08:42 msk, 20 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Хоразмга кўмир беришди… Ўзбекистоннинг яна бир минтақаси газ етишмаслигидан азият чекмоқда

12.01.2006 16:37 msk

Сергей Наумов

Қахрли келган кейинги кунлар Ўзбекистоннинг бундан аввалги нисбатан илиқ келган қиш мавсумлари туфайли эркалаб қолган Хоразм вилояти аҳолисининг янги йил қувончларини бузиб қўйди.

Йигирма ва ундан ҳам паст даражадаги совуқ барчани – шаҳарликларни ҳам қишлоқликларни ҳам кутилмаганда оғир аҳволга солиб қўйди. Айниқса қишлоқликларга жуда қийин бўлди. Аксари ҳолларда қувурларнинг охирида жойлашган уйларга газ етиб бормай қолди. Мана шу сабабга кўра Урганч ва вилоят марказига яқин жойлардаги кўп қаватли уйларда ҳам «зангори олов»нинг босими кескин камайиб кетди. Илиқлик тақчиллигини Хива, Бўғот, Янгиариқ ва Қўшкўпир туманларининг аҳолиси ҳаммадан кўпроқ ҳис қилмоқдалар.

Ҳокимиятдагилар Хоразмга кўмир ташишни назарда тутиб, ёздаёқ бу ерда альтернатив илиқлик манбаларидан фойдаланиш кераклиги ҳақида гапира бошлагандилар. Хусусий сектордаги уй эгаларини бу нарса асло қувонтиргани йўқ. Ангрендаги кўмир конидан олинадиган кўмир жуда кўп кул тушиши билан ажралиб туради, антрацит эса аллақачон совет даврида қолиб кетган. Бироқ совуқ аҳолини кўмир сотиб олишга мажбур қилмоқда. Шундай қилиб аҳоли янги йил совғасини олди – Урганч станциясига кўмир юкланган 15 вагонли состав келди. Ўтган йили «Урганчкўмир» корхонаси ҳаммаси бўлиб 7200 тонна Ангрен кўмирини олганди. Истеъмолчиларга унинг ҳар тоннаси 25-30 минг сўмдан сотилмоқда.

Қаҳратон қиш фақат болаларга қувонч бағишламоқда. Таътил пайтида Урганч шаҳридан оқиб ўтадиган Шовот ариқида сирғаниш мумкин
Қаҳратон қиш фақат болаларга қувонч бағишламоқда. Таътил пайтида Урганч шаҳридан оқиб ўтадиган Шовот ариқида сирғаниш мумкин

Шуниси диққатга сазоворки, ўлкани газлаштириш аввалги суръатлар билан олиб борилмоқда. Вилоятдаги газ тармоқларининг узунлиги 6000 километрни ташкил қилади. Тармоқларнинг учдан бир қисми ер остида жойлашган ва зудлик билан реконструкция қилинишга муҳтож, чунки улар 20-30 йил аввал ётқизилган. Вазият шундайки, истеъмолчилар қувурлардаги газнинг учдан бир қисмини ололмай, у ҳавога учмоқда. Шу сабабли ўтган йили газ қувурларининг 70 километри таъмирдан чиқарилган эди. Газ қувурларининг барчасини ер устига олгунга қадар бир неча йил ўтади.

Урганч, яъни вилоят марказидаги ўчоқхоналар озми-кўпми барқарор ишлаб турибди. Лекин газ етарли бўлган тақдирда ҳам ўчоқхоналарнинг ходимлари баъзида қозонлардаги ҳароратни пасайтириб туришга мажбурлар. Турар-жойлардаги иссиқ сув билан таъминлаш тизими эскириб кетганлиги туфайли аксари ҳолларда зарур босимни кўтара олмай қолмоқда. Бироқ иссиқ сув учун ҳақни аҳолидан доимий равишда талаб қилишади.

Шаҳарликларнинг газ печларига ишониб, квартираларидаги батареяларини узиб қўйиб, расмий равишда иссиқлик узатувчи корхона хизматидан бош тортган ҳолатлар кўплаб учрайди. Бу билан одамлар анчагина маблағни тежаб қолишга эришмоқдалар. Урганч шаҳрида яшовчи Александра Васильевна Домушис ҳам ана шундай қилган.

- Ухлагани кийимим билан ётаман, акс ҳолда музлаб қолиш мумкин. Ҳамма ваъда беради, лекин иссиқлик қандай йўқ бўлган бўлса, ҳалигача йўқ. Совуққа қарамай ертўлаларда пашша кўп. Шунинг учун тунда пашшахонадан фойдаланамиз.