08:51 msk, 14 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Жалолободликлар вилоят губернаторининг ишдан олинишига қарши норозилик билдирдилар

22.01.2006 14:14 msk

А.Мамараимов. Жалолобод

20 январь куни шошилинч равишда Жалолободга етиб келган Қирғизистон Республикаси президенти маъмурияти бошлиғи Усен Сидиқовнинг вилоят аҳолиси билан учрашуви бўлиб ўтди. Бундай шошилинч ташрифнинг сабаби – вилоят аҳолисининг мамлакат президентининг губернатор вазифасини бажарувчи Жусуп Жээнбековни «бошқа ишга ўтганлиги сабабли» ўз лавозимидан бўшатиш ҳақидаги фармонига қарши норозилиги бўлди.

Эслатиб ўтамизки, бу фармон президент Бакиев томонидан имзоланиб, Жээнбековнинг ўрнига бунгача Талас вилояти губернатори бўлиб ишлаб келаётган Искандер Айдаралиев тайинланганди. Жээнбековнинг сўзларига қараганда бу фармоннинг чиқиши унинг учун кутилмаган ҳол бўлди.

Ушбу фармон барча учун кутилмаганда 2006 йилнинг 19 январи куни вилоят ҳокимлиги коллегиясидан кейин вилоят фаоллари билан учрашувда республика Бош вазири ўринбосари Медетбек Керимқулов томонидан эълон қилинди. Бироқ бундан норози бўлган одамлар, жумладан, айрим давлат хизматидаги кишилар ва яқинда сайланган қишлоқ ҳукумати бошлиқлари бу қарорга қарши эканлигини билдирдилар. Керимқулов алламаҳалгача бу ерда дарров йиғила қолган одамларни тинчлантиришга ҳаракат қилди, бироқ уларни аталган қарорнинг тўғрилигига ишонтиришга эришолмади.

Мамлакат жанубига зудлик билан етиб келган президент маъмурияти бошлиғи Усен Сидиқовнинг жалолободликлар билан учрашуви вилоят ҳокимлигининг охиригача тўлиб-тошган катта залида бўлиб ўтди. Учрашув сўнггигача одамлар келиб қўшилавердилар ва натижада президиумда ўтирган Усен Сидиқов ҳамда Бишкекдан келган бошқа катта амалдорлар йиғилганларнинг тор доираси ичида қолдилар.

Учрашувда йигирмага яқин одам чиқиб гапирди ва уларнинг деярли ҳар бири президент фармонини бекор қилишни талаб қилдилар. Ақл-идрок билан иш кўриб, президент фармонига бўйсунишга чақирганларни одамлар эшитишни истамадилар. Усен Сидиқовнинг норози бўлиб қичқиришлар ва луқмалар остида ярим соатдан кўпроқ вақт давомида сўзлашига тўғри келди. У президентнинг бу қарорини кадрлар сиёсатига ўринларни алмаштириб туриш (ротация) принципини киритиш истаги ва Жээнбековга янги лавозим берилиши билан тушунтирди. Бироқ у қандай лавозим эканлигини айтиб беролмади.

Ишдан олинган губернатор унинг ўрнига тайинланган собиқ Талас вилояти губернатори Искандер Айдаралиевнинг одамлар олдида кечирим сўраб, агар улар қабул қилмасалар, бу ерда ишлай олмаслигини маълум қилганлигини билдирди. Жээнбеков Айдаралиевнинг ишга келмаганлигини айтиб Усен Сидиқовдан ўзини бу лавозимда 26 январгача, яъни президент билан юзма-юз ўтириб, бу масалани ҳал қилиб олгунга қадар ишлаб туришига рухсат беришини сўради. Усен Сидиқов ўзининг президент фармонини ўзгартиришга ҳуқуқи йўқ эканлигини айтиб, одамларни сабрли бўлишга чақирди, президентнинг бу масалани ҳал қилишда жалолободликларнинг фикри ва позицияларини ҳам ҳисобга олишини таъкидлади. Охир-оқибатда талаблари ижобий ҳал қилинмаган тақдирда бу ердан кетмасликка ваъда берган одамлар зални ташлаб чиқиб кетишди.

Учрашувдан кейин Жусуп Жээнбековнинг матбуот анжумани ўтказиши режалаштирилган эди, бироқ одамлар бунинг ўрнига уни қўлларида кўтариб, учинчи қаватга, ўзининг иш ўрнига олиб чиқиб кетишди. Шундан сўнг президент маъмурияти бошлиғи маҳаллий раҳбарлар иштирокида учрашув ўтказгач, Бишкекка қайтиб кетди.

Жусуп Жээнбеков кечиктирилган матбуот анжуманини ўтказиб, ўзининг бу фармон чиққанидан бехабар қолганини, шунинг учун хафа эканлиги, ўзининг ишдан олинишига асос йўқ деб ҳисоблаши ҳақида гапириб берди.

25 январь куни Ж. Жээнбеков президент томонидан қабул қилинадиган, унгача эса ўз лавозимида ишлаб турадиган бўлди.