15:17 msk, 24 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон парламентининг «Халқ сўзи» газетаси сиёсий партияларни бир жинсли никоҳ ва замонавий оммавий маданиятга қарши курашга чақирди

21.01.2006 19:11 msk

Ҳ. Орипов. (Тошкент)

Ўзбекистон Олий Мажлисининг расмий нашри бўлган «Халқ сўзи» кундалик газетаси 19 январь куни «Маънавиятсизликка қарши» сарлавҳали мақола эълон қилди. Мақолада газета сиёсий партияларни замонавий ғарб маданиятининг ёшларга кўрсатаётган салбий таъсирига қарши курашга чақирди.

«Бир неча ҳафта олдин чет эл телеканаллари орқали бир эркакнинг бошқа бир эркак билан никоҳдан ўтиш тантанаси ҳақида хабар тарқатилганида мамлакат ОАВларининг бу беъмани фактга ҳеч қандай баҳо бермаганликлари ҳаммасидан ҳам ҳайратланарли бўлди», - деб бошлайди ўз фикрларини мақола муаллифи Ильдар Мударисов. – «Майли, қаердадир бизга тушунарсиз бўлган мантиққа асосан бир жинсдаги одамларга никоҳдан ўтишга рухсат бераверишсин, бироқ бизда бу нарсанинг бўлиши асло мумкин эмас. Ахир бу маънавий-ахлоқий қадриятларнинг бутун тизимига, биринчи галда жамиятнинг энг муҳим ячейкаси бўлган оилага қарши берилган жиддий зарба-ку! Бироқ нега бизнинг ҳали онги тўла шаклланмаган ёш ватандошларимизга бу нарсани ҳеч ким тушунтирмади?»

Ўзбекистон аҳолиси, шу жумладан ёшларга, бир жинсли никоҳнинг нотўғри эканлигини тушунтиришга ҳожат йўқ, деб муаллифга эътироз билдириш мумкин. Чунки, мамлакат Жиноий кодексидаги 120-моддага мувофиқ «эркак кишининг бошқа эркак билан ўзининг жинсий эҳтиёжларини зўравонликсиз қондириши уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади». Яъни, шаклланиб қолган маънавий ахлоқий қадриятлар юридик томондан ҳимояга олинган бўлиб, бунинг мантиқи анъаналари ва менталитети давлатнинг фуқаролар шахсий ҳаётига аралашувини қатъиян ман қиладиган Европа мамлакатлари аҳолисига тушунарсиздир.

Бироқ бу масала мақоладаги асосий нарса бўлмасдан, тўғрироғи «сўзбоши» эди. Парламент газетаси чиқишининг асосий пафоси бир жинсли никоҳларга эмас, балки давлат идеологларининг фикри бўйича ўзбек жамиятига бузғунчиларча таъсир кўрсатаётган, «демократия ва эркинлик ниқоби остида тарқатилаётган» замонавий оммавий маданиятга қарши қаратилган эди.

«Халқ сўзи» мана шу таъсир натижасида «пулга ўчлик, кўнгил очиш ва ҳузур-ҳаловатга тўймаслик каби тушунчаларга берилувчи баҳо мутлақо тескари томонга ўзгарди», деб ҳисоблайди.

«Бизга ҳар куни, агар ҳар соатда бўлмаса, кўрсатилаётган фильмлар ва сериаллар орқали устомонлик билан, самарали равишда раҳмсизлик ва зўравонлик, бузғунчилик, бойлик орттириш ва хоҳлаганини қилиш каби салбий ҳолатларни пропаганда қилишмоқда», - деб ёзади ўз мақоласида Мударисов ва нимагадир мисол тариқасида жаҳон кино классикаси асарларини, уларнинг бадиий қадр-қимматини инкор қилмаган ҳолда, келтиради:

«Мисол учун, «Париждаги сўнгги танго» кинофильми жаҳон кинематографининг дурдоналари қаторига кириши шубҳасиз», бироқ унинг яратувчилари картинани нормал одамнинг кўнглини айнитмай қўймайдиган порнографик саҳналар билан тўлдириб ташлаганлар. Аммо мана шу мураккаб лентани кўргандан кейин ёш йигит ёки қиз ундан нима олади? Ким уларга бу дурдонанинг қадр-қимматини ва беъмани қадрларнинг зарурлиги ёки кераксизлигини тушунтириб беради?

Бу ерда муаллифни ким ва бунинг устига куч ишлатиб, фильмларни кўрсатаётганлиги тушунарсиз бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон давлат телевидениеси каналлари томошабинларни Бернардо Бертолуччининг фильмларини кўрсатиш билан эркалатмайди. Ҳеч қачон улар «Париждаги сўнгги танго» кинофильмини, ҳатто цензура томонидан қирқиб ташланган ҳолатда ҳам кўрсатишга журъат қилишмаса керак. Бунинг сабаби эҳтимол бемаъни саҳналар эмас, балки машҳур Италия кинорежисёрининг дурдонасида ахлоқий ва маънавий бузилишнинг энг юқори даражаси ҳақида ёрқин ҳикоя қилади. Бунга инсон шахсини давлат диктатураси мажбур қиладики, бу нарса телетомошабинларни жуда хавфли бўлган ўхшатишларга етаклаши мумкин…

Фақат Россия телеканалларини ретрансляция қиладиган кабель телевидениесига келсак, у 2005 йилнинг майидан тортиб кучли назорат ва давлат цензураси остига олинган. Наҳотки, бу каналлар орқали намойиш қилинадиган «Бечора Настя», «Телба», «Мастер ва Маргарита», «Муҳаббат адьютантлари» ва бошқа сериалларда раҳмсизлик ва зўравонлик, бузғунчилик, бойлик орттириш ва хоҳлаганини қилиш каби салбий ҳолатлар пропаганда қилинса? Бемазагарчилик баъзида учраб туради, бироқ Ильдар Мударисов бу сериалларда ундан ҳам ёмон нарсаларни кўра олган шекилли.

«Халқ сўзи» мухбири идеологик томондан шубҳали бўлган дурдоналар тоифасига «Тутинган ота» ва «Кунларнинг бирида Америкада» фильмларини ҳам қўшиб, улардаги ғояларнинг қачонлардир кенг омма онгига етиб боришига умид билдиради. Бироқ «Маънавиятсизликка қарши» мақоласининг муаллифи бундан кутилмаган ва ёвуз хулосаларни чиқаради.

«Умуман менимча маънавиятга бўлган хавф мисли кўрилмаган даражада ўсиб кетди. Агарда уларга қандай қилиб қарши туриш мумкинлиги тез орада аниқланмаса, бу жамиятимизнинг баъзи аъзолари, биринчи галда ёшларнинг маънавий бузилишига олиб келади. Чамаси, маънавиятни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш зарурати етилган кўринадики, унда бизга ёт бўлган пропагандага, бизга ёт бўлган дунёқараш ва ғояларга қарши туриш бўйича аниқ қадамлар белгиланиши керак», - деб ёзади у.

Нима ҳам қилардик, Ўзбекистонда турли хил идеологик дастурлар тўлиб ётибди. Муаллифнинг парламент нашри учун мантиқан тўғри бўлган таклифи жуда қизиқ туюлади: «бу ерда сиёсий партиялар учун кенг фаолият майдони мавжуд ва бу фаолият сайловлар даври билан чекланмаслиги керак. Қизиқарли диспут ва таниқли мутахассислар иштирокида кинофильмни муҳокама қилиб, ундан кейин концерт ёки дискотека таклиф қилинса, бундай тадбирдан ким бош тортади? Бизда чекка қишлоқларга «саломатлик поездлари» қатнайди. Нега энди «маданият поездлари»ни жўнатиш мумкин эмас?» - таклиф қилади мухбир. Чамаси у СССР пайтида Иттифоқ республикасининг чекка жойларига республика комсомоли МК томонидан жўнатилиб турадиган кўплаб «агитпоездлар» таркибида юрганини эслаган.

Энг кулгилиси шундаки, расмий ҳокимият нашри саҳифаларида айтилган бу ғоя тез орада амалга оширила бошлаши мумкин. «Халқ сўзи»даги мақолани «юқоридан кўрсатилган қимматли кўрсатма» сифатида қабул қилиб, ЎзЛиДеп, ЎХДП ёки «Фидокорлар» партиялари маҳаллий ташкилотларининг лидерлари ва фаоллари ҳақиқатан ҳам халқ ичига, ёшлар орасига бориб турли диспут ва кинофильмлар муҳокамасини бошлаб юборишлари мумкин.

Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги иттифоқчилик муносабатлари кучайиб бораётган бир пайтда бу кампанияни бугунги кунда кўплаб кинозалларда қўйилиб, миллионлаган томошабинларни йиғаётган «Кундузги дозор» фильмини муҳокама қилишдан бошлашни маслаҳат берган бўлардик. Мунозара учун мавзуни «Қора ва Оқ ўзгаларнинг маънавий-ахлоқий қадриятларининг қарама-қаршилиги» деб аташ мумкин бўларди. Бироқ бундай қилиб бўлмаса керак. Билиб бўладими, «ўзгалар» сўзи Ильдар Мударисовга ўхшаган қандайдир идеологни шубҳа ва рухсат берилмаган ўзгача фикр юритиш, ёт кўринишларга туртиб юбориши мумкин… Агар бундан ҳам ёмонроғи бўлмаса.