Думасининг энергетика, транспорт ва алоқа қўмитасининг маълумотлари билан ҳам тасдиқланади. Ҳозир Россияда текширилган уран заҳиралари таҳминан 600 минг тоннани ташкил қилади. Бироқ улар ичидан иқтисодий жиҳатдан фойдалиси бор-йўғи 28 фоиздан иборат. Уран заҳиралари Россиянинг жаҳондаги АЭСлар учун ёқилғи бозоридаги позицияларини мустаҳкамлаш учун ҳам муҳимдир.

Уран конлари бўйича тегишли музокараларни Россия Ўзбекистон ва Қозоғистон билан олиб бормоқда. Владимир Путин уранни бойитиш бўйича халқаро марказлар тузиш ғояси билан чиқди ва ана шундай марказларнинг бирини Россияда қуришни таклиф қилди. Россия атом энергиясига киришни бирдай таъминлашни таклиф қилаётган бўлса ҳам, бу сектор устидан назорат барибир унга тегишли бўлиб қолаверади.

Шундай қилиб, Россия ўзининг жаҳон энергетика бозоридаги экспансия қудратини кучайтиришга интилмоқда.

2. Умумий божхона, валюта ва транспорт ҳудудини Россия «андоза»ларига мослаб тузиш. Евроосиё Иқтисодий Ҳамкорлик ташкилотида 40 фоизли овозга эга бўлган Россия бу масалаларни муҳокама қилиш пайтида ўз шартларини ҳамжамиятнинг бошқа аъзоларига ўтказиши мумкин ва ўз овозини бор-йўғи битта давлат билан бирлаштириб, умуман мутлоқ кўпчилик овозга эга бўлиши мумкин (бу ерда гап кўпроқ 15 фоиз овозга эга бўлган Беларусь ҳақида бориши мумкин).

Россия бу ерда ҳам ўзининг Евроосиё Иқтисодий Ҳамкорлик ташкилотидаги ҳамкасбларини ахмоқ қиляпти. Евроосиё Иқтисодий Ҳамкорлик ташкилоти саммити пайтида имзоланган 2000 йилнинг 10 октябридаги Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятини таъсис этиш ҳақидаги шартномага ўзгартишлар киритиш ҳақидаги протоколга мувофиқ Россиянинг овози ҳамжамият қарорларини қабул қилишда аввалгидай 40 фоизлигича қолган ҳолда бошқа иштирокчиларнинг улушлари янги аъзо Ўзбекистон ҳисобига қисқаради. Қозоғистон, Белорусия ва Ўзбекистон 15 фоиздан, Қирғизистон ва Тожикистон эса 7,5 фоиздан овозга эга бўлишади. Шундай қилиб Ўзбекистоннинг ҳамжамиятга қўшилиши натижасида Россиянинг ҳамжамиятдаги роли ортади.

Бироқ қизиғи бу ҳам эмас. Шартномада иштирок этаётган ҳар бир томоннинг овозлари сони унинг ҳамжамият бюджетига қўшган улушига боғлиқ бўлади. Агарда улушлар бўйича шартнома иштирокчиларидан биронтаси Евроосиё Иқтисодий Ҳамкорлик ташкилоти бюджети олдидаги қарзи унинг бир йиллик улуши ҳажмидан кўпайиб кетса, унда давлатлараро кенгаш қарори билан бу давлат ҳамжамият органларида ўз қарзини тўла узгунига қадар овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин.

Россия амалдорларининг ўзлари бу протоколнинг Россия манфаатларига жавоб беришини тан олмоқдалар. Бундан ортиқча ахмоқликни ўйлаб топиш қийин: агарда Евроосиё Иқтисодий Ҳамкорлик ташкилоти аппаратидаги бюрократ амалдорларни ушлаб туриш учун пул тўлаб қўймасанг, вақтинчалик ҳамжамиятдан чиқиб кетасан, давлатга тегишли бўлган муҳим масалалар эса сенинг иштирокингсиз ҳал қилинади.

3. Россия таъсирининг интеграцияланган зонасини тузиш. Ўзбекистоннинг Евроосиё Иқтисодий Ҳамкорлик ташкилотига кириши Россия назорат қилишга даъвогарлик қилаётган Евроосиё ҳудудининг чегараларини аниқлайди. Бу вазифа аввалги иккитасидан келиб чиқади.

Ўзбекистон Евроосиё Иқтисодий Ҳамкорлик ташкилотига кираётган вазият ана шундай. Ўзбекистон раҳбарияти Россиянинг қўлларида гаровда бўлса, бунинг учун ўзбек халқи жавоб беришига тўғри келади. Ўзбекистон халқи сепарат энергетика шартномаларини тузишдан эмас, кичик ва ўрта ишбилармонликни ривожлантириш, мулкка эгалик ҳуқуқи ва шахс ҳимоясини таъминлаш, ёппасига коррупцияни енгишдан манфаатдор.

Ўзбекистондаги иқтисодий иқлимни ўзгартирмай туриб, бу давлатнинг Евроосиё Иқтисодий Ҳамкорлик ташкилотига киришидан ҳеч қандай самара бўлмайди. Евроосиё Иқтисодий Ҳамкорлик ташкилотида иштирок этиш миллий қонунчиликка ўзгартиришлар киритишни тақозо қилади. Бироқ Ўзбекистоннинг ўзбек иқтисодиёти «пирогини» бўлишиб олган сиёсий элитаси республикадаги иқтисодий ўзгаришлардан манфаатдор эмас. Демак, улар Ўзбекистоннинг Евроосиё Иқтисодий Ҳамкорлик ташкилотига кириши билан боғлиқ бўлган янгиликларга қаршилик кўрсатадилар.

Ўзбекистон Евроосиё Иқтисодий Ҳамкорлик ташкилотига киришининг иқтисодий томондан мақсадга мувофиқлиги аллақачон тушунарли бўлган. Бироқ унинг Евроосиё Иқтисодий Ҳамкорлик ташкилотига мажбурий равишда (сиёсий сабабларга кўра) Россиянинг шартлари билан кириши бу ҳамкорликнинг келажагини анча шубҳа остига қўяди.

Россиялик экспертлар «Агар Ўзбекистон ўзининг миллий қонунчилигини ўзгартириб, уни Евроосиё Иқтисодий Ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги ҳамкорлика мослаштира олса, унда Россия бу давлатни иқтисодий томондан жиддий равишда ўзига боғлайди» деб ҳисоблайдилар. Бундай ҳолатда Ўзбекистонда янги раҳбарнинг келиши билан боғлиқ ташқи сиёсий муаммолар ўта камайтирилади. Айнан мана шунинг учун Ўзбекистоннинг сиёсий элитаси сиёсий манёврлар ҳудудини йўқотиб қўймаслик учун республиканинг иқтисодий қонунчилигини такомиллаштиришга қаршилик кўрсатадилар. Бу нарса кўпроқ президентга эмас, маҳаллий элитага боғлиқ. Айнан мана шунинг учун Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида янги муаммолар пайдо бўлишини инкор қилиб бўлмайди.

Агар ўз башоратларимда адашган бўлсам, жуда хурсанд бўлган бўлардим.

Бахтиёр Рашидов (Тошкент).



 

Реклама