19:26 msk, 18 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

“Российские вести” газетасининг маълумотларига кўра, Андижон воқеалари АҚШ томонидан тайёрланган, Гулнора Каримова эса ҳалигача Мақсудийнинг рафиқаси

03.02.2006 10:49 msk

Российские вести

«Совет Иттифоқи тарқалиб кетгач, Марказий Осиё тез орада турли геосиёсий кучларнинг жанг майдонига айланди. Жанубдан минтақани ислом радикаллари босим остига олдилар, Ғарб, биринчи галда АҚШ ўзининг бу ерда мавжудлигини кўрсатди. Россия ҳам ўзининг анъанавий таъсирини сақлаб қолди. Бу минтақадаги давлатлар айрим лидерларининг XXI асрга мустақил кириб боришга эришиш ҳақидаги орзулари ҳавога синггандек йўқ бўлди. Оддий бўлмаган, лекин тарихий қарор қабул қилиш керак эди. Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга «ўз қўшиғини ўзи бўғишига» тўғри келмади. Россияни ва унинг ҳозирги реал геосиёсий имкониятларини беш қўлдай билган, жуда тажрибали давлат арбоби сифатида у тақдирини синаб ўтирмасликка, Россиянинг ҳамкори, унинг стратегик иттифоқчиси бўлишга ва шу билан ўз мамлакатининг келажагини таъминлашга қарор қилди».

«Российские вести» газетасида аввалги куни эълон қилинган «Ислом Каримов: тарихий иттифоқчига қайтиш» деб номланган бир бетни эгаллаган мақола ана шундай бошланади. Нашр таъсисчиларидан бири Россия президенти маъмурияти, шубҳасиз бу нарса ушбу нашрга маълум даражада масъулият юклайди. Ишонч билан айтиш мумкинки, бу мақола босишга беришдан олдин сўнгги воқеалар руҳида сиёсий томондан қаттиқ текширилган. Бироқ, матннинг сўнггида йўл қўйилган жуда қўпол фактологик хато бизда муаллифларнинг ўз ишидан хабардорлигигина эмас, балки мақолада айтилган гапларнинг самимийлигига ҳам шубҳа уйғотади.

Шундай қилиб, газетанинг редакцияси нимагадир ўзбек давлати бошлиғининг катта қизини ҳалигача Мақсудий фамилияли «ўзбек миллатига мансуб америкалик миллионернинг рафиқаси», кичигини эса – ҳозиргача талаба ҳисоблайди.

Биз ўқувчиларга бу мақоланинг профессионал даражаси ҳақида ўзлари хулоса чиқариб олишни таклиф қилиб, уни тўлалигича беряпмиз. Сизнинг шарҳларингиз ортиқчалик қилмайди: биз одатдагидек уларнинг энг яхшиларини очиқ эълон қиламиз.

* * *

«Ислом Каримов: тарихий иттифоқчига қайтиш”

Вячеслав Николаев,

«Российские вести», 4-сон, 02.02.2006, 7-бет

«Совет Иттифоқи тарқалиб кетгач, Марказий Осиё тез орада турли геосиёсий кучларнинг жанг майдонига айланди. Жанубдан минтақани ислом радикаллари босим остига олдилар, Ғарб, биринчи галда, АҚШ ўзининг бу ерда мавжудлигини кўрсатди. Россия ҳам ўзининг анъанавий таъсирини сақлаб қолди. Бу минтақадаги давлатлар айрим лидерларининг XXI асрга мустақил кириб боришга эришиш ҳақидаги орзулари ҳавога синггандек йўқ бўлди. Оддий бўлмаган, лекин тарихий қарор қабул қилиш керак эди. Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга «ўз қўшиғини ўзи бўғишига» тўғри келмади. Россияни ва унинг ҳозирги реал геосиёсий имкониятларини беш қўлдай билган, жуда тажрибали давлат арбоби сифатида у тақдирини синаб ўтирмасликка, Россиянинг ҳамкори, унинг стратегик иттифоқчиси бўлишга ва шу билан ўз мамлакатининг келажагини таъминлашга қарор қилди».

Бири бирига пешвоз юриб

Радикал ислом Афғонистонда АҚШ ва унинг ғарбдаги иттифоқчиларининг аскарлари пайдо бўлгандан кейин ҳам қудратли сиёсий диний кучлигича қолмоқда. Тинчсизлик «камари» ҳозир Марокашдан Шинжонгача, Сомалидан Филиппингача бўлган жуда катта ҳудудни ўз ичига олади. У Марказий Осиёни - Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонни қамраб олди. Шу сабабли таҳлилчилар учун очиқ-ойдин кўриниб қолдики, эртами-кечми айнан мана шу плацдармда ислом экстремизмининг дунёвий режимлар билан курашининг энг драматик сюжетлари тарқалиб кетади. «Катта халифат»ни бунёд қилиш ғояси кўпдан буён ҳавода сузиб юрибди. Фақат муаммо шундаки, бу вазиятда ҳозирги ташқи ўйинчилар Марказий Осиёдаги дунёвий режимларни қўллайдиларми ёки кейинчалик «холис суд» ролида чиқиш учун унинг кучсизланишига ҳаракат қиладиларми, буниси номаълум.

Ғарб учун минтақанинг исломлаштирилиши воқеаларнинг юришига янада фаолроқ аралашишга баҳона бўлади ва кенг геосиёсий манёврлар қилишга имкон яратиб беради. Шундоққина бурни остида ҳазил бўлмаган жанглар бошланиб кетиши мумкин бўлган Россия кўп нарсада таваккал қиларди. Шу сабабли у энди ўзининг ҳудудида ислом экстремизмига қарши кураш олиб бораётган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг режимини қўллай бошлади.

АҚШ ўзини жуда ғалати тутди. Ўзбекистонда халқаро антитеррористик шартнома асосида Афғонистонда ҳарбий ҳаракатлар олиб бориш зарурати билан боғлиқ ҳолда ўзининг ҳарбий базасига эга бўлиш имкониятини олгач, улар «минтақа давлатларини демократлаштириш» шиори билан чиқишга шошилдилар. Бу амалда «рангли инқилоблар» жараёнининг бошланишидан дарак берарди. Қирғизистонда ана шундай сценарий амалга ошди, бироқ у Вашингтонда исталгандай бўлмади. Ўзбекистонда эса иш қуролли қаршилик кўрсатишгача бориб етди. Гап Андижондаги маълум воқеалар ҳақида бормоқда.

Президент Ислом Каримов уларга қуйидагича расмий баҳо берди. Ҳукумат кучлари ислом радикалларининг қаршилиги билан тўқнашдилар деб эълон қилинди, тўқнашувнинг ўзи эса аёвсиз теракт деб аталди. Шу вақтнинг ўзида Тошкент халқаро текширувга қарши чиқди ва бу Ғарбнинг кескин жавобига сабаб бўлди. У Ўзбекистонда ЕХҲТ ва БМТ ваколатхоналари борлигини эслатди. Камига Ўзбекистон Президенти ўша пайтда шундай деди: «Биз БМТ ҳар қандай давлатда ҳар қандай текширув ўтказиб, ўзининг қарорларини чиқариши мумкин бўлган ягона ташкилот деб ҳисоблаймиз».

Терактни текшириш мақсадида ИИБ, МХХ ва прокуратура ходимларидан иборат оператив гуруҳ тузилди. «Андижон воқеаларининг бутун сценарийси пухта тайёрланган, қурол эса ҳужум қилинишидан аввал Ўзбекистонга ташқаридан олиб кирилган»,- деб хулоса чиқарди прокуратура. Ўзбекистон Президенти шунингдек Андижон воқеаларига ислом радикаллари ҳам алоқадор деб баёнот берди. «Ишончим комилки, Андижонда бўлиб ўтган воқеалар жангариларнинг Афғонистон ва бошқа «қайноқ нуқталарда орттирган таржибаларисиз ва жиддий тайёргарликсиз бўлган эмас». Президент Каримов, Фарғона водийси ислом радикалларининг лидерлари, жумладан, Тоҳир Йўлдошев ва Жума Намангонийлар чиққан минтақа эканлигини эслатиб ўтди. Шу сабабли бу минтақадаги барқарорликни издан чиқаришга бўлган барча уринишлар уларнинг аралашувисиз бўлмайди.

Ўзбек мухолифати лидерларидан бири Баҳодир Раҳмоновнинг ҳикоя қилишича, Андижон воқеаларидан олдин Москвада ғалаба куни муносабати билан, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ҳам чақирилган тантаналар бўлиб ўтган. Унинг сўзларига қараганда, бу гўёки шундан кейинги воқеалар занжирининг муҳим халқаларидан бири бўлган. Ғалаба парадидан сўнг Москвада Каримовнинг Америка президенти Жорж Буш билан учрашуви бўлиб ўтиши керак эди. Унга Ўзбекистон томонидан бир қатор таклифлар тайёрлаб қўйилган эдики, улар қабул қилинмаган тақдирда ҳам вазиятга анча ойдинлик кириши керак эди. Бироқ Америка президенти Каримов билан учрашувдан намойишкорона бош тортди ва ҳатто у билан саломлашишни ҳам истамади.

Бу ҳақақатан ҳам шундай бўлганми ёки йўқлигини бугун айтиш қийин. Бироқ Москвада Ўзбекистон президентини Андижонда бўладиган воқеалар ҳақида огоҳлантиришга улгуришди ва Тошкент ўз вақтида самарали тарзда жавоб беришга улгурди. Раҳмонов ўзи ҳам кейинчалик шуни тан олдики, бу сафар Ўзбекистонда «ташқи омил» ўзини намоён қилди. Гап умуман Ғарб ва биринчи галда АҚШ ҳақида боради.

Бу ҳолатда бошқа бир сюжет сирлилигича қолади. Ғарб ўзини унинг кейинги реакцияси ва оммавий ахборот воситаларидаги мақолаларга қараганда, тайёрланаётган «Андижон кризиси» ҳақида олдиндан маълумот олган бўлса ҳам ва халқаро терроризмга қарши курашда Тошкент билан «стратегик ҳамкорлиги» бўла туриб, ҳеч нарса бўлмаётгандек тутди. У Ислом Каримовни кутилмаганда ана шундай оғир аҳволга тушиб қолишини истади.

Террорчиларнинг ниятлари амалга ошди деб фараз қилайлик. Эҳтимол ўшанда Тошкентда ҳокимиятга Ғарб томонидан тайёрланаётган «либерал мухолифат» деб номланувчи кучлар келган бўларди. Бироқ у ҳокимиятни узоқ ушлаб туролмаган бўларди. Ва унда Россия чегараларининг шундоққина ёнида бутун минтақани исломлаштириш жараёни бошланган бўларди. Наҳотки Жорж Буш ўзининг командаси билан воқеаларнинг ана шундай ривожланишини истаган эди? Шу сабабли президент Ислом Каримов Америка ҳарбийларини ўз ҳудудидан чиқиб кетишларини сўраганда Америкадаги кўпчилик америкаликлар бу акцияни Марказий Осиёдаги сиёсатнинг пароканда бўлиши деб ҳисоблади. Ўша пайтда Москва ва Ғарб томонидан қилинган ташқи сиёсий ҳатти-ҳаракатлар дипломатик этикет доирасида қилинган ҳаракатлар бўлиб воқеаларга бериладиган баҳони ўзгартирмайди.

Сон сифатга айланади

Тез орада матбуотда Кремлдаги «юқори лавозимдаги манбага» таянган ҳолда Россия бутун ҳамдўстлик ҳудудида ўз сиёсатини кескин ўзгартириш ниятида эканлиги ва бу унинг МДҲ давлатларигина эмас, балки бириничи галда АҚШ ва Европа Иттифоқи давлатларига тегишли экани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди. Янги йўналишдаги сиёсатнинг моҳияти шундан иборат эдики, Москванинг Вашингтон ва собиқ СССР ҳудудидаги Европа ташкилотлари структуралари билан алоқалари маданиятли характерга эга бўлиши керак эди. Бизнинг МДҲ бўйича ҳамкорларимизга, дер эди «манба», - Москванинг собиқ Совет империясини тиклаш нияти йўқ эканини тушунтиришга сабримиз етади. Шундай қилиб, Москванинг собиқ Совет Иттифоқи ҳудудидаги сиёсатига «империяни реанимация қилиш» дея баҳо бера бошлаган Ғарбнинг жиддий далилларидан бири чиппакка чиқарилмоқда эди.

Бундан кейин эса Тошкентнинг яхши башорат қилиниши мумкин бўлган қадамлари бошланди. Жорий йилнинг 25 январида у ўзининг Евроосиё Иқтисодий Ҳамкорлик ташкилотига кириши ҳақидаги шартномани имзолади. Таҳлилчилар берган баҳоларга қараганда, бу 2005 йилнинг майида Андижондаги исённи бостириш пайтида ва Ўзбекистонга аввал Европа Иттифоқи, кейин эса АҚШ томонидан ҳам босим кўрсатишга қилинган ҳаракатлардан кейинги геосиёсий йўналишларни ўзгартиришнинг мантиқий давоми бўлиб қолди. Ўшанда Ғарб давлатлари Ўзбекистонга ўзининг тарихий ҳамкорлари бўлган давлатлар билан муносабатларини тиклаб, улардан ёрдам излашдан бошқа йўл қўймаган эдилар. Бу фақат Россия эмас, балки Ўзбекистоннинг Ўрта Осиёдаги энг яқин қўшниларига ҳам тегишли. Моҳиятига кўра ЕИ ва АҚШ Департаменти Ўзбекистонни Евроосиё Иқтисодий Ҳамкорлик ташкилотига туртиб чиқардилар ва бу геосиёсий мағлубиятда улар фақат ўзларини айблашлари керак.

Бу ҳолатда Россия сўзсиз ўз позицияларини мустаҳкамлаяпти ва Ўзбекистоннинг Евроосиё Иқтисодий Ҳамкорлик ташкилотига қўшилиши бизнинг Марказий Осиёдаги таъсиримизни мустаҳкамлаш сари қўйилган яна бир дадил қадамимиздир. Собиқ Совет Осиёсида ҳозир иккита йирик давлат - Қозоғистон ва Ўзбекистон бор. Ўзининг газ заҳираларига қарамай Туркманистон, тоғ республикалари бўлган Тожикистон ва Қирғизистон нима бўлганда ҳам иккинчи пландаги ҳамкорлардир. Улар иқтисодий жиҳатдан унчалик қизиқарли эмас ва геосиёсий нуқтаи назардан анча кам аҳамиятга эга. Бироқ шунга қарамасдан, улар билан ҳам ҳамкорлик қилиш зарур. Ўзбекистон Марказий Осиёнинг иккинчи «елкаси» ва Қозоғистоннинг тарихан Россиянинг энг ишончли ҳамкори эканлигини ҳисобга олганда, Ўзбекистон авваллари Россияга қарши сўзлар ишлатилган ташқи сиёсатидаги бурилишни Россия сиёсати ва бизнесининг манёврлари учун майдоннинг кенгайиши ҳамда, шубҳасиз муваффақияти сифатида баҳолаш мумкин.

Ўтган йилнинг охирида Москва билан Тошкент ўртасида иттифоқчилик шартномаси имзолангандан кейин, айниқса ҳозир Ўзбекистон Евроосиё Иқтисодий Ҳамкорлик ташкилотига киргач, бу мамлакатда Россиянинг йирик бизнеси учун етарли даражада кенг имкониятлар очилмоқда. Бўлиб ўтган воқеани яна Россия ҳокимиятининг ташқи сиёсий масалаларга бўлган муносабатларини ўзгартиришнинг натижаси сифатида ҳам қараш мумкин. Энди Россиянинг ташқи сиёсатида прагматик ёндошув устунлик қилмоқда. Ҳозир «Газпром» ҳам, «ЛУКОЙЛ» ҳам, «Русский алюминий» ҳам, озиқ-овқат саноатида ишловчи йирик Россия корхоналари ҳам катта ва етарли даражада сиғимга эга бўлган ўзбек бозорида мустаҳкамланиш учун жуда жиддий имкониятларга эга бўлмоқдалар. Бу мамлакат аҳолисининг харид қилиш қуввати паст бўлишига қарамай, Ўзбекистон собиқ Совет Осиёси аҳолисининг ярмидир. Қозоғистонда ҳозир 15 миллиондан сал кўпроқ аҳоли яшаса, Ўзбекистонда бугунга келиб 26 миллиондан ортиқ одам яшайди ва ҳисоб-китобларга қараганда, 2030 йилга келиб унинг аҳолиси 50 миллион кишига етади. Агар Ўзбекистон ўзининг иқтисодий қонунчилигини ўзгартириб, уни Евроосиё Иқтисодий Ҳамкорлик ташкилоти доирасида ҳамкорлик қилишга кўпроқ мослаштира олса - Ўзбекистон раҳбариятида бундай интилиш очиқ-ойдин кўриниб турибди - Россия ўзининг икки давлат ўртасидаги ҳамкорлигини янги даражага олиб чиқа олади ва бу ерда гап фақат иқтисодиёт ҳақида кетмаяпти. Ҳар нима бўлганда ҳам Ислом Каримов энди сал тинчланиб Ўзбекистонни янада олға олиб кетмоқда. Россия билан бирга.

"РВ" – Досьеси

Каримов Ислом Абдуғаниевич. 1938 йилнинг 30 январида Самарқандда туғилган. 1960 йилда Ўрта Осиё политехника институтини, 1967 йилда Тошкент Халқ хўжалиги институтини тамомлаган. Иқтисодий фанлар номзоди. Меҳнат фаолиятини 1960 йилда «Тошсельмаш» заводида бошлаган. Кейинчалик В. Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида инженер, етакчи инженер-конструктор сифатида фаолият кўрсатган. 1966—1983 йилларда Ўзбекистон ССР давлат режалаштириш аппаратида ишлаган, 1983—1986 йилларда Ўзбекистон ССР Молия вазири. 1986 йилда Министрлар совети раисининг ўринбосари, Ўзбекистон ССР давлат режалаштириш аппарати раиси. 1986—1989 йилларда Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилояти КП биринчи котиби, 1989—1991 йилларда Ўзбекистон КП МК биринчи котиби. 1991 йилнинг 29 декабрида муқобил асосда ўтган умумхалқ сайловларида Ўзбекистон Президенти қилиб сайланган.

Уйланган, икки нафар қизи бор. Рафиқаси Татьяна Каримова иқтисодчи, Республика ФА иқтисодиёт институтининг илмий ходими. Катта қизи Гулнора Мақсудий фамилияли «ўзбек миллатига мансуб америкалик миллионер ўғлининг рафиқаси»дир. Куёви «Кока-Кола» компаниясининг Ўзбекистондаги вакили. Иккинчи қизи Лола – талаба.