11:07 msk, 23 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентнинг Олой бозоридаги нархи 75 долларлик «Янги йил саватлари»

30.12.2005 18:40 msk

Андрей Кудряшов (Тошкент)

Янги йилга бир ҳафта қолганида Тошкент марказида жойлашган пойтахтнинг энг қиммат бозори саналган Олой бозорида янгилик пайдо бўлди. Растанинг бир қаторини елим қоғозга ўралган байрам дастурхони намуналари солинган тўқима саватлар эгаллади. Бундай сават 90 минг сўм туради. Миллий валютанинг расмий курсига кўра бу рақам 75 АҚШ долларига тўғри келади. Оғирлиги ҳам ўзига яраша - 10 кг атрофида. Аммо назардан қочирмаслик керак, вазн ва жойнинг асосий қисмини маҳаллий “Шампан” виноси ва конъяк эгаллаган, шунингдек унинг атрофидаги маҳаллий ва тропик меваларнинг ранг-баранг уюми, улар орасидан ширинликлар ва гўшт маҳсулотлари кўзга ташланади.

Ўз-ўзидан аёнки, бу чиройли сават оддий харидорга мўлжалланмаган. Шаҳарликларнинг айтишларича, ўртача бир ойда топадиган даромадлари 60 доллардан сал ошади. Бу “Янги йил саватлари”ни тадбиркор савдогарлар ҳозирча камчиликни ташкил этувчи “ўрта синф” вакилларига атаб чиқаришган. Уларнинг чўнтагида пули бор-у, лекин янги йил арафасида бозор айлангани вақти йўқ. Аксарият аҳоли учун миллатидан, ёшидан қатъий назар, ўтказилган сўровга кўра, ҳали совет давридан буён сақланиб келаётган удумга кўра байрам дастурхонида бўлиши шарт ҳисобланган нарсалар, бу – “оливье” салати, тузланган балиқ, холодец ва димланган товуқ. Тошкентда улар орасига яна қўй ва от гўштидан қилинган миллий таомлар – палов, манти ва норинлар қўйилади.

Нима бўлсаям Янги йил – алоҳида байрам, ҳар бир оила ёки иноқ жамоа ўз дастурхонини оддий кунлардагидан кўра тўкис ҳолда кўргиси келади. Фуқаролар учун нооддий кун ҳисобланган бу кунда Ўзбекистон пойтахти аҳолиси харидорларининг харид қобилиятларини ўрганиш мақсадида, “Фарғона.Ру” агентлиги мухбирлари Олой бозори ноз-неъматлари ассортименти ва нархларини ўрганишди.

Модомики янги йил дастурхонини мева-чеваларсиз тасаввур қилиш қийин экан, биз айни тадқиқотларимизни шундан бошладик. Қишнинг чилласида (Тошкентдаги ҳарорат 8 градус иссиқдан пастга тушмаган бўлса-да) Ўрта Осиё бозори расталари анору олмаларнинг турли навлари билан лиқ тўла. Аммо янги йил арафасида ҳатто Ўрта Осиёда ҳам тропик меваларга талаб ортади. Уларнинг энг анъанавийси - мандариннинг бир килоси 1000 сўм ($0,84). Аллақачон ҳамма жойларда пайдо бўлиб қолган бананнинг 1 донаси - 500-700 сўм ($0,4 - $0,6). Бундан антиқа тансиқлари камроқ миқдорда кўзга кўринади.

Кокос - 1500 сўм ($1,2) 1 донаси.

Ананас - 5000 сўм ($4,2) 1 донаси.

Киви - 500 сўм ($0,4) 1 донаси.

Тайёр гўшт маҳсулотлари махсус бинонинг алоҳида қаватини эгаллаган.

Молнинг тили - 8500 сўм ($7,2) 1 кг.

Буженина - 7000 сўм ($6) 1 кг.

Чўчқа гўшти - 9000 сўм ($7,6) 1 кг.

Ўрама гўшт - 8000 сўм ($6,7) 1 кг.

Бостирма – 12 000 сўм ($10) 1 кг.

Қуён – 12 000 сўм ($10) 1 д.

Дудланган курка – 10 000 сўм ($8,5) 1 кг.

Бедана гўшти - 5000 сўм ($4,2) 100 грамм.

Чет эл пишлоқлари орасида энг қимматбаҳо ва тансиғи саналган - "Ламбер" 10 900 сўм ($9,2) 1 кг.

Уларнинг ёнида қўзиқоринлар, энг нуфузли жойда ўзимизнинг шароитда етиштирилган шампиньонлар нархи 5000 сўмдан ($4,2) 1 кг. Сотувга улардан ташқари тузланган, дудланган, Россиядан келтирилган, қўлбола усулда тайёрлангани яққол кўриниб турган, икки уч литрлик банкаларга солинган қўзиқоринлар. Масалан, тузлангани 10 000 ($8,5) сўм 1 кг.

Ниҳоят, яқиндагина бозорда пайдо бўлган раста океан неъматларини тақдим этади. Улар орасида турли усул ва шакларда тайёрланиб савдога қўйилган сельд балиғи етакчи ўринни эгаллайди. “Мундир остидаги” энг оммабоп салат учун асосий ингридиент нархи 3000 сўм ($2,6) 1 кг. Бундан нарида яна ҳам қимматбаҳо балиқ маҳсулотлари.

Норвегия Лососи – 22 000 сўм ($18,6) 1 кг.

Семга филеси - 25000 сўм ($21) 1 кг.

Осетр – 13 000 сўм ($11) 1 кг.

Денгиз окуни – 11 000 сўм ($9,3) 1 кг.

Камбала - 7500 сўм ($6,3) 1 кг.

Нарх бўйича энг олдинда ноёб зотли балиқ увилдириқлари...

Қизил икра - 7000 сўм ($6) 100 грамм.

Қора икра – 40 000 сўм ($33,8) 100 грамм.

Қолган денгиз маҳсулотлари фақат фирма қадоқларида сотувга чиқарилган.

Зирҳли креветкалар – 14 000 сўм ($11,8) 1 кг.

Чиғаноқли мидиялар – 20 000 сўм ($17) 1 кг.

Кальмарлар - 7500 сўм ($6,3) 1 кг.

Лангуст – 45 000 сўм ($38) 1 кг.

Шуни таъкидлаш лозим, бу ноз-неъматларнинг барчасини супермаркетлардан ҳам топиш мумкин. Аммо уларнинг нархи 15-20 фоиз қимматга тушади. Бошқа бозорларда эса, масалан Фарҳод бозоридан 5-10 фоиз арзон топиш мумкин, фақат денгиз маҳсулотларидан ташқари.

Озиқ-овқат расталаридан сал нарида яқинда жорий этилган таъқиқларга қарамай, табиий арчалар савдога қўйилган. Бир ҳафта бурун янги йилни жамоа тартибида, идораларда ўтказиш таъқиқлангани ҳақидаги миш-мишлардан кейин аллақандай битта арча шохчасининг нархи 30-40 долларга чиқиб кетди. Миш-мишларда жон бор, аммо улар ҳаддан ташқари кўпиртирилган эди. Янги йилга яқин аста-секин дўкондорлар “ўрмон гўзали”ни яна савдога чиқара бошлашди. Бу ерда ҳам таклиф турлича. Яхши ўстирилган, бўйи бир ярим метр келадиган тоза арча 150 000 сўм – 128 доллар. Унинг ёнида қаланган, унча чиройли бўлмаган, бўйи икки метрга яқин новдаларнинг нархи эса 17 доллардан ошмайди.

”Камхаржроқ” фуқаролар учун ҳам имкон бор. Ярим метрлик сосна дарахтининг шохлари, ёнғоқлари билан. Нархи бор йўғи 1500 сўм - $1,2. Ҳукумат томонидан белгиланган минимал маошнинг бугунги кундаги даражаси 9400 сўм ёки расмий курсга кўра 8 доллар экани ҳисобга олинса, бундай “арча”ни қуришга мамлакатдаги ҳар бир одамнинг қурби келса керак, албатта.