19:36 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистонда буюк ўзбек шоири АбдуРауф Парфининг “Иймон асири” дея номланган шеърий тўплами нашр этилди

30.01.2006 14:41 msk

ўз. ахб.

2005 йилнинг 28 март куни вафот этган марҳум шоир китобни умрининг сўнгги йилларида ўзи тузган ва ўз юртида босилмаса-да, ўзга юртларда чоп этилиши умидида хориждаги дўстларига жўнатган.

АбдуРауф Парфи тириклигида, йиллар давомида ушалмаган орзу шоирнинг вафотидан бир йил ўтиб, рўёбга чиқди. “Билгеўғуз” нашриёти томонидан нашрга тайёрланган “Иймон асири” китоби 2006 йилнинг январь ойида Қирғизистоннинг Қант шаҳри босмахонасида лотин алифбосида чоп этилди.

Китоб уч инсонга: Ўзбекистонда қамоқда шаҳид кетган шоир Эмин Усмонга, ҳозир ҳам қамоқда ётган шоир ва ёзувчи Мамадали Маҳмудга ва сургундаги шоир Муҳаммад Солиҳга бағишланган.

Китоб муҳаррирлари: Паҳлавон Содиқ ва Абдулкарим Баҳриддин.

Сўзбоши муаллифи: Абдулҳамид Исмоил.

* * *

Қуйида китоб сўзбошисидан иқтибос ва шоир АбдуРауф Парфи шеърларидан намуналар ўқишингиз мумкин:

...Марҳум АбдуРауф Парфи ҳақида неки ёзмай, хато қилишга маҳкумман, янглишишга мўътодман, чунки мен унинг на дўсти, на устози, на шогирди бўлганман. Ўнлаб бошқа одам мендан тузукроқ нарсаларни ёза олиши ҳам тайин: унинг икки дунёлик дўсти Дадахон Ҳасан бўладими, ёки ҳозир ҳам кўз олдимда у билан ёнма-ён, иккиси оқ суруп яхтак кия Москвадами, Болтиқ бўйида кетаётган Муҳаммад Солиҳми, ва ё Тошкентга сўнги кез борганимда, кўнглим, Навоий таъбирича, “камрак” инсоннинг суҳбатини қўмсаб, аммо АбдуРауф Парфига аржуманд бўлганида, аллақайси шаробхонами ҳакимхонадан топтириб, ўзининг радиосидаги идорасига тезкор еткизган Фахриддин Низомми, қолаверса, шоирнинг юрагию жигарини бўлишган қаро кўз севгилилари мендан юз ҳисса илиқроқ сўзларни топишса керак. Бироқ бутун юртдаю юртга ўзини бегонасираган шоир ҳақида эмасми бу сўз? Бироқ шеърият ҳам бегоналикни енгишга эгиз чорлов эмасми? Шунинг учун менинг ҳам АбдуРауф Парфи ҳақида бегонаю ягона айтар сўзим бор.

...АбдуРауф Парфи хато қилишдан қўрқмаган камдан кам шоирлардан. Зотан, шоирликнинг хато билан уйғунлиги ояти карималарда бор эса-да, кечаги ва бугунги шеъриятимизда шоир такаббур тарбиячи ўрнини анча мустаҳкам эгаллаб олган. Хатоми, гуноҳми, гумроҳликми, ожизликми, армонми – булардан Ҳақ томон тазарру ила йўл топиш кучинию умидини бизга АбдуРауф Парфи ўз шеърларидаю ҳаётида кўрсата билди.

...Агарда ўзбек шоирлари орасида кибру ҳаводан, шуҳратпарастликдан озод биргина инсон бор бўлган эса – у АбдуРауф Парфидир. Умрининг сўнгги томон ҳокимият уни рўйхатлаб “Ўзбекистон халқ шоири” шаҳодатномасини тутқазганда ҳам, шоир бу шаҳодатномадаги имзои ҳумоюнни фақат миршабларнинг исканжаларига қарши калит сифатида ишлатиб юргани эл оғзида латифа бўлиб кетган.

...Қаҳрамонлар бугун Ўзбекистонда бошқалардир, лекин эркин қуш - АбдуРауф Парфи...

...Бу китобни шоирнинг ўзи умрининг сўнгги йилларида тузиб, Муҳаммад Солиҳга, ўз юртида босилмаса-да, ўзга юртларда чоп этилиши умидида жўнатганини биламан. Китобни таҳлил этадиган замонлар ҳам, инсонлар ҳам келар, иншааллоҳ, бироқ фақат биргина ўй: китобнинг уч инсонга бағишланиши. Қамоқда шаҳид бўлган Эмин Усмон, ҳали ҳам қамоқда ётган Мамадали Маҳмуд, юртидан ҳайдалган Муҳаммад Солиҳ. Шу билан бирга тайинки, китоб АбдуРауф Парфининг ўзи ҳақида. Бугунги Ўзбекистонда ўзини шаҳид этган, бугунги Ўзбекистонда ҳали ҳам қамоқда ётган, бугунги Ўзбекистондан ҳижратга ҳайдалган АбдуРауф Парфи ҳақида. Йигитлари – қамалмаса, қишлоқ-қишлоқ Россиями Қозоғистонда саргардон бўлиб бирини икки қилиш ғамида тўзиб юрган, жувонлари касбию туққан болаларини сотиб бозорда эмаса, танасини савдога солиб чет элларда фаҳш ила шуҳрат қозонган, кампирлари ўқу таёқ остида қолмаса, мардикор бозорларида мўлтайган бугунги Ўзбекистоннинг қон аралаш озод овози - АбдуРауф Парфи ҳақидадир бу китоб. Зиё ҳақида, нафосат ҳақида айтган эдим бояда. Балки, биз ўйлагандек кун ботиш эмас, шафақ китобидир бу китоб...

Абдулҳамид Исмоил

Сўнмас руҳимизда матонат асло,

Аждодлар шарафи абадий яшар.

Мукаррам зиёман, эй Туркий Дунё,

Қўллагил Аллоҳим, қўллагил башар –

Сўнмас руҳимизда матонат асло.

Уйғон Турк Дунёси, муқаддас Турон,

Қуёш бошимиздан сочгил қутлуғ нур.

Асл Турк юрти бу, қадим, навфирон,

Темур умиди бу, Туркистон мағрур,

Уйғон Турк Дунёси, муқаддас Турон.

1990

Инондим шамолларга,

Ёмғирларга инондим,

Чақмоқларга инондим. Ёндим

Телбаларча инондим мен Қуёшга,

Деразамдан кириб келди руҳлар,

Зулмат билан, зулм билан сирлашдим.

1993

Мени таъқиб қилар шоир деган ном,

Чиқмаган шеъримга садақа олдим.

Асло тарк этмади қурмағур Илҳом,

Неки ундан ўтди, Худога солдим.

Қирқ йил шеър ёздим. Эй воҳ, бўлмади,

Роса йигирма йил югурдим, елдим,

Аммо топилмади бирор мард ношир.

Ҳаёт жоми тўлди. Кўнгил тўлмади,

Кўксимни йиртдим мен, бағримни тилдим,

Ай сен, ай, олтмишни тепган ёш шоир.

Юзимни, оғзимни ёпди соқоллар,

Сомонлари тешиб чиқди теримни.

Маймунлар йиғлади, кулди шоқоллар,

Сичқонлар еб кетди охир шеъримни.

25.09.2000

АбдуРауф Парфи