08:42 msk, 23 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

«Қирғизистондаги ортиқча зиёратчилар»: икки ярим минг мусулмон Ҳаж сафарига бора олмадилар

12.01.2006 07:47 msk

Элмурод Жусупалиев, Алишер Соипов

Қирғизистон жанубидаги икки ярим мингдан ортиқ мусулмон диний раҳбарларнинг масъулиятсизлиги туфайли бу йил Ҳаж сафарига бора олмадилар. Икки ой аввал улар ўз ҳужжатларини ҳожибошиларга (Қирғизистон мусулмонлари муфтиятининг Ҳаж бўйича масъул кишилари) топшириб, барча харажатларни, шу жумладан йўл харажатларини, ҳар бир одамга 800 доллар атрофида тўлаб қўйишган эди. Лекин икки ҳафта аввал зиёратчиларни сафарга жўнатиш бошланганда уларга бу йил Ҳажга бориш учун берилган ўринлар тугаганини эълон қилишди.

Гап шундаки, Саудия Арабистони бу йил Қирғизистонга тўрт ярим минг кишилик ўрин берганди. Бироқ ҳожибошилар етти ярим минг кишидан ҳужжат йиғиб олганлар. Шундай қилиб, ажратилган лимит тугагач, Саудия Арабистонининг Москвадаги элчихонаси қолганларга лимитдан ташқари виза очишдан бош тортган.

- “Нега бундай бўлганини ҳеч ким билмайди”, - дейди Қирғизистон мусулмонлари муфтиятининг вакили, - “Мен бир нарсани айтишим мумкин: Ҳаж сафари учун лимитдан ташқари виза очилмайди, бу мумкин эмас. Шу сабабли 2500 киши бу йил Ҳаж сафарига боролмадилар. Биз ҳожибошиларни лимитдан ташқари ҳужжатларни олмаслик ҳақида огоҳлантиргандик. Энди улар алданган одамлар олдида жавоб беришлари керак”.

Ўшлик ҳожибошилар маҳаллий телеканал орқали чиқишиб, ўзларининг муфтият томонидан алданганликларини баён қилдилар. Уларнинг сўзларига қараганда, улар ўринлар тугаганлиги ҳақида муфтият томонидан огоҳлантирилмаганлар.

- «Зиёратчилардан тушган пулга биз Ҳажга бориш учун шинам автобусларни буюртирган эдик, зарур эҳтиёт қисмларни сотиб олиб, бошқа ҳаражатлар ҳам қилгандик. Энди бизга ишониб Саудия Арабистони визасини расмийлаштириш учун ҳужжатларини топширган одамларнинг моддий ва маънавий талофатларини тиклаб беришга бизнинг кучимиз етмайди. Мусулмонларнинг алданганлиги учун муфтият жавоб бериши керак», - дейишди ҳожибошилар маҳаллий телевидение орқали чиқишларида.

«Лимитдан ташқари» ҳужжатларини топшириб рўйхатга тушмай қолган мусулмонлар ўзларини товламачилик қурбонлари деб ҳисоблайдлар. Шу муносабат билан Ўшдаги Ҳаж маркази ва Бишкекдаги Қирғизистон мусулмонлари муфтияти олдида бир неча юз одам норозилик акциясини ўтказдилар.

- “Ҳажга Қирғизистон орқали бориш моддий томондан фойдали эканлиги барчага маълум. Бу ерда Ўзбекистон ва Хитойдагидан фарқли ўлароқ махсус хизмат текширувлари йўқ, хизмат ҳақлари ҳам пастроқ. Ва бундан бошқа республикаларнинг фуқаролари фойдаланмоқдалар. Менда Қозоғистон, Ўзбекистон ва хитойлик кўплаб фуқаролар (бу йил) Ҳажга Қирғизистон орқали кетганлиги ҳақида маълумотлар бор, республикамиз фуқаролари эса «ортиқча» бўлиб қолишди”, - дейди алданганлардан бири Керим Манапбаев.

- “Менимча, бундан кимдир манфаатдор бўлган”, - дейди бошқа бир пикетчи Мамир Айтикеев, - “Бу одамлар (муфтият вакиллари ва ҳожибошилар) бири-бирини ҳимоя қилишмоқда. Бунинг орқасида порахўрлик ва товламачилик турибди. Биз икки ярим мингдан ортиқ кишимиз. Ҳаж бўйича масъул кишилар давлат одамлари билан тил бириктириб, бизларни чув туширдилар”.

Баъзи алданган зиёратчиларнинг гапларига қараганда, бу жанжалдан кейин Ҳаж бўйича масъул кишилар уларга тижорат визаларини очиб, Ҳажга Алмати орқали чартер рейси билан жўнатишни ваъда қилишган. Бироқ кейин маълум бўлишича, бу уриниш ҳам чиппакка чиқан. Ҳозирча тасдиқланмаган миш-мишларга кўра, алданган зиёратчилар бир неча Ҳаж учун масъул кишиларни калтаклаб қўйишган. Улар касалхонага ётқизилганлар.

Оммавий зиёрат амалга ошириладиган Ийди Қурбон байрами арафасида Саудия Арабистонига автобусда жўнаган баъзи қирғизистонлик мусулмонлар Маккага етиб боришмаган ва яна Қирғизистонга қайтишга мажбур бўлишган. Бу ҳақда «Фарғона.Ру» АА мухбирига таниқли дин арбоби Муҳаммадрафиқ қори Камолов айтиб берди.

- “Менда Ўш, Қорасув, Ўзган ва Новқатлик беш юз-олти юз зиёратчининг Қирғизистонга қайтишга мажбур бўлганлиги ҳақида маълумотлар бор. Менга телефон орқали бир неча атобуснинг Астраханда туриб қолганлигини айтишди. Автобуслар совуққа чидамай, бузилиб қолган. Баъзи автобуслар фақат Эронгача етиб борган. Бироқ улар ҳам орқага қайтишган: зиёрат бошланишидан уч кун олдин Саудия Арабистони ҳокимияти чегараларни ёпишади”, - деб маълум қилди Муҳаммадрафиқ Камолов.

Норасмий маълумотларга кўра, Қирғизистонлик зиёратчилар билан Ҳажга жўнаган тўқсонта автобусдан фақат еттитаси Маккага етиб борган. Қолганлари ортга қайтишган.

Қирғизистон ҳукумати қошидаги Диний ишлар бўйича комисия вакиллари алоҳида тадқиқот олиб боришларини маълум қилдилар. Қирғизистон ҳокимияти зиёратчиларнинг барча ҳаражатлари қайтарилиши ваъда қилмоқдалар. Бироқ диний ишлар бўйича давлат комиссияси алданган одамларнинг ҳаражатлари қайси манба ҳисобидан тикланишини айтмаяпти. Ахир уларнинг ҳар бири ҳожибошиларга камида минг АҚШ долларидан тўлаганлар. Икки ярим минг зиёратчига камида икки миллион АҚШ доллари миқдорида пул қайтарилиши керак. Ийди Қурбон байрамидан кейин муфтиятни оғир кунлар кутаётгани эҳтимолдан холи эмас.