02:55 msk, 24 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

«www.press-uz.info» сайти Ўзбекистон бош прокурорининг сўзларини инкор этмоқда

30.01.2006 14:32 msk

Алексей Волосевич

Андижон воқеаларида ҳалок бўлган аёллар сони анча кўп эди. Ўзбекистон ҳукуматининг «www.press-uz.info» ташвиқот сайти яқинда Ўзбекистон бош прокурорининг сўзларини бутунлай рад этди. Бу сайтда «Қора ниятнинг қилиқлари ёки Андижонда содир этилган терактларда ҳалок бўлганларнинг сони расмий маълумотларда кўрсатилганидан кўп эмаслиги кимга тинчлик бермаяпти» дея узундан узоқ сарлавҳа остида эълон қилинган мақолада ҳалок бўлганларнинг Москвадаги «Мемориал» ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази томонидан эълон қилинган рўйхати ҳақида сўз боради.

Эслатиб ўтамиз, бу рўйхат ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази ходимлари томонидан Ўзбекистон бош прокуроратурасининг «Андижон иши» бўйича биринчи суд жараёнидаги айблов хулосаси асосида тузилган эди. Унда Андижон воқеалари пайтида ҳалок бўлган 183 одамнинг фамилияси бор.

«www.press-uz.info»даги мақола муаллифи Ғулом Мирзаев «Мемориал»даги рўйхат ҳақида яхши фикр билдириб, бу рўйхатнинг ҳақиқатга тўғри келиши ва жуда тўлиқ эканлигини таъкидлайди:

«Бизнинг фикримизча, «Мемориал»даги рўйхатда келтирилган фамилиялар билан айблов хулосасидаги фамилиялардаги баъзи тафовутлар (масалан, Атабеков-Отабеков, Иргашев-Эргашев, Юлдашев-Йўлдошев, Ясиров-Ясинов, Абдуносир-Муҳаммадносир) ва айрим исм-шарифларнинг тартиб қаторидаги фарқни ҳисобга олмасак, улар деярли ўхшаш. Биргина тафовут «Мемориал» марказининг рўйхатида 2005 йилнинг 13 май куни Андижон вилояти ҳокимияти олдида террористлар томонидан отиб ўлдирилган жабрланувчи Маҳамат Маматқулов ҳамда Қирғизистоннинг Ўш вилояти Аравон туманида яшаган ва Тешиктош қишлоғида ўлдирилган террорчи Турғунова Рўзахонларнинг исми-шарифлари келтирилмаган”, - деб ёзади ўз мақоласида Ғ.Мирзаев. Шундай кейин мақола матнидан аниқланадики, ҳуқуқни ҳимоя қилиш марказининг маълумотлари билан бу қадар ҳайратланарли розилик муаллифга қуйидаги хулосани чиқариш учун керак экан:

«Ҳар икки ҳолатда ҳам ҳалок бўлганлар сони бирдай эканлиги муҳим. Бу нима ҳақда гувоҳлик беради? Биринчидан, бу Андижон воқеалари бўйича тўпланган расмий маълумотларнинг аниқ, тўла ва узил-кесил эканлигини тасдиқлайди. Иккинчидан, бу Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, суд органлари ҳамда дипломатик корпус вакилларидан иборат ишчи гуруҳ ва парламент комиссияси Андижонда содир этилган террористик актларнинг сабаб ва оқибатларини ҳар томонлама ўрганиб чиққан ва асосга эга бўлган хулоса ва қарорларни чиқарганлигини тасдиқлайди. Учинчидан, бу баъзи чет эл оммавий ахборот воситалари ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларининг «қурбон бўлганлар сонининг расмий эълон қилинганидан бир неча бор кўп эканлиги» ҳақидаги ўйлаб топилган хаёл ва фаразларини асосли равишда рад этиш фактидир».

Юқорида айтилганлардан кўриниб турибдики, ўзини «Сиёсат» ахборот – таҳлилий марказининг эксперти деб атаётган жаноб Мирзаев «Мемориал»да эълон қилинган рўйхатни бошқа, бегоналар учун ёпиқ бўлган рўйхат билан солиштириш имкониятига эга бўлган. Бошқача айтганда, у мустақил журналист ва сиёсатшунослар учун ёпиқ бўлган маълумотларни олиш ҳуқуқига эга бўлган. У берган маълумотлар «Мемориал»даги аталган рўйхатни тўлдиради ва бунинг учун унга раҳмат. Бироқ шу вақтнинг ўзида улар Ўзбекистон бош прокурорининг гапларини тасдиқламайди, балки рад этади.

Эслатиб ўтаман – Андижон воқеаларида ҳалок бўлганларнинг сони - 187 нафар. Бу рақам қаёқдан олинди? Ўзбекистон бош прокурори «Андижон иши» бўйича Олий Мажлис учун биринчи суд жараёни олдидан махсус ҳисобот тайёрлаган. Бу ҳужжатда айтилишича, ҳаммаси бўлиб Андижон воқеалари пайтида 187 киши ҳалок бўлиб, улардан биттаси аёл киши ва икки нафари балоғат ёшига етмаганлар бўлган. Бу маълумотлар ҳалигача расмий ҳисобланади. Ғ. Мирзаев айнан ана шу баёнотни, тўғрироғи унинг 187 кишининг ҳалок бўлганлиги ҳақидаги биринчи қисмини «Мемориал» марказига таянган ҳолда тасдиқлашга уринган. Бироқ «Мемориал»нинг рўйхатида бош прокуратура айтганидек бир эмас, балки уч аёлнинг исми-шарифлари келтирилган. Улар Ҳидоят Зоҳидова, Ёрқиной Қодирова ва Одинахон Тешабоева. Ғулом Мирзаев эса унга тўртинчи аёл - Рўзахон Турғуновани қўшмоқда. Демак, бош прокурор атайлаб Олий Мажлис комиссиясини алдаган эканда?

Ўрни келганда айтиш керакки, шахсан мен Андижон кўчаларида ҳалок бўлган уч аёлни ўз кўзим билан кўрганман. Агар улардан бирини Ёрқиной Қодирова деб фараз қилганда ҳам, уларнинг қолганлари кимлар? Ахир «Мемориал»нинг рўйхатига кўра қолган уч аёл Андижонда эмас, Қирғизистон билан чегарадош бўлган Тешиктош қишлоғида ҳалок бўлган-ку?! Шуни белгилаб ўтиш керакки, Андижон воқеаларида фақат бир аёл ҳалок бўлгани айтилган якуний ҳисоботни бош прокурор сентябрь ойида, ўша машъум воқеалардан кейин тўрт ой ўтгач эълон қилган. Бошқача айтганда, ҳалок бўлганларнинг сони унга яхши маълум бўлиб, бу ҳатто айблов хулосасига ҳам киритилган. Бироқ бош прокурор парламент комиссиясига атайлабдан қалбакилаштирилган маълумотларни берган. Бу ерда шундай савол туғилади: агар бош прокурор ҳолда алдаётган бўлса, эҳтимол у кўрсатган 187 сони ҳам тўрт аёл ўрнига бир аёл кўрсатилганидек, ҳақиқатга тўғри келмас? Ёки бу таққослаш натижаси яна ҳам кўпроқми?

Шуни айтиш керакки, расмий ҳокимият вакиллари ва улар билан яқин алоқада бўлган одамларнинг тасодифий айтиб юборган гапларидаги хатолар ҳавас қиларли даражада тез-тез такрорланиб туради. Мисол учун, бош прокурор қошида тузилган Андижон воқеаларини текшириш бўйича экспертлар гуруҳи таркибига кирган исломшунос ва сиёсатшунос Бахтиёр Бобожонов гўёки бош прокурорнинг Андижон воқеалари пайтида фақат икки балоғатга етган болалар ҳалок бўлгани ҳақидаги расмий баёнотини унутиб қўйгандек Россиянинг ТВЦ каналига шундай дейди: «отиб ташланган мана шу тинч аҳолининг 80 фоизи эксгумация қилинганда уларнинг ўғирланган қуроллардан отилганлги маълум бўлди. 20 фоизи аниқланмади. Улардан кўпчилиги болалар. Мана шу қонли тартибсизликларда мен ҳаммадан ҳам болаларга ачинаман». Бобожоновдан шуни сўрагим келади: сиз жуда кўп болаларнинг отилганини айтяпсизми? Хўш, унда фақат икки боланинг отилгани ҳақидаги бош прокурор баёноти ҳақида нима дейсиз? Сизлардан кимингиз ёлғон гапиряпсиз – сизми ёки бош прокурор?

Расмий маълумотлардаги бундай қарама-қаршиликлар нима учун шу пайтгача ҳалок бўлганларнинг рўйхати эълон қилинмаганини изоҳлайди. Сиртдан қараганда бундай махфийлик тергов сири деб кўрсатилмоқда. Ғулом Мирзаев ўзининг мақоласида ёзишича, Ўзбекистон бош прокурори матбуот хизматида унга ҳалок бўлганлар рўйхати ЖПКга мувофиқ тергов ва суд ишлари якунига етгунига қадар тергов сири сифатида сақланишини маълум қилишган. Ўз вақтида қурбонлар рўйхати парламент комиссияси ва Андижон воқеаларини ўрганиш бўйича дипломатик корпус вакилларидан иборат ишчи гуруҳига тақдим этилган. Афсуски ҳозирча парламент комиссиясига берилган рўйхатга қанча аёлнинг фамилияси киритилганлиги номаълум. Биттами, тўрттами?

Бу саволни мутлақо риторик деб ҳисоблаш мумкин. Чунки расмий шахслардан ҳеч ким жавоб бермаслиги аниқ.