12:41 msk, 16 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Прокурорнинг қирғизистонлик журналистларга нисбатан огоҳлантиришлари конституцион сўз ва матбуот эркинлигига тажовуз қилмоқда

14.01.2006 15:15 msk

Холид Валидов (Бишкек)

Қирғизистоннинг «Демократия ва фуқаролик жамияти учун коалиция» ана шундай сарлавҳа билан баёнот тарқатди. Жамоат ташкилотининг раҳбари Эдил Байсалов қўл қўйган баёнотда айтиладики, ушбу нодавлат ташкилоти бир неча журналист ва сиёсий арбобларнинг номига чиқарган прокурорлик огоҳлантиришини берган пойтахт прокурори Учқун Каримовнинг баёнотини Қирғизистонда сўз эркинлиги ва сиёсий фаолият эркинлигига тажовуз қилиш, деб баҳолайди.

Кеча эрталаб Қирғизистон пойтахти прокурори Учқун Каримов матбуот анжумани ўтказиб, унда баъзи журналистларни янгиликларни баён қилишда «масъулиятсизлик» қилаётгани учун огоҳлантирди. Журналистлар ва айрим сиёсатчиларнинг мамлакат президенти Қурманбек Бакиевнинг оиласига «ташланишларга» йўл қўйганлиги прокурорнинг алоҳида норозилигини пайдо қилган.

Бишкек прокурори Учқун Каримов «Комсомольская правда - Қирғизистон», «Лица» каби нашрларда чиққан мақолалар Қурманбек Бакиевнинг фуқаро сифатидаги обрўси ва қадр-қимматига шак келтиради, деб ҳисоблайди. Прокурорнинг фикрича, кўпинча журналистлар текширилмаган маълумотларни эълон қилишади, ўз ишларида этик тамойилларга амал қилишмайди.

АКИпресс агентлиги берган маълумотга кўра, прокурор огоҳлантиришини 11 январь куни «Комсомольская правда - Қирғизистон» нинг бош муҳаррири вазифасини бажарувчи Александр Кулинский ҳам олган. У.Каримовнинг сўзларига қараганда, газетанинг 2006 йилнинг 6 январида чиққан сонидаги «Қирғизистон «лола инқилоби»дан кейин» номли мақолада ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар келтирилган. Жумладан, номаълум қирғизистонлик экспертларга таянган ҳолда айтилганки, Қирғизистонда коррупция юқори даражада, криминалитет ҳокимият билан чирмашиб кетмоқда, ҳокимият органлари иш қилмаяптилар ҳамда «Қирғизистон – коррупция ва порахўрлик мамлакатидир».

«Демократия ва фуқаролик жамияти учун коалиция» бошланиб кетган сиёсий эркинликларга нисбатан ҳужум учун шахсий жавобгарликни аввал антиконституцион руҳда бир неча бор чиқишлар қилишга жазм қилган республика бош прокурори Қ.Қонғантиевга юклайди. Коалиция президент Қ. Бакиевни зудлик билан прокурор ходимларининг айтганларини йўққа чиқариб, Қирғизистонда барча конституцион ҳуқуқ ва эркинликларнинг сўзсиз таъминланишига кафолат беришга чақирди.

«Демократия ва фуқаролик жамияти учун коалиция» журналистларни ОАВ ларга ана шундай йўл билан таъсир ўтказишга қилинган бундай ҳаракатларга эътибор бермасликка чақирди. Қирғизистоннинг демократлари журналистларни «республикада бўлаётган барча воқеаларни объектив ва тўғри ёритган ҳолда ўз профессионал бурчларини муносиб ва мардона давом этдиришга чақирдилар».

Тарқатилган баёнотда яна шу нарса ҳам айтиладики, «Коалиция давлат органларининг мамлакатдаги оғир аҳвол учун жавобгарликни яна бир бор ОАВ ходимларига юклаб қўйишга ҳаракат қилаётганликларини қоралайди ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини президентнинг обрўсини сақлашдек ўткинчи ишлар билан эмас, балки мамлакатга ва жамиятга нисбатан бўлаётган реал хавф билан курашишга чақиради».