21:23 msk, 25 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон Республикаси президенти жаноб Қ. С. Бакиевга Жалолобод вилояти ўзбек жамоатчилигидан мурожаатнома

10.01.2006 17:53 msk

www.uzbek.ferghana.ru

МУРОЖААТНОМА

Ҳурматли Қурманбек Салиевич!

Бизни Сизга мурожаат қилишга минтақамизда иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий ва миллатлараро муносабатлар жабҳаларида вужудга келган ташвишли вазият ва ҳолатлар мажбур қилмоқда. Биз Сизга Қирғизистон Конституциясининг кафолатчиси сифатида айтмоқчи бўлган муаммоларимиз кўпдан буён мавжуд, бироқ улар март воқеаларидан кейин янада кучайиб кетди.

Биз шу пайтгача ўзимиз барча қонунга риоя қилувчи фуқаролар каби тўлаб келаётган солиқлар ҳисобига яшаб келаётган ҳуқуқни муҳофаза қилиш, фискал ҳамда бошқа давлат ижроия органлари томонидан ноқонуний муносабатда бўлиш объекти бўлиб келмоқдамиз. Масалан, вилоятга 10 миллион сўмдан кўпроқ сармоя олиб келган қўшма корхона раҳбари Аъзамжон Акбаров солиқлардан қарзи бўлмаган ҳолда молия полицияси томонидан асоссиз текширишларга дучор бўлган ва оқибатда унга қарши жиноий иш қўзғалган. Вазиятнинг нақадар беъмани эканлигига қарамай, жиноий иш ҳалигача ёпилмаган. Ана шундай ноқонуний текширув ва таъқибларга «Наврўз» дам олиш марказининг эгаси Шаҳобиддин Юсупов ҳам дучор бўлган.

«Қурулушматериали» очиқ турдаги ҳиссадорлик жамияти (ОҲЖ) раҳбари А. Қирғизов эса Жалолобод шаҳар мэриясининг ноқонуний ҳаракатларидан жабр тортмоқдаки, у 2005 йилнинг июлида 1992 йилдан буён ушбу корхонага тегишли бўлган ер участкасининг бир қисмини бошқа шахсга сотиб юборган. Сайловлар пайтида 30-сайлов округидан Жогорку Кенеш депутатлигига номзодларнинг агитаторлари ўртасида бўлиб ўтган тортишув бўйича таъқиб қилишлар ҳалигача тўхтагани йўқ. Ф. Шосалимов, Б. Ғофуров ва А. Алахуновларга қарши қўзғатилган қалбаки жиноий иш бир тўхтатилиб, бирда қайтадан қўзғатилади. Яқинда эса бу йигитларнинг шаҳарда, уйларида юрган бўлишларига қарамай, уларга нисбатан жиноий қидирув эълон қилинган. Афсуски, бу рўйхатни яна узоқ давом этдириш мумкин.

Охирги пайтларда қирғиз миллати вакиллари орасида ўзбекларга ва бошқа миллат вакилларига нисбатан нафрат туйғуларини уйғотиш кучайиб бормоқда. Кўчаларда, бозорларда ва турли йиғинларда, пикетларда тез-тез қирғиз миллатининг гўёки ўзбекларнинг, бошқа миллат ва элатларнинг айби билан жабр тортаётганлиги, ўша миллатларнинг қирғизларнинг қашшоқлашуви ва турмуш даражасининг ёмонлашуви ҳисобига бойиб бораётганлиги ҳақидаги баёнотлар очиқ жарангламоқда. Ана шундай сўзлардан кейин Қирғизистонни қирғиз бўлмаган миллатлардан озод қилиш, уларнинг мулкини тортиб олиш, ҳатто ўша мулк ва хонадонларга ўт қўйишгача бўлган чақириқлар янграмоқда. «90-йиллардаги Ўш воқеаларини такрорлаш» ҳақидаги қўрқитишлар жаранглаган фактлар ҳам бор.

Масалан, 2005 йилнинг декабрида қирғиз миллатига мансуб нотаниш аёллар «Life» жамоатчилик фонди офисига кириб келишиб, фонд раҳбарларининг қирғиз эмаслиги ва ходимларнинг ўзаро ўзбек тилида гаплашганликлари учун уят сўзлар билан ҳақорат қилган ҳолда, «ўзларингнинг Ўзбекистонларингга йўқолларинг!», деб талаб қилишган.

Яқинда Жалолобод шаҳри мэрининг кабинетида бўлиб ўтган воқеа эса сира ақлга сиғмайди. Мэрнинг кабинетига қўлларида уяли телефонлари билан бостириб кириб келишган бир неча аёл президент маъмурияти бошлиғининг буйруғи (265-сон, 2005 йил, 10 ноябрь) билан тузилган давлат комиссияси ва шаҳар мэри гувоҳлигида ўзбеклар шаънига ҳақоратли сўзларни айтишиб, уларнинг уйлари ва мулкларига ўт қўйиш, Ўш воқеаларини такрорлаш билан таҳдид солишган. Ана шу ҳолатда на шаҳар мэри ва на вилоят губернаторининг шу ерда ўтирган вакили аёлларнинг ҳатти-ҳаракатларига нисбатан бирор чора кўришмаган. Агар ана шундай даражадаги давлат амалдорининг кабинетида шундай ҳолатларга йўл қўйилса, кўчаларда, турли жамоат жойларидаги аҳвол ҳақида нима дейиш мумкин?

Бизни ташвишлантираётган нарса шуки, бу салбий ҳолатлар бугунгача давом этаётган пикет ва иғвогарлик йўли билан ерларни ва давлат лавозимлари эгаллаб олинаётган пайтда юз бермоқда. Энг ачинарлиси, маҳаллий ҳокимият вакиллари бошқа миллат ва элатлар, биринчи галда ўзбеклар шаънига айтилаётган ҳақорат ва камситишларга нисбатан ҳеч қандай эътибор қилмаяптилар.

Бу ҳолатларнинг барчаси қисман юқори лавозимдаги амалдорлар ва турли даражадаги сиёсатчиларнинг қирғизларнинг ушбу ер ва унинг бойликларига нисбатан ягона ҳуқуқлари ҳақида, бошқа этник гуруҳларнинг манфаатларини ҳисобга олмаган ҳолда биргина қирғиз миллати вакилларининг манфаатларини ҳимоя қилиш ҳақидаги, шу жумладан оммавий ахборот воситалари орқали, гаплари, сабаб бўлмоқда. Ҳаттоки турли анжуманларда ва ОАВ орқали жамиятдаги турли муаммоларни муҳокама қилиш жараёнида ҳам бу одамлар гўёки мамлакатда яшаб турган юздан ортиқ миллат ва элат вакиллари борлигини унутиб қўйишгандек, «қирғиз ери», «қирғиз эли» «қирғиз давлати» каби ибораларни қўлланган ҳолда биргина қирғиз миллатининг манфаатлари ҳақида гапиришади.

Биз собиқ парламент депутати, ҳозирда бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Адахан Мадумаровнинг бир неча йил аввал, Олий Кенгаш депутати бўлиб турганда айтган, «Қирғизистон умумий уйимиз, лекин мамлакатдаги қирғиз бўлмаган миллатлар квартирантлардир», деган гапларини ҳалигача унутолганимиз йўқ.

Давлат хизматчилари этикасининг йўқлиги ёки унга риоя қилинмаётганлиги, баъзи амалдор ва ўзларини «инқилобчи» деб атаётган, март воқеалари давомидаги хизматлари учун ҳозирги ҳокимиятдан лавозим ва бошқа неъматларни талаб қилишда давом этаётган айрим шахслар ноқонуний ҳатти-ҳаракатларининг жазосиз қолаётганлиги ҳозирги ҳокимиятга нисбатан ишончсизликни пайдо қилиб, унинг обрўсини туширмоқда. Юқорида айтилган ҳолатлар, айниқса, бошқа миллат ва элатларнинг ҳуқуқлари ҳамда миллий ҳис-туйғуларини менсимаслик фақат қирғизлар ва ўзбекларгина эмас, балки Қирғизистонда яшаб келаётган барча миллат ва элат вакиллари учун ҳам охири номаълум бўлган фожиавий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини айтиш шарт бўлмаса керак. Биз шуни ҳам таъкидлаб айтмоқчимизки, юқорида айтилган салбий ҳолатларнинг биз билан асрлар давомида елкама-елка яшаб, тармушнинг аччиқ-чучугини бирга тотиб келаётган биродар қирғиз миллатига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Улар фақат ўз манфаатини кўзлаган айрим сиёсатчи ва сиёсий кучлар томонидан амалга оширилмоқда.

Шуни айтиб қўйиш жоизки, турли бузғунчи кучларнинг кўплаган ноқонуний ҳаракатлари Сизнинг яқин қариндошларингиз ва ҳатто ўзингизнинг номингиздан фойдаланиб амалга оширилмоқда. Масалан, яқинда бўлиб ўтган қишлоқ ҳокимияти бошлиғи лавозимига сайловларда Бозорқўрғон қишлоқ ҳокимияти бошлиғи лавозимига номзод А. Қамбаровнинг фойдасига ташвиқот юргизишда 11 йилга озодликдан маҳрум қилинган Мирсидиқов Ойбек ҳам иштирок этган. У манфаатдор шахслар томонидан дастлаб ноқонуний равишда колониядан Ўшдаги тергов изоляторига ўтказилган. Кейин эса тегишли суд экспертизасисиз Қизилжардаги 12-руҳий касаллар шифохонасига ўтказилган. Ўша касалхонага кетаётиб Мирсидиқов соқчилар кузатувида Бозоқўрғонга кириб ўтган ва ўз сайловчилари билан учрашув ўтказаётган номзод А. Қамбаров билан кўришган. Учрашув пайтида А. Қамбаров ва унинг тарафдорлари судланган Ойбек Мирсидиқов билан қучоқлашиб кўришишган, уни катта ҳурмат билан чойхонада кутиб олиб яна кузатиб қўйишган. Кейин эса ана шу одамлар сайловчиларга, «бизни ҳозирги ҳокимият қўллаяпти, номзод А. Қамбаровнинг ортида Бакиевнинг, яъни президентнинг ўзи турибди», деб эълон қилиб юришган.

Ҳурматли Қурманбек Салиевич!

Мамлакат президенти лавозимига сайлангунга қадар ва ундан кейин ҳам Сиз бир неча бор ҳокимиятнинг барча даражаларида сиёсатни йиғиштириб қўйиб, барчамизнинг умумий Ватанимиз равнақи йўлида ҳалол меҳнат қилиш вақти келганлиги ҳақида айтгансиз. Биз Сизнинг бу борадаги сиёсатингиз ва интилишларингизни тўла қўллаймиз. Сизнинг коррупцияга қарши курашни биринчи навбатдаги вазифа сифатида белгилаб берганлигингиз бизда ниҳоят мамлакатимизда адолат тантана қилади, энди мамлакатимизни гуллаб-яшнашга олиб келувчи тўғри йўлдан борамиз, деган умидни пайдо қилди. Бироқ биз ҳозирданоқ Сизнинг давлат раҳбари сифатида эълон қилган сиёсатингиз билан жой-жойларда бўлаётган ишларнинг бири-бирига мос келмай қолаётган ҳолатларни кўра бошладик.

Аввалгидек фуқароларни «ўзимизники» ва «бегона»ларга бўлиш давом этмоқда. Бу нарса айниқса, яқинда ўтган маҳаллий ҳокимият органларига бўлган сайловларда яққол кўзга ташланди. Бу сайловларда барча жойларда ҳозирги ҳокимиятга ёқмаган номзодларни сайловдан ўтказмасликка ҳаракат қилинди. Бунга ёрқин мисол сифатида Арслонбоб қишлоқ ҳукумати бошлиғи лавозимига ўтказилган сайловларни айтиш мумкин. Унда ижрочи ҳокимият номзод Улуғбек Абдусаломовнинг енгилиши учун роса ҳаракат қилди. Бу ҳаракатлар барбод бўлгач эса ғолиб чиққан Абдусаломовнинг рақиблари томонидан суд тортишувлари бошланди. Новкент туманидаги Моси қишлоқ ҳокимиятида, ўзбек номзод Одилжон Мамитов ғалаба қозонгач, номзодлардан бирининг тарафдори, «ўзбек қишлоқ ҳокимияти бошлиғи бўлиши мумкин эмас», деб қишлоқ ҳокимияти бошлиғи кабинетининг калитини яшириб қўйган. Янги сайланган раҳбар ўз кабинетига эшикни бузиб киришга мажбур бўлган.

Ушбу мурожаатномага қўл қўяр эканмиз, масъулият билан шуни маълум қиламизки, бизнинг позициямиз аниқ - биз, қирғизистонлик ўзбеклар Қирғизистон халқининг ажралмас қисмимиз, мана шу қадимий ва муқаддас ернинг эгалари ва яшовчиларимиз, демак, мамлакат Конституциясида кўрсатилганидек, мамлакатдаги ҳокимият манбаимиз. Биз Қирғизистон халқининг барча вакиллари билан қўлни қўлга берган ҳолда ҳаракат қилиб, ўзимиз ва кўп миллатли Ватанимиз фаровонлиги йўлида ҳалол меҳнат қилишга доим тайёрмиз ва шундай қилиб келяпмиз. Биз бошқалардан ажралиб қолишни истамаймиз ва ўзимизга нисбатан давлат ҳамда жамиятнинг бошқа вакиллари томонидан алоҳида эътибор кўрсатилишини талаб қилмаймиз.

Яхлит Қирғизистон халқини ташкил қилувчи барча миллат ва элатларга тенг шароит ва имкониятларни таъминламай туриб, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли тарзда ҳимоя қилмай туриб иқтисодиётни кўтаришга ва халқ фаровонлигини оширишга эришиш мумкин эмас. Биз Сиздан юқорида айтилган салбий ҳолатларни бартараф қилиш учун шошилинч ва самарали чоралар кўришни, биринчи галда сиёсий ва маиший даражадаги миллатчилик кўринишларига нисбатан муросасиз позицияни эгаллашингизни сўраймиз. Биз Сиздан мамлакат ички сиёсатини амалга оширишда бошқа миллат вакилларига, шу жумладан, ўзбекларга нисбатан муносабатингизни аниқлаб, бу ҳақда расмий равишда оммавий ахборот воситалари орқали билдириб қўйишингизни сўраймиз.

Мурожаатнома Жалолобод вилояти ўзбек миллий-маданий марказининг VII-қурултойида қабул қилинди.

2006 йил 8 январь, Жалолобод шаҳри