22:45 msk, 17 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

«Бител» уяли телефон компанияси зиддиятлари кучаймоқда

04.01.2006 22:29 msk

Холид Валидов (Бишкек)

2006 йилнинг 1 январидан 7 январигача Қирғизистоннинг энг йирик уяли оператори ҳисобланган “Бител” хизмати бепул деб эълон қилинди. “Текин” гаплашишга ҳавасмандлар ҳаддан ташқари кўп бўлгани учун тармоқ анча тирбанд бўлиб қолган, шунинг учун ўнта қўнғироқнинг тўққизтаси самарасиз якун топмоқда. Абонентлар қўнғироқ қилиб тушиб бўлмаслиги туфайли зиён кўраётганликларидан, учрашувлар ва келишувлар барбод бўлаётганидан нолишмоқда.

Бишкек аҳолисига кўра, “Бител” бепул қўнғироқлар имкониятини ҳаётининг яхшиланиб кетганидан эмас, балки мажбуран эълон қилган. Чунки компания ходимларининг бир қисми “Бител”нинг янги ҳўжайинлари бўлмиш “Резервспецмет” АЖ талабларини писанд этмай, ҳамон ишга чиқишмаяпти. Абонентлар билан ҳисоб-китоб, корпоратив гуруҳларга хизмат кўрсатиш билан шуғулланишга ҳам одам топилмаяпти.

Бироқ, ҳафта давомида сўзлашувларнинг текин дея эълон қилингани ҳам компанияни абонентларнинг катта бир қисмидан бенасиб қолишидан қутқара олмаётир. Уларнинг бир қисми аллақачон бошқа бир операторга ўтиб кетишган. “Бител” мижозлари, аслида “март инқилоби” билан бошланган, бу оғир инқирознинг яқин кунларда бартараф этилишига ишонишмаяпти.

”Бител” рақобатчиси – «Кател» ширкати «Муқим ижобий равнақ сари» шиори остида ўзининг агрессив реклама кампаниясини бошлаб юборган.

”Бител”нинг янги хўжайинлари ҳар қандай ҳақ эвазига ўз мижозларини ушлаб қолишга уринишаётган кўринишади. “Моби кард” тарифидаги мижозлар мамлакатнинг турли минтақалари ва чет мамлакатларга ҳам бепул қўнғироқ қилишлари мумкин. Бироқ, “Бител” ширкати халқаро алоқалар учун “Қирғизтелеком” давлат ширкати хизмати ҳақларини ўз ёнидан тўлашга мажбур.

470 минг мижоз “халқаро” ёки “шаҳарлараро” телефон алоқаси орқали қанча соат гаплашади ва ундан кейин “Бител” “Қирғизтелеком”га қанча пул тўлайди – ҳозирча ҳеч ким билмайди.

Айни пайтда, “Интерфакс” берган маълумотга кўра, “Бител” компанияси собиқ раҳбарларига қидирув эълон қилинган. Бишкек ИИБ ширкатнинг собиқ раҳбарларига қарши Қирғизистон ЖК 169-моддаси бандлари бўйича (“Ўта йирик миқдорда мулкни ўзлаштирганлик”) жиноий иш қўзғатган.

Шунингдек, собиқ бош директор Дониёр Умурзоқов, молиявия директор ва ширкатнинг бош ҳисобчиси қидирилмоқда.

Айни кунларда Бител мулкига эгалик юзасидан “Мобил телесистемалари” (МТС) АЖ ва «Резервспецмет» АЖ ўртасида баҳс-у можаролар давом этмоқда. Мулкка эгалик қилиш юзасидан маҳкама жараёнлари Қирғизистон, Виржиния ороллари ва Буюкбритания судларида давом этмоқда.