13:36 msk, 17 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистоннинг алданган зиёратчилари мамлакат муфтияти раҳбарларини судлашни талаб қилмоқдалар

14.01.2006 15:19 msk

А. Мамараимов, Жалолобод

Қирғизистон ҳукумати қошидаги дин ишлари бўйича агентлиги директори Умурзақ Мамаюсуповнинг кеча мамлакат жанубида ўтказган учрашуви чоғида алданган ва ҳаж сафарига бора олмай қолган зиёратчилар бунинг учун айбдор бўлган муфтият раҳбарларини суд жавобгарлигига тортишни талаб қилишди.

Эстатиб ўтамизки, Фарғона.Ру ўзининг «Қирғизистоннинг ортиқча зиёратчилари»: икки ярим минг мусулмон Ҳаж сафарига боролмадилар» (Фарғона.Ру, Элмурод Жусупалиев, Алишер Соипов) мақоласида Саудия Арабистони томонидан берилган 4500 ўринга етти минг кишидан ҳужжат йиғиб олган ҳаж сафари ташкилотчиларининг айби билан бу йилги ҳаж мавсумида барча ҳаражатларни тўлаб қўйган мусулмонларнинг учдан бир қисмидан кўпроғи зиёратга боролмай қолганлиги ҳақида ёзган эди.

Йиғилишда мамлакат муфтияти вакиллари жабрланганлар олдида ўзларини оқлашга ҳаракат қилдилар, лекин одамлар уларни эшитишни хоҳламадилар. Жалолобод вилояти қозиси Дилмурод ҳожи Орозовнинг гапларига қараганда, фақат мана шу вилоятнинг ўзидан бу йил 1600 дан ортиқ одам ҳажга бориш ниятида ҳужжатларини топширишганки, бу одатдагидан икки баробар кўпдир. Уларнинг 700 нафардан кўпроғи ҳаж сафарига жўнаб кета олмадилар, бир қисми эса, турли сабабларга кўра ҳар хил давлатлардан орқага қайтишга мажбур бўлишган. «Биз барча ҳужжатларни муфтиятга кўпчиликдан олдин топширган эдик. Бироқ, ҳажга жўнатиш бўйича штаб раҳбарларининг айби билан бизнинг одамларимизни кейинги навбатларга суриб қўйишган, - деди Ўрўзов, - ўзимнинг бу штаб аъзоси эканлигимни эса мен мана шу муаммолар бошлангандан кейин билдим».

Саксон беш ёшли оқсоқол Ҳабибулло ҳожининг кампири ва тўрт яқин қариндоши Бишкекдан орқага қайтишга мажбур бўлишган. Йўлдаги муаммолар ва стресс оқибатида унинг кампири оғриб қолган, оиласи эса жуда катта миқдорда маблағ йўқотган. Унинг фикрича, барча муаммоларнинг келиб чиқишига ҳар бир зиёратчидан беш доллар миқдорида «ҳақ» оладиган муфият ходимларининг очкўзлиги сабаб бўлган. «Бунда биргина одамлар жабр тортганлари йўқ, - деб таъкидлади оқсоқол, - биз мамлакатимизни бутун дунёга шарманда қилдик. Айбдорлардан бу иш учун қаттиқ сўраш керак…».

Ўн йилдан кўпроқ вақт мобайнида одамларни ҳажга олиб бориб келаётган ҳожибоши Сайфиддин Ҳайдаровнинг фикрича ҳам, барча муаммо учун муфтият раҳбарлари ва уларнинг жой-жойлардаги вакиллари айбдорлар. У бу ишга Ислом динини ёмонотлиқ қилиб, мусулмонлар орасига нифоқ солишга интилган кучлар ҳам аралашган, деб ҳисоблайди. Ҳайдаров шуни ҳам маълум қилдики, Бишкекда ташаббускор гуруҳ томонидан таркибига ҳожибошилар ва сафарга бора олмай қолган зиёратчилар кирган 17 кишидан иборат комиссия тузилди. Комиссия вазиятни ўзи шахсан текшириб, унинг натижаларини тегишли органларга топширишга жазм қилган.

Фуқароларнинг саволларига жавоб берар экан, Дин ишлари бўйича агентлик директори У.Мамаюсупов муфтият раҳбарлигига вазиятни ўрганиб чиқиш учун 25 февралгача муҳлат берилганлигини маълум қилди. Шунингдек у бу воқеалар пайтида муфтий Муратали Жуманов яқин қариндоши қазо қилганлиги сабабли таътилда бўлганлигини билдирди. Кўрсатилган муддатдан кейин Агентлик вазиятни қараб чиқиб, ўз қарорини чиқаради. Мамаюсупов авваллари диннинг давлатдан ажралганлигини ҳисобга олиб агентлик бундай нарсаларга четдан қараб келганлигини тан олди. «Энди бундай бўлмайди. Биз энди айбдорларга қарши қаттиқ чоралар кўрамиз, сабаби бу ерда бизнинг фуқароларимизнинг ҳуқуқлари поймол қилинган. Айбдорлар албатта тегишли жазоларини оладилар ва одамлар кўрган зарар тўлаб берилади», - деб таъкидади у.

Шунингдек Мамаюсупов келаси йил ҳажга биринчи галда бу йил бора олмай қолганлар жўнатилишини маълум қилди. Бунга жавобан ҳажга бора олмай қолган оқсоқоллардан бири Каримов Абдувалининг, «Лекин сиз бизни кейинги йилгача яшайди, деб кафолат бера оласизми?» деган саволи жавобсиз қолди.