06:12 msk, 20 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Россия ва АҚШнинг МДҲ ҳудудида “бахмал” ишлаб чиқаришини йўлга қўядиган пайти етиб келди

07.06.2005 21:05 msk

Российская газета, Валерий Вижутович

Андижондаги исён МДҲда ўрнатилган тузумларнинг давомий эканини шубҳа остига қўйди, деб ёзади “Российская газета”. Россия сиёсий элитаси бу чақириққа қандай жавоб берди? - деб савол қўяди газета. - Фақат постсовет ҳудудидаги барқарорликни издан чиқарувчи ташқи кучлар мавжудлиги тўғрисидаги умумий гаплар билангина жавоб берди.

Фарғона водийсидаги воқеалар ҳам «ўз вақтида” содир этилди. Шундан сўнг ҳам халқаро империализмнинг маккорона мақсадаларига ишонмаганлар энди ўзидан кўрсин.

Революциянинг бош экспортчиси қаторида АҚШ кўрсатилмоқда. Лекин Андижон қўзғолонининг қонли режаси айнан АҚШ томонидан ишлаб чиқилган, дейиш эриш туюлади одамга. АҚШга шундоқ ҳам беқарор Афғонистонга қўшни бўлган ва Марказий Осиёдаги энг исломлашган давлатда қонли тўқнашувлар уюштиришдан зиғирча ҳам наф йўқ.

Шунингдек, Қирғизистондаги вазиятни мураккаблаштириш ҳам Ғарбга керак эмас эди, вазият ички омиллар туфайли ёмонлашди. Ўзбекистондаги оммавий ғалаён, бир бирига ўхшамаган Грузия, Украина ва Қирғизистондаги ҳокимият алмашинувлари универсалдир. Бу жараённи АҚШдан қилинган демократия экспорти деб баҳолаб бўлмайди. Бу жараён оммавий қашшоқлик, жиддий иқтисодий муаммолар, ислоҳотлар ўтказилмагани, ҳур фикр бўғилгани билан изоҳланади.

АҚШ бу инқилобларни қўллаётганидан келиб чиқиб, Россия масалага қандай ёндошмоғи керак? Глобал жиҳатдан олганда бу АҚШ-Россия муносабатлари келажагини белгилайди. Биз киммиз? Душманмизми ёки МДҲда кечаётган жараёнларни тушунишда ҳамфикр ҳамкормизми? Биз ҳамкорликда постсовет ҳудудидаги демократиялаш ва сиёсий тизимнинг ислоҳотланиш жараёнини қўллаймизми? Ёхуд бу долзарб жабҳанинг мана шу қисмида “совуқ уруш” олиб борамизми?

АҚШ бизга тушунарсиз бўлган масалани тушуниб етди. Яъни, МДҲдаги ўз манфаатларини сақлаб қолиш учун Россия бу мамлакатлар билан алоқасини модернизациялаши лозим. АҚШга эса Россия ва унинг яқин ҳамкорлари ўртасидаги алоқани мувозанатга солиб туриш манфаатлироқдир. Негаки, бу билан Россия ва Америка алоқалари янада мустаҳкамланади.

АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райс яқиндагина Россияга келганида Вашингтон инқилобларни экспорт қилаётганини рад этди:

- “Бизнинг фикримизча, демократияни экспорт қилишга ҳожат йўқ. Демократия тараққиётини эса инқилоб сифатида қабул қилмаслик лозим. Бу табиий жараёндир”.

Юқоридаги сўзларга худди Украина президентлигига бўлган сайловларда бўлгани каби Россия бу жараёнларга сўтакларча аралашганидан сўнггина инқилобга айланиб кетмоқда, деб қўшимча қилгинг келади. МДҲ ҳудудида содир бўлаётган исталган инқилоб эса Россияга ҳам, АҚШга ҳам манфаатли эмас.

Постсовет режимларидаги мухолифат америкача йўналишда эканига АҚШ айбдор эмас. Америка жамиятдаги оммавий кайфиятларни қўллаб турибди, холос. Бу мухолифатни қўллаб-қувватлаш эмас. Бу янги демократик жамият эҳтиёжларини қўллаб-қувватлашдир.

Нима бўлганда ҳам Россия ва Америка ҳамкорлигининг яна бир соҳаси - МДҲда кечаётган демократик жараёнларни қўллаб-қувватлашдир.

- “Бахмал” ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш даври етиб келди. “Бахмал” деганда инқилобларни эмас, авторитар режимларни қўлламаслик ва демократик кучларга фаол кўмак кўрсатиш назарда тутилмоқда”, деб ёзади “Российская газета” сиёсий шарҳловчиси Валерий Вижутович.

Российская газета, N120, 07.06.2005, 7