06:37 msk, 19 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбек мактаби малакали ўқитувчилар етишмаслигидан азият чекмоқда ва амалдорлар сиқувидан жабр тортмоқда

14.01.2006 15:13 msk

Ирина Халилова

Тоталитар давлатнинг белгиларидан бири бу ўз халқига ҳар томонлама ишонмаслик бўлиб, бу нарса одатда фуқароларнинг ижтимоий, касб-ҳунар ва шахсий ҳаётларининг майда-чуйдаларигача тартибга солинганлигида кўринади.

Ўзбекистон ҳукумати яна бир бор ўзининг «буюк келажак бунёдкори»га (Ўзбекистонда ўқитувчи мана шундай шарқона гўзаллик билан номланади) бўлган «теран ва доноларча» меҳрибонлигини намойиш қилди. Бу меҳрибонлик Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг «Халқ таълими ходимлари иш ҳақларини тўлашни мукаммаллаштириш ҳақидаги» 225-қарори деган етарли даражада прозаик номга эга. Таълим соҳасидаги амалдорларнинг ишонтириб айтишларича, бу қарор иш ҳақининг камайишига олиб келмайди (буни ўша «меҳрибонлик» сифатида қараш лозим бўлса керак), лекин мактаб ўқитувчиларининг иш ҳафтасининг 20 соатдан 36 соатга ўсишини англатади. Бундан ташқари энди ўқитувчи аввалги ўқув ҳужжатларидан ташқари ўзининг мактабда ўтказган вақтини ҳар бир минутигача кўрсатиб турувчи улкан ҳажмдаги қоғозларни ҳам тўлдириши керак.

Умуман ўзбек ўқитувчиси дегани ким ўзи? У нима билан яшаб, нимага умид қилади?

Мустақилликнинг дастлабки йиллари Ўзбекистон таълим тизимининг энг ажойиб даври бўлганки, ўшанда халқ таълими бўлимлари ўзларининг мутлоқ ҳокимиятини ва муҳими, ҳар қандай ташаббусни туғилмай туриб бўғишга тайёрлигини қисман йўқотган эди. Бу ижодий экспериментлар ва изланишлар, бироз «очроқ» бўлсада, идеалларни топиш ва уларга эришишга бўлган ишончнинг энг ажойиб йиллари эди. Давлат органлари ўқитувчининг мақоми ва турмуш даражасини кўтариш учун маошларни кўтариб,тоифалар бўйича қўшимча ҳақларни киритган, ўқитувчиларга жамоат транспортида бепул юриш ҳуқуқини бериб, ҳатто коммунал хизмат ҳақларини тўлашда 50 фоизли имтиёзларни киритган эдилар.

Лекин барча яхши нарсанинг ўткинчи эканлиги яхши маълум. Бунинг устига улар биз хоҳлагандан кўра тезроқ ўтиб кетади. Ҳар қандай режимда ҳам биринчи галда яшаб кетадиган довюрак амалдорлик сиёсий мода ва юқоридан белгилаб берилган асосий йўналишларга қараб юз тузилиши ўзгартирган, ўтиш даврида олинган қўрқувидан халос бўлган ҳолда ўзининг севимли иши – реорганизацияга киришди.

Амалда бу маошнинг ўсишини тўхтатиб, мактаб ўқитувчисининг асосий ставкаси соатини кўтариш, имтиёзларни бекор қилиб, «коммуналка»ни тўлаш, турли хил ишларга, масалан, турли даражадаги сайлов кампанияларини ўтказиш, пахта теримида қатнашиш, мол ва уй ҳайвонлари сонини рўйхатга олиш, «онгсиз» аҳолининг (ўқитувчилар албатта онгли – уларнинг барча чиқимларини маошларидан ушлаб қолишади) электр ва газ ҳисоблагичларнинг рақамларини текшириш, чексиз шанбалик ва якшанбаликлар ва ҳоказо, ва ҳоказоларга тортишни билдирарди…

Ўқувчиларнинг ўзлаштиришдаги балларини ва уларни ҳисоблашнинг катта устомонлик билан чалкаштириб юборилган системасини ҳам эслаб ўтайлик. Бу тизимни ўқувчи ва унинг ота-онасигина эмас, балки ўша баҳоларни қўйган ўқитувчиларнинг ўзари ҳам доимо аниқ тасаввур қилавермайдилар. Бизнингча, вазирларнинг кўзига ёқимли кўринган, барча ўқитувчиларга сўзсиз кийдириш ташаббуси ва ўзбек ўқитувчисини жамиятнинг энг ҳуқуқсиз қисмига айлантириб қўювчи бошқа кўплаб нарсаларни ҳам бунга қўшиш керак.

Бироқ бу ҳаракатларниг ҳаммасининг ҳам бирор мақсади бўлса керак? Республика педагогика олий ўқув юртларини битирган ёш мутахассислар билан шу йилиёқ ўқувчилар орасида эзгулик, ақл-идрок уруғини сепишга тайёр бўлиб мактабларга ишга кирган ёшларнинг сонини солиштириб кўришимиз мумкинки, мактабдаги бўш иш ўринларига навбат кутиб турган одамлар йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Юқорида айтилганлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, бундай навбат кутишга умид қилиш вазирликдаги миямси шамоллаган амалдорларнинг каллаларидагина пайдо бўлиши мумкин. Агар бу уларнинг мақсадлари бўлган бўлса, дадил рапорт бераверилса бўлаверади – мақсадга эришилди!

Албатта мактаб биргина муаммолар билангина тирик эмас. Капитал ва жорий таъмирлаш ишлари юрмоқда, ўта тез бўлмаса ҳам комспьютер синфларининг сони ошмоқда, энг асосий кўрсаткич - ўзлаштириш – ҳар ҳолда бизнинг ўқувчиларимизга олий ўқув юртларида ҳажми ва мазмуни бўйича мураккаб тест имтиҳонларини топширишгаимкон бермоқда. Барча мамлакатларда ва барча даврларда таълим тизими ойлик маош ва имтиёзлар масалалари ҳеч қачон биринчи ўринда турмаган ташаббускорлар ҳисобига яшаб келади. Лекин сиз тасаввур қилиб кўринг-а, агар биз халақит бермаганимизда бу ўқитувчилар қандай яхши ишлашган бўлишарди. Ордона қолмайдими, ўша ёрдам дегани!

Ва ниҳоят охиргиси. Ҳар қандай тизим ҳам регенерацияга бўлган қобилияти билан кучли. Хўш, бугун ишлаётганлар кетиб, уларнинг ўрнига «янгиликлар» билан қўрқитиб қўйилган ёшлар келмай қўйса нима бўлишини тасаввур қила оласизми? Шундай бўлгач, бундай глобал ислоҳотларни киритишдан олдин уларга бевосита тегишли бўлган инсонлардан сўраб кўрилса яхши бўлмайдими? Наҳотки охирги марта мактабда ўзининг битириш кечасида бўлган амалдор мактаб ҳаётини қандай яхшилашни мактабни иш жойи эмас, ҳаёти деб билган одамдан кўра яхшироқ билса?

Республикада «мактаб таълимининг давла миллий дастури» тасдиқланиб, босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Ўқиб чиқиш босқичида бу ҳужжат одамда ҳурмат ва умид уйғотади. Лекин қонуннинг самарадорлигини унинг матни эмас, уни амалга оширишга қаратилган қонундан кейинги норматив актлар белгилайди. Мен, ўз келажагини Ўзбекистон билан боғлаган одам учун «Яхши қилишни ҳохлаган эдик, лекин доимгидек бўлиб чиқди», деган иборанинг бизнинг ҳаётимизга ҳеч қандай алоқаси бўлмаслигини жуда ҳохлар эдим.

Ирина Халилова, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими ходими