12:27 msk, 29 Апрель 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистонлик «Кўмир қироли» Нурлан Мотуевнинг ҳибсга олинишига жуда оз қолди. Унинг тарафдорлари намойишга чиқмоқдалар

11.01.2006 11:49 msk

Холид Валидов (Бишкек)

Жорий йилнинг 10 январида Қирғизистоннинг Норин вилояти Жумғал туманининг Чаек қишлоғида, туман милиция бўлими биноси олдида «кўмир қироли» Нурлан Мотуевнинг тарафдорлари обрўли лидерни ҳибсга олиш ҳаракатларини тўхтатишни талаб қилиб митинг ташкил қилишди. Ҳуқуқ ҳимоячиси Қачқин Булатов берган маълумотга кўра, Нурлан Мотуевни қўллаб-қувватлаш митингида уч мингга яқин одам қатнашди.

«Кўмир қироли» Нурлан Мотуев ҳақида «Фарғона.Ру» олдин ёзган эди (Қоракеча кўмир конини босиб олиш билан боғлиқ муаммо тўрт ойдан буён ҳал бўлмаяпти мақоласини қаранг). Кўмир конлари Нурлан Мотуевнинг тарафдорлари томонидан ўзбошимчалик билан босиб олингандан кейин Қирғизистоннинг революциядан кейинги ҳукумати қандайдир қонуний чораларни кўришга ҳаракат қиляпти. Расмий Бишкек томонидан қайсар босқинчини Ички Ишлар вазирлиги кучи ёрдамида нейтраллаштиришга ҳаракат қилинмоқда.

Нима учун Нурлан Мотуевни ҳибсга олиш ҳақидаги қарор мамлакат хукумати томонидан фақат бугун, шунча вақтдан бери Нурлан Мотуев ва унинг тарафдорлари томонидан Қоракечада қилиниб келаётган тартибсизликлардан сўнг қабул қилинди? ўзбошимчалик билан кўмир конларини босиб олиш жараёнини таҳлил қилиш бу жойда вазиятга таъсир кўрсатаётган икки куч мавжудлигини кўрсатади.

Биринчи куч – бу Нурлан Мотуевнинг кўмир конларини эгаллаб олиб, ундан фойда олиш ғоясига қўшилган очиқча криминал ва криминал атрофида ўралашиб юрган гуруҳлардир. Бироқ маҳаллий криминалитетнинг тахминига кўра бу акция Қирғизистоннинг революциядан кейинги ҳукумати мамлакатдаги аҳволни барқарорлаштириб, кўмир конини босиб олганларга ҳам «қўли етгунга» қадар давом этиши керак эди. Қарор қабул қилиш чўзилиб кетди. Кўплаб маҳаллий кузатувчилар Қирғизистон ҳокимиятининг энг юқори органларида кўмир конидаги тартибсизликларнинг давом этиши ва кўмирнинг назоратсиз тарзда сотилишидан манфаатдор шахслар бор, деб ҳисоблайдилар. Бу низонинг иккинчи кучи амалдорлардир.

Ўтган йилнинг 9 декабрида Нурлан Мотуев нимагадир бирданига президент маъмурияти бошлиғи Усен Сидиқов билан жанжаллашиб қолганлигини баён қилди. Бу баёнотдан кейин Нурлан Мотуев «Ақ-Улак» ДҲЖ кўмир қазиш корхонаси директори ловозимидан четлатилди. Кўпчилик Мотуев ўзининг бу баёноти билан жамоатчилик фикрини ўзига нисбатан ҳокимият томонидан кутилаётган чўзилиб кетган «кўмир учун жанг» майдонидан бир йўла олиб ташлаш ҳаракатларига тайёрлаш бўлди, деб ҳисоблайди. Бошқа томондан Нурлан Мотуевнинг бу баёноти ва кейин чиққан уни ишдан олиб ташлаш ҳақидаги фармон қайсидир маънода Усен Сидиқовнинг кўмир конларининг яширин «куратори» эканлигини тасдиқлайди.

Нурлан Мотуев мамлакат президенти Қурманбек Бакиевни «кўмир қироли»нинг фикри билан ҳисоблашишга мажбур қиларди, сабаби, унинг қўли остида бир неча юз ёш жангарилар бўлиб, унинг ўзи берган баёнотларга кўра доимо «босмачилик урушига» тайёр.

Кўмир конларини босиб олиш пайтида кўмир шахталарининг оддий ишчиларидан ташқари бу конларнинг собиқ эгалари, Норин вилояти губернаторининг ўринбосари, вилоят ИИБ бошлиғи, туман маъмурияти бошлиғи Мотуев томонидан калтакланган эдилар. Мотуев оддий ишчиларни жанговар гранатани силкитган ҳолда агар ойлик маошларини талаб қилишадиган бўлса уларни портлатиб юборишни ваъда қилиб қўрқитар эди.

Бу маълумот оператив тарзда Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизматига ҳам етиб турган. Тушунарлики, МХХда бунгача ҳам Нурлан Мотуевга қарши гувоҳликларнинг етарли эди. Бироқ, чамаси юқоридан бу маълумотни эълон қилмаслик ва Нурлан Мотуевга қарши ҳеч қандай чора кўрмаслик ҳақида яширин буйруқ бор, шекилли. Мотуев томонидан тортиб олинган кўмир конларининг собиқ эгалари ҳам доимо индамай келишган. Жумладан республика парламентининг депутати, мамлакатдаги энг бой одамлардан бири бўлган Қамчибек Жолдошбаев шу пайтгача улкан зарарлар кўраётган, Мотуев томонидан калтакланган бўлишига қарамай, ИИВда унинг аризасини қабул қилишмаяпти. Нима учун?

Биргина жавоб қолмоқда: барча ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини ушлаб турган катта амалдор ёки амалдорлар бор. Кўмир конларининг собиқ эгаларини куч қўллашдан эса кўмир сотишдан тушган пулни бўлишга аралашган криминал йўл бермаяпти.

Ҳозирги пайтда ҳокимият томонидан Мотуевни ҳибсга олиш учун қилинаётган ҳаракатлар шунга гувоҳлик берадики, у «кўмир қироли»ни ИИВ ва МХХдан кўпдан бери химоя қилиб келаётган кишилар ўрнашган Оқ уйнинг қўллаб-қувватлашидан махрум бўлган. Мотуевни хибсга олиш ҳақидаги буйруқ, аниқроғи, уни «ҳибсга олиш учун рухсат» олинди.

Чаек туманида 9 январь куни бўлиб ўтган норозилик акцияси марказий ҳокимиятдан фарқли ўлароқ, маҳаллий криминалитет Мотуевдан бирйўла юз ўгирмаганлиги ва уни кейинчалик бор айбни тўнкаб қўйиш учун қўғирчоқ сифатида сақлаб қолишга ҳаракат қилаётганлиги ҳақида гувоҳлик беради. Расмий равишда каръерларни босиб олиш ва давлатнинг кўмир сотишдан тушган миллионлаган доллар пулини ўғирлашда биргина Нурлан Мотуев айбланиб, фақат ва фақат у жавоб беради.

Яқинда Мотуевнинг хибсга олиниши ва янги йилда барча гуноҳларни унга ағдариб қўйилишига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Бошқа савол: Нурлан Мотуевдан катта сирларнинг очилишини кутиш мумкинми? «Кўмир босқинчиси»га шунча вақт давомида кўмир конларини ушлаб туришга ёрдам берган юқори даражали ҳомийларининг номлари маълум бўладими?

Мотуевнинг сукут сақлашидан маҳаллий бандитлар ҳам манфаатдорлар.

Мотуевнинг яна узоқ яшаши ва абадий жим бўлиб қолмаслигига жуда ишонгимиз келади.



 

Реклама