06:40 msk, 19 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

«Тешик тоғора олдида»: ўзбек-қозоқ чегарасидаги дала ҳовлиларидан фақат харобалар қолди

08.01.2006 11:15 msk

Алексей Волосевич

Ўзбекистон ҳукумати неча минг фуқароларга янги йил совғаси ўлароқ уларнинг қозоқ чегараси яқинида жойлашган дала ҳовлиларини бузиш ҳақида қарорини чиқарганига ҳам бир йил бўлди. Бугунги кунда бу ниятнинг чорак қисми амалга ошган деса бўлади, чунки ҳашаматли дала ҳовлилари ўрнида эндиликда ҳар ер-ҳар ерда бетон пойдеворлари-ю қарғалар галасига ошиён бўлган харобалар қолган.

Бу ерда дала ҳовлилар бор эди
Бу ерда дала ҳовлилар бор эди

- Одамлар бу ерда тинимсиз иморат қуришди, охирида тешик тоғора билан қолишди. Қанча одамнинг меҳнати билан барпо бўлган мулклар битта буйруқ билан синдирилди, - дейди ёши бир жойга бориб қолган эркак вайроналарга ишора қилиб.

Дилни қувонтирмайдига манзара: синиқ ғишт уюмлари, капитал қурилиш қолдиқлари узра ўсган буталар ва уфққа қараб чўзилган тиконли сим устунлари. Бир йил муқаддам томорқа ўртоқлик ширкати жойлашган кенгликлар ўрнида эндиликда фақат мана шулар қолган. Кечагина ям-яшил чаманзор орасида жойлашган икки қаватли муҳташам иморатларнинг ер билан яксон бўлганини кўриб, юрак андуҳга тўлади...

Эслаш жоиз, Тошкент вилоятининг Қозоғистон чегараси яқинидаги қишлоқ уйлари ва дала ҳовлиларини бузиш ҳақидаги қарор 2004 йилнинг декабрида бош вазир Шавкат Мирзиёев рахбарлигидаги ҳукумат кенгаши томонидан чиқарилган эди. Аниқроғи, кенгашда бу ҳақда эълон қилинган, чунки одатда бундай қарор фақат давлат раҳбарининг ташаббуси билан амалга оширилади.

Қурилган дала ҳовлиларининг бузилишига пойтахт хавфсизлигини таъминлаш ва давлат чегараларини делимитация қилиниши асос қилиб олинган. Пойтахтга айни кимдан хатар кутилаётганини эса ҳукумат изоҳлаб ўтиришни ўзига лозим кўрмади. Бироқ кўпчилик шу ўринда, бир неча ой муқаддам ўзбек раҳбарининг, Қозоғистонда террористлар лагери борлиги тўғрисидаги ғазабнок сўзларини эслади.

Уйлар йиқилишининг чегараларни делимитация ва демаркация қилиниши билан боғлиқ иккинчи сабабига келсак, қарорда ўта кескин бир жиҳатлар кўзга ташланмайди – шу қабилда қозоқлар ҳам давлат чегарасидан 50 метр ҳудудда барча уйларни йиқиш қарорини чиқаришган. Аммо Ўзбекистон ҳукуматининг қарорида айрим фарқлар ҳам кўзга ташланиб қолмоқда. Биринчидан, 50 метрлик ҳудудга тўғри келган нафақат уйлар, балки бутун бошли қишлоқларни суриб ташлашга тўғри келаяпти. Йиқилиши лозим жойлар орасида нафақат 50 метр наридаги, балки бир километрга яқин жойдаги уйлар ҳам ҳам бор Иккинчидан бунинг барчасига бор-йўғи 44 кун ажратилган: ҳукумат қарорига кўра барча уйлар биринчи февралгача йиқиб топширилиши керак эди (Қозоғистон ҳукумати эса ўз томонидан уйларнинг йиқилишига бир неча йил вақт ажратди). Ва ниҳоят учинчидан – йиқилган уй эгаларига ҳеч қандай товон пули тўланмади (Қозоғистон ҳукумати эса барчанинг кўрилган зарарини ўз зиммасига олди).

Қозоғистон ҳудудида кетаётган қурилиш ишлари бу ердан кўзга ташланади
Қозоғистон ҳудудида кетаётган қурилиш ишлари бу ердан кўзга ташланади

Айтадиган бўлсак, ҳукуматнинг бир ярим ой ичида уйларни йиқиб тугатиш, бунинг устига етказилган зиён ҳақининг берилмаслиги тўғрисидаги қарори дала ҳовли эгаларини ларзага солди, бошқа гап йўқ. Улар ўз қулоқларига ишонишмади. Қариялар (аксарият дала ҳовли эгалари нафақахўрлардир) норозилик ҳам билдирмоқчи бўлишди. Ҳукумат арзимизни эшитиб инобатга олар, деган умидда турли идораларга шикоят ҳам қилиб кўришди, ахир уларни уйларидан кўчага ҳайдаб, бир тийин ҳам бермай ҳовлиларини бульдозер солиб бузилиши ақлдан эмас-ку. Улар ҳукумат ўз қарорини ўзгартирар деган умидда, қишлоқларнинг жойида қолиши мамлакат пойтахтига ҳеч бир хатар туғдирмайди деган иддаони исботлашга ҳаракат қилишди.

Аммо бари беҳуда эди. Аввал чегарадаги барча иморатлар йиқилди. Бунга ҳукумат гўё БАМ қурувчилари каби алоҳида ғайрат билан киришди. Йиқиш ишларига қачонлардир дала ҳовлилари учун масъул бўлган корхоналарнинг бригадалари, атрофдаги колхоз меҳнаткашлари, маҳаллий ҳокимлик томонидан йиғилган мардикорлар сафарбар этилди. Улар алоҳида ҳақ эвазига иморатнинг фойдали қурилиш материалларини ажратиб олиб уй эгаларига беришни ҳам таклиф этишди, акс ҳолда намойишкорона уйнинг кунпаякун бўлишига ишора қилиб. Эгалари уйда бўлмаган иморатлар эса уларнинг иштирокисиз яксон қилинди. Аксарият одамлар йиллар давомида қурилган ўз иморатларини бузиб сотишга мажбур бўлишди

Фақат айримларгина, ёши бир жойга борган уй эгалари фаол қаршилик кўрсатишди. Улар пойтахт раҳбарларини воқеани элга овоза қилиш билан қўрқитиб, шаҳар ҳокимлигини пикет қилишди. Интернетда шов-шув тарқалди. Ҳукумат хоҳлаб-хоҳламай бу муаммони ҳал қилиб беришни ваъда қилди. Уйларни йиқиш ишлари тўхтади, биринчи февралга бориб ҳаммаси барҳам топди. Республика раҳбарияти пойтахт хавфсизлиги тўла таъминланди дея ҳисоблади шекилли, уйларни бузиш зарурати ҳеч кимни ўйлантирмай қўйди.

Чегара чизиғи: тиконли симлар
Чегара чизиғи: тиконли симлар

Бугунги кунда пойтахт ҳавфсизлигини таъминлаш масаласи қуйидаги тарзда ечимини топган. Пойтахтнинг Тошкент туманидан, бутун қолган дала ҳовлилари бўйлаб Қушқўнди деган жойгача ўн олти қатор тиконли симдан иборат девор тортилган. 50 метрли “ўлик ҳудуд”да барча иморатлар йиқилган. Қисқаси айрим жойларда эллик метр, баъзи жойларда эса режа бира тўла юз метр қилиб бажариб қўя қолинган. Ҳашаматли биноларнинг фақат пойдевори қолган. Қаердадир ҳатто мармардан қилинган бассейнларнинг қолдиқлари кўзга ташланади

Йўл чорраҳасида чегара минораси турибди. Унинг ёнида блокпост. Тўғриси, минорада ҳеч ким ҳам йўқ, чегарачилар унга чиқишга ҳам эринишса керак. Километрларга чўзилган тиконли симлар эса уни бузиб ўтувчиларга ҳеч бир қийинчилик туғдирмаётгани шундай кўриниб турибди. Чунки унинг айрим жойлари осилиб қолган, айрим жойларидан симтўсиқлар умуман олиб ташланган, устунлар орасидан кечишга қулай ва қозоқ ҳудудига олиб борувчи сўқмоқлар қилинган. Айтишларича у ердан тунда блокпостни насия қилиб машиналар ўтади. Юк машиналаридан 10 минг сўм (тахминан 8 доллар), енгил машиналардан 2 минг сўм олишади.

Ўзбек томонидан фарқли, ўз ҳудудини анча занглаб қолган сифати пастроқ тиконли сим билан ўраган қўшни давлат шу ердан Қозоғистон ҳудудлари бошланишини англатувчи ўз устунларини сариқ-зангори ранга бўяб қўйган. Ўзбек чегарасидан бир неча юз метр нарида улар ҳам ўз чегара минорасини ўрнатишган. Қозоқларнинг минорасида дурбин орқали “Факел” қишлоғи харобаларидан кўз узмай тикилаётган бир ҳарбий соқчи турибди. Кейинчалик менга, у камуфляж кийган одам тулуми эканини тушунтиришди.

Қишлоқ ўрнида қолган харобазорда пойдеворлар оралаб қўй-эчкилар ўтлаб юришибди. Дарахтлар аллақачон бу ерда қолмаган, қозоқлар барини чопиб кетишган. Улар барибир қуриб қолган бўларди, чунки энди бу ерлар суғорилмайди. Бир йил муқаддам қишлоқни сув билан таъминлаш учун Келес дарёсига учта насос ҳам ўрнатилган эди. Энди бари тугади... 440 дала ҳовлидан иборат гуллаб-яшнаган қишлоқда ҳаёт нафаси тўхтади.

Бутун бошли “Факел” қишлоғида биттаю битта уй қолди. Унинг атрофида ўсаётган дарахтларга қозоғистонликлар ҳозирча тегишмаяпти. Икки қаватли хашаматли бу иморат вайроналар ўртасида ёлғиз сўппайиб турибди. Қандай қилиб унинг бутун қолгани тушунарсиз. Харобазор муҳитдан у кўкка қараб айсберг янглиғ юксалади. Уй атрофига меҳр билан арча, қайин дарахтлари ўтқазилган. Уй томида параболик антенна. Уй эгасининг ўз ҳукумати томонидан бирор босқинчилик бўлишига ишонмай астойдил қургани шундоқ кўриниб турибди.


"Факел" қишлоғидаги сўнгги уй

Уй соҳибаси Антонина Шагинанинг айтишича, улар ўз мулкларини кучлари борича ҳимоя қилишган, бузишларига йўл беришмаган. Аммо барибир кетишга тўғри келади дейди у: бу ерда яшашнинг иложи йўқ. Сув йўқ, қулайликлар йўқ. Иморатни бузишга тўғри келади…

Қишлоқда шундан бошқа уй йўқ, аммо кўчалар сақланган. Қурилиш ахлатлари орасидан бир-бирини кесиб ўтган йўллар оқариб кўринади. “Першин кўчаси, Ленин кўчаси...” дея менга йўлни тушунтиришга уринишади қўшни қишлоқдагилар.

Қозоғистонликлар бу ерларга эркин келиб кетишади. Тиконли сим устунлари орасидан аллақачон мўъжазгина йўллар солинган. Қўшни давлат фуқаролари қурилиш қолдиқларини, дарахт томирларини қазиб олиб, ташиб кетиш учун йиғишади. Бир сўз билан айтганда, боғлар ўрни кўпроқ ўз руҳларига яқин бўлган чўлга айланиши учун куч сарфлашади.

Биз фармонбардор қозоқ раҳбарлигида лом ва қуволдалар билан қуролланиб пойдевор қолдиқларини ажратиб олаётган ўзбек мардикорлари олдидан ўтамиз. Бу ердан “тиконли сим”нинг нариги томонида фаол қурилиш ишлари кетаётгани яхши кўринади, у ерга афтидан тошлар керак бўлаяпти. Бутун қолган уй бекасидан кейин биз бу ерларда учратган ягона одамлар шулар бўлди.

Умумий ҳажмда уйларнинг йиқилиши, 2004 йил 20 октябрда имзоланган №02896 рақамли Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорига кўра пойтахт вилоятининг учта – Тошкент, Қибрай ва Зангиота туманларига тўғри келди, бунга кўра 2145 та уйнинг бузилиши кўзда тутилган. Шунинг ҳаммаси бўлмаса ҳам аксарияти бузилган. Масалан Тошкент туманидаги (Қушқўнди) 860 дала ҳовлисидан икки юздан сал ошиқ ҳовлилар қолган.

Мен юқорида айтганимдек, юзлаб уйларнинг бузилиши учун уй эгаларидан ҳеч ким товон пули олмади. Зарарни ундиришни астойдил талаб қилганларга ҳукумат шундай изоҳ берди: “Ўзларингиз ҳаммасини бузиб олдингизлар-ку - биз бунга фақат кўмаклашдик”. Шундай қилиб ҳукумат яна ўз иқтисодини тежаб қолди. Шу маънода қўшни Қозоғистондаги тафовут кишини лол қолдиради. У ердаги мулк эгалари йиқилган уйлари эвазига ўн минглаган долларлар ҳажмида салмоқлигина товон пули олишган. Пулни бир қисми, тўғриси комиссиянинг томоғини ёғлашга кетган албатта, аммо икки томон ҳам натижадан мамнун. Комиссия аъзолари уй эгаларига ҳам, ўзларига ҳам етарли улуш тегиши учун нархни шиширишгани ҳақида миш-мишлар юради. Бу борада ҳатто кимларгадир жиноий ишлар ҳам очилган, чунки бир хил уйлар учун турлича товон пули белгиланган. Кимдир кимдандир норози бўлиб шикоят қилган, ҳуллас ҳамма пул атрофида айланган...

Айтишларича, қадимда, душманлар наздида халқи ёмон яшаяпти, босиб олишдан наф йўқ деган таассурот уйғотиш учун, хонлар лашкар ёрдамида ўз ҳудудларини вайрон қилишган, боғларини куйдириб, булоқларини кўмишган. Бугун Ўзбекистон чегарасидаги қишлоқларни кўриб, беихтиёр шу ривоятни эсладик. Умид қиламизки, давлат ҳавфсизлиги бундан буён тўла таъминланган ва Қозоғистон ҳудудидаги душманлар энди Ўзбекистон ерларига ўзларининг оч назарларини ташлашмайди.