06:18 msk, 19 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Газ тақчиллигидан Самарқандда «буржуйка» печларини ишлатиш расм бўлмоқда, телевидение эса ўтинни реклама қилмоқда

12.01.2006 14:35 msk

ўз ахб. (Самарқанд)

Ўзбекистон учун одатдан ташқари бўлган бу йилги совуқ кўпчилик самарқандликларни аёвсиз совуқдан азият чекишга мажбур қилмоқда. Шаҳар четларида, масалан, «қишлоқ бозори» ҳудудида кўп йиллардан буён нормал газ билан таъминлаш ноябрдан бошлаб тугайди ва «чўнтаги кўтарган» хусусий уйларнинг эгалари қишлаш учун шаҳарнинг нуфузли туманларидан атайлаб сотиб олинган, буғли иситиш тизими мавжуд бўлган квартираларига кўчиб ўтишади.

Лекин шаҳарнинг эски бир ва икки қаватли уйлар жойлашган марказида на иситиш тизими ва на иссиқ сув бор, газ печлари эса босим етишмаслигидан совуқ ҳолатда турибди.

Бу жойда кўчадаги ҳарорат Цельсий бўйича 0 градус бўлганда ҳам одам яшайдиган хоналарда плюс тўққиз градусдан ошмайди. Ухлагани икки-уч қават кўрпа ёпинишиб, иссиқ кийимда ётишади. Бу йил қишда «буржуйка» печлари расм бўлмоқда, маҳаллий телевидениедаги рекламалар эса ўтиннинг нарҳи ҳақида маълумотларни бермоқда.

Бир юк машинасидаги арраланмаган ўтиннинг нархи 80 минг сўм (68 АҚШ доллари), ғўлаларга бўлингани эса – 100 минг сўм (84 доллар) туради. Рекламадаги эълонларга қараганда, ўтинни кубометрлаб сотиб олишмайди, уни кўпроқ миқдорда, яъни, баҳоргача етадиган қилиб олишни афзал кўришади.

Ўтинни қишлоқлардан олиб келишадики, у ерда газ ва кўмирнинг умуман йўқлигидан деҳқонлар уйларини «қўлда бор материаллар» - тезак, сомон ва буталарнинг шохлари билан иситишади. Шаҳардаги ўтин танқислиги ишбилармон қишлоқ аҳолисига ўтин сотиш билан бизнес қилишга туртки берди.

Бироқ Ўзбекистон ўрмон мамлакати эмас, шу сабабли деҳқонлар озгина пулни деб ёзнинг жазирама кунларида сал бўлсада салқинлик берувчи, шундоқ ҳам кўп бўлмаган дарахтларни кесиб юбора олишмайди. Табиийки, уларнинг эътиборини шаҳардаги дов-дарахтлар ўзига тортади. Шунинг учун қишлоқликлар Самарқанд шаҳридаги ҳовлиларнинг эгаларига ўзларидаги мавжуд йирикроқ дарахтларни, жумладан, мевали ва қадимий шаҳарнинг кўрки бўлган безак дарахтларни сотишларини сўраб мурожаат қилмоқдалар.

Самарқанддаги уйларнинг ҳовлиларида ўсаётган ярим асрлик чинор учун 60 минг сўм (50 доллар) беришлари мумкин. Бошқа томондан олиб қараганда эса Ўзбекистон қонунчилигига кўра, экологияга етказилган ўрнига келтириб бўлмайдиган бу зарар учун уч баробар кўп жарима тўланади.

Охирги пайтларда Ўзбекистоннинг расмий ОАВ ларида давлат амалдорлари энергия манбаларини тежаш зарурлиги ҳақида кўп гапиришмоқда. Жумладан, улар газ билан биринчи галда «кафолатланган истеъмолчилар», яъни муниципал турар-жой фонди, болалар боғчалари, мактаблар, касалхоналар ва новвойхоналар таъминланиши кераклигини таъкидлашади. Хусусий секторда эса, ўтин ва кўмир билан ҳам эпланса бўлади.

Амалда бу гап-сўзлар билан юзага келган энергетик инқирозни яширишга уринишмоқда. Ўзбекистонда ўтин ва кўмир йўқ. Нефт* ва газ экспорт қилинувчи хом-ашё, лекин 27 миллион кишилик аҳолиси бор мамлакат учун бу ички эҳтиёж учун ҳам етмай қолди.

Бу йилги қишнинг раҳм-шафқатсиз об-ҳаво шароитлари бунга қўшимча равишда шуни ҳам кўрсатдики, энергия манбалари тақчиллиги СССР пайтида тузилиб, ўн йил мобайнида капитал маблағ берилмаган, таъмир ва реконструкция қилинмаган иссиқлик ва газ тармоқлари билан ишлаётган коммунал соҳадаги сурункали тартибсизликлар туфайли ҳам кучаймоқда. Шу сабабли энди табиатнинг раҳмдиллигига умид қилмаса ҳам бўлади.

- Бизнинг квартирамиздаги ҳаётга, бошқа қўшни квартираларда ҳам бўлганидек, мой билан ишлайдиган иситгич билан илиқлик киритилади, - деб ҳикоя қилишади Самарқанднинг қоқ марказидаги Амир Темур кўчасидаги уйлардан бирида яшовчи одамлар, - кўпчилик қўшниларимиз хоналарини иситиш учун ўтин ёқиладиган печга ветилятор ўрнатиб олишган ва унинг ёрдамида иссиқликни, тўғри, кул ва тутун билан бирга, уйнинг олиски бурчакларига ҳайдайдилар. Яхшиямки ҳозирча электр энергияси ҳам бор. Бизнинг ота-боболаримиз уруш пайтида қилишганидек, «буржуйкаларни» ёқишни ўрганяпмиз. Чамаси, вақт орқага айлана бошлади шекилли…