06:26 msk, 19 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Баҳодир Мусаев: «Ҳукмдор режим радикал диний мухолифатнинг саҳнага келишига қулайлик яратмоқда»

28.12.2005 12:50 msk

А. Волосевич

- Кетаётган йил Ўзбекистон учун жиддий маънода ўта аҳамиятга эга ва зиддиятли бўлди. Йил мобайнида содир бўлган воқеалар жиҳатидан замонавий ўзбекистонликлар жамияти ҳолатига қандай баҳо берасиз?

- Менинг наздимда, мамлакат ўзгаришлар даврига қадам қўйди. Сўнгги йиллар силсиласига назар ташларкан, мамлакатнинг турли минтақаларида халқ ғалаёнлари содир бўлганини кузатамиз. Биз турли кўламлардаги ижтимоий портлашлар ёқасида турибмиз. Биз бугун ўзгаришлар шамолини сезаяпмиз, унинг яқинлашаётганини ҳис қилаяпмиз. Ўзгаришлар бўлади, лекин улар Каримов кетганидан ёки “кетказилганидан” кейин содир бўлади. Унинг ортидан у қурган ҳокимият тизими ҳам қулайди.

2005 йил яна шу маънода аҳамиятлидирки, жамият тўкис ўзгаришлар учун етилди. Ва бунга Ўзбекистон ҳукуматининг ақлсиз сиёсати сабабчи бўлди. Россиялик сиёсатдон Петр Струвенинг, “ислоҳотлар қилишни билмайдиган давлат инқилобни тайёрлайди”, деган машҳур сўзларини эслаш жоиз. Шу маънода, 2005 йил тузумнинг мутлако яроқсиз эканлигини, ўз якунини ўзи яратганини кўрсатувчи бир белги бўлди...

Каримов бошқараётган Ўзбекистон ҳукуматининг сиёсати, бу шундай одамнинг сиёсатидирки, у фақат ўзини ислоҳотчи қилиб кўрсатадию, аслида унга ислоҳнинг кераги йўқ – чунки ҳар қандай мамлакатни демократлаштириш ёки қандайдир бошқа бир ўзгаришлар яратиш маъмурий тузум устунларига дарз етказиши мумкин. Ислоҳот ўтказиш, бу дегани унга ва унинг мулозимларига тегишли бўлган, моддий манфаатлар келтирувчи ҳокимиятни яна ким биландир баҳам кўришни англатади. Мамлакатни ва унинг миллий бойликларини талаш авж олган. Улар ўзаро барча стратегик жиҳатдан етакчи бўлган олтин, пахта, уран сингари иқтисодий соҳаларни ўзаро бўлиб олишган. Шунинг учун уларга ҳеч қандай ислоҳотнинг кераги йўқ. Бу режимнинг мамлакатни рационал бошқара олмаслиги мамлакатни таназзулга элтади.

Баходир Мусаев – жамиятшунос, фалсафа фанлари номзоди. 1944 йилда Андижонда тугилган, болалик ва ёшлик йиллари Фаргонада кечган. 1968 йилда Москва Давлат Университетининг фалсафа факультетини тамомлаган, СССР Фанлар академияси аспирантурасида тахсил олган. 6 йил давомида Ўзбекистон президенти кошидаги стратегик ва минтакалараро тадкикотлар институтида аввал катта тахлилчи, кейин етакчи тахлилчи лавозимида ишлаган. Оиласи билан ажрашган, бир ўгли ва бир кизи (таникли хофиза Шахзода - Зилола Мусаева) бор. Тошкентда яшайди.

Бошқарувчи тузум ўз инстинктига кўра, агар бизда кичик ва ўрта бизнес пайдо бўлса ва ривожланса, у ҳақиқий мухолифатнинг етилишига ижтимоий асос бўлиб хизмат қилади дея тушунади. Шунинг учун бизда майда ва ўрта бизнес йўқ. Бизда фақат ҳокимиятга яқин бўлганлар ёки ҳукумат ўзи ўзига бизнес қилиш учун шароит яратади. Уларнинг бор фаолияти, барча фармонлари мансабдорлик ва маъмурий тузумни мустаҳкамлашга йўналтирилган. Майда ва ўрта бизнес билан шуғулланишни истаган халқ эса унинг учун рақибдир (улар ҳатто чакана тижоратчилар ҳаракатини ҳам тўхтатишди). Мутлақо ҳамма нарсадан даромад топиб, ўзларини яхши ҳис қилишларига халал берувчи куч. Бу тузумни таърифлаш баробарида яна шуни қайд этиш керакки, у кичик ва ўрта бизнес ривожига мутлақо йўл бермайди.

Йилга хулоса ясаркан, Россия билан муносабатларимиз ҳақида гапирмасдан бўлмайди. Бугунги Россия раҳбарияти Ислом Каримовни қўлламоқда, у Ўзбекистондаги вазиятнинг ўзгаришидан манфаатдор эмас. Менинг фикримча, нефт нархлари юқори даражада қоларкан, бу давом этади. Шундай ибора бор, агар баррель нефтнинг нархи 60 доллар даражасида тураркан, ғарб давлатлари Чеченистондаги инсон ҳуқуқи бузилишларидан кўз юмишади. Агар 150 ва ундан баланд кўтарилса, Россия агар Чеченистонга атом бомбаси ташласа хам индашмайди. Шунинг учун ҳам ҳозирча Путин жамоатчилик фикрига қарши ўлароқ Ислом Абдуғаниевич ва унинг режимини қўллаб қувватлашни афзал кўради.

- Ушбу йил кўп жихатдан ички сиёсий муҳитни – журналистлардан, нодавлат ташкилот ва мухолифатдан “тозалаш” йили ҳам бўлди. Сиз “Серқуёш коалиция” мухолифатчиларининг ҳибсга олинишига қандай муносабат билдирасиз?

- Мен узримни айтишим керак, чунки мен ноҳақ эдим, чунки мен бу одамларга ишонмаган эдим. Чунки шу пайтгача улар ҳақида эшитмагандим – улар бирдан пайдо бўлишди ва ўзларини мухолифатчилар дея аташди. Шовқин сурон билан, ўзларини гўё бир шоуменлар каби тутишди, гўёки уларгача жиддий бир фаолият бўлмаган ва фақат уларгина ҳақиқий мухолифатчи куч. Айни пайтда улар ҳукуматни диалогга чорлашди. Мен уларни ҳатто фитначилар ҳам деб ўйладим, чунки улар шу даражада бир гўл эдилар... Масалан, Умаровга кўра, улар вазирлар маҳкамасини беришни ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказишни сўраб, президентни суҳбатга чақиришмоқчи бўлишган... Нодон одамлар – бугунгидай сиёсий тузум шароитида қандай иқтисодий ислоҳот ўтказиш мумкин? Менга бу очиғи, қандайдир ҳукумат режасига кўра амалга оширилаётгандай туюлди, гўёки ҳаммаси махсус қўйилган одамлар, улар томонидан сунъий яралган сиёсий капитал, бари агар мамлакатнинг таги қимирлаб қолса, юмшоқроқ тарзда тузумни сақлаб қолиш учун деб ўйладим. Аммо бугун, кейинги воқеалар содир бўлгач, англадимки, бу одамлар мамлакатнинг боши берк кўчага кириб қолганини, ҳалокатга қараб кетаётганини тушуниб етишган, ва қўлларидан келганча бунга қарши туришган.

Бугун ҳокимият тизилмаларида ҳам мамлакат тақдирига бефарқ бўлмаган одамлар бор. Улар шуни англашганки, мамлакатда шундай вазият етилади ва у ҳалокатга учраши мумкин. Улар тепасида мамлакатни шу даражада узурпация қилинишига олиб келган “биринчи шахс” турган режимдан нафратланишади. Мамлакатимиз тақдири унинг онги, муамоларни тушуниш ва ақл идрок қилиш даражасига боғлиқ бўлиб қолди. Бизнинг бутун ҳаётимиз битта одамнинг онг даражасига қарам бўлиб қолди.

- Лекин хорижда ўзбек мухолифати фаоллашди. “Эрк”, “Бирлик” мухолифат партиялари, Бобур Маликов бирлашишга интилишмоқда, демократик конгресс тузилди. Нима деб ўйлайсиз, ушбу партиялар Ўзбекистондаги вазиятга реал таъсир ўтказа оладиларми?

- Улар реал таъсир ўтказа олишмайди. Чунки бизда бундай сиёсий муҳит мавжуд эмас.

Биз Ўзбекистоннинг оммавий сиёсатчиларини билмаймиз. Мана Россияни олайлик, Жириновский турли иддаолар билан чиқади. А бизда Ислом Каримовдан бўлак бирор кимсага “белгиланган” йўналишдан айрича сўз айтишга, бирор иддао қилишга йўл берилмайди. Ахир ақлли одамлар бизда ҳам йўқ бўлмаса керак... Мухолифат Ўзбекистонда бугун ёпиқ мухолифат шаклида, энг аввало ҳукумат тизилмаларининг бағридан унаяпти. Мухолифатнинг кучи - ички ва хорижий мухолифатнинг ёпиқ мухолифат билан уйғунлашувига боғлиқ. Ким кимни ўзига оғдира олади. Шу маънода Муҳаммад Солиҳ бошчилигидаги “Эрк” мухолиф партияси кўпроқ салоҳиятга эга деб ўйлайман. Бугун кўпроқ сиёсий иқтидор, тузилмавий жиҳатлар ва салоҳият айнан унда мужассам. Бунинг устига улар, яширинча фаолиятда бўлган ва яқинда ўзи ҳақида эълон қилган Миллий Нажот Қўмитаси билан ҳам ўзаро тил топишишди. Унинг таркибига давлат мулозимлари, ҳуқуқ ҳимоячилари, ҳуқуқ–тартибот вакиллари кирган – улар кези келганда қаршилик кўрсатишга қодир, фақат фурсатни пойлашаяпти. Ёпиқ ва расмий мухолифатнинг уйғунлашуви дегани шундан иборат.

- Миллий Нажот Қўмитаси бу – Муҳаммад Солиҳ ҳаракатлари мевасими?

- Унинг меваси эмас, балки бир қаноти… Масалан, унинг анчайин заифлашган, ярадор бир қаноти дея “Эрк” партиясини олсак. Иккинчи қанот, бутун танага соғлом куч бағишловчи, бу – Миллий Нажот Қўмитасидир. Бизнинг мухолифатимиз шўри яна шундан иборатки, у ўзга мамлакатлардаги каби, Россиядаги ва бошқа давлатлардаги мухолифатлардан фарқли, ташқаридан ёрдам олгани йўқ. Бироқ бугун биз бошқа бир манзарани кўраяпмиз, - Ғарб вазиятни тушуниб етди, қарашларини ўзгартирди ва ҳориждаги бизнинг мухолифатга, биринчи навбатда Солиҳ шахсиятига ўз этиборини қаратди.

- Келинг Муҳаммад Солиҳ ҳақида гаплашамиз. Бугун, мухолифат бирлашаркан, ушбу фигура яна сояни тарк этиб жамоатчилик эътиборини торта бошлади. Билишимча, сиз у билан яқиндан таниш бўлсангиз керак?

- Албатта. Хорижий мухолифат орасида, бирлашиш устида муайан кенг кўламли иш олиб борган ҳам айнан унинг ўзидир. Аммо унинг ўзи ҳам... мен доим кузатаяпман ва шу муаммо ҳақида ўйлаяпман, бу лидерлар ўз тупроқларидан узилиб қолишган ва бу ерда нималар бўлаётгани ҳақида тасаввурга эмаслар.

Масалан, унинг (Муҳаммад Солиҳнинг) сафдошлари орасида интеллектуаллар деярли йўқ. Албатта унинг ўзидан бўлак. Унинг ўзи партия, байроқ, шахс, унинг ортида эса ҳеч ким йўқ. Таассуфки, бизнинг жамиятимиз даражаси бир аҳволда, муҳолифатнинг даражаси ҳам шунга лойиқ. Менинг назаримда унга ҳам муҳожиратдаги, ҳам бу ердаги ички мухолифатнинг интеллектуал қудрати етишмайди. Бугун Ўзбекистонда бирор кўзга яққол ташланадиган, ўз атрофига одамларни уюштира оладиган истарали бирорта шахс йўқ.

Мен ўз даврида ёзган эдим: “Масала Ислом билан Муҳаммаднинг жанжалида эмас, уларга юз минглаб орқадошларнинг эргашувидадир”. Бугун юз минг одам на Ислом Каримов орқасидан, на Муҳаммад Солиҳ ортидан эргашади. Сўнгги пайтда унинг партияси виртуал аҳамиятга эга бўлиб қолди. Унинг ўзи - албатта шахс, бироқ у бу ерда бўлаётган тўла ахборотларга эга эмас. Масалан у яқинда мухолифат деярли бирлашди, дея билдирди. Бу жуда жўн билдириш. Бугунги кунда, ортида Маматов (собиқ “Эрк”чи, у билан бир вақтда муҳожиратга кетган собиқ издоши) турган Вашшингтондаги Демократик кучлар конгресси бор, бундан ташқари Муҳаммад Солиҳ бошчилигидаги Ўзбекистон Демократик кучлари бирлашмаси мавжуд, “Эрк” партияси ва яна мана бу Миллий Нажот Қўмитаси, “Бирлик” партияси негизида ҳам қандайдир ташкилот бор. Ҳаммага кундай равшан, улар бир-бирини юмшоқ қилиб айтганда писанд қилишмайди. Улар бири бирига бегона, бири бирига қарама қарши... Кейин эса, бугунги “Серқуёш коалиция”? Мухолифатнинг бирлашгани шуми, ахир улар бари турлича шаклланган. Мухолифатнинг бирлашиши тўғрисида гапириш мумкинми? Йўқ, Солиҳнинг мухолифат деярли бирлашди деган баёноти анча эрта билдирилаяпти.

- Кўпчилик“Эрк” мухолифат партиясининг лидери Муҳаммад Солиҳни айни пайтда жами ўзбек мухолифати лидери сифатида ҳам танийди. Шу маънода унинг шахсиятини муқобилсиз дея баҳолаш мумкинми?

- Агар вазиятни шу нуқтаи назардан таҳлил қиладиган бўлсак, мамлакатда режим ағдарилганидан кейин майдонга ундан ҳам кучлироқ шахслар чиқиб қолиши эҳтимолдан холи эмас. Чунки уни бу ерда қўллаб–қувватлашмайди. Қимирлаб қолган тахт ағдариларкан, саҳнага қандай кўзга ташланган, истарали шахслар чиқиши ҳақида ҳозир биз билмаймиз. У чоғда турли одамлар пайдо бўлади. Мен Муҳаммад Солиҳни бутун мухолифатнинг лидери дея ҳисобламайман. Муҳожиратдаги мухолифат лидери бўлиши мумкин. Бироқ мен ўйламайман, ғарб давлатлари фақат унигина қўллайди деб. Улар рационал одамлар сифатида ҳисоб–китоб қиладилар, битта одамгагина байроқ тикишмайди.

- Яқинда берган интервьюсида Муҳаммад Солиҳ, мухолифат одамларни кўча намойишлари ва митингларга чорлаши мумкинлиги ҳақида билдирди. Яна у режим демократик методлар орқали ағдарилиши кераклигини айтди. Қизиқ, у қандай демократик усуллар орқали Каримовни ағдаришни кўзда тутаяпди?

- Мен бизнинг мухолифат одамларни кўчага олиб чиқишга қурби келмайди дея ҳисоблайман... Агар бу ўз–ўзидан стихияли тарзда келиб чиқмаса... Андижон воқеаларидан келиб чиқадиган бўлсак, у ерда халқнинг кучидан мутлақо бошқа кучлар фойдаланишган, у ерда на “Бирлик”, на “Эрк”нинг асарини кўрамиз. Бу партияларнинг реал ҳолатини англатади. Кимнинг ким эканлигини, қайси партия ёки ҳаракат қандай кучга эга, ҳаётнинг ўзи кўрсатаяпди. Агар халқ қўзғаладиган бўлса, қандайдир партия ишлаши мумкин, қачонки у бунга тайёр бўлса. Бироқ, одамларни кўчага олиб чиқишга, бизнинг бундай мустабид тузумда ҳеч бир кимнинг қурби келмайди. Бунинг устига халқ қўрқув остида. Бу шароитда қандай қилиб халқни кўтариш мумкин? Бу сафсата... Бунга “Бирлик” ёки “Эрк” ва бошқа номлар билан аталган мухолифат кучларининг қурби келмайди. Бу Солиҳнинг ўта асоссиз баёнотидир. Фурсатдан фойдаланибгина одамларни кўча намойишига олиб чиқиш имкони ҳақида гапириш керак... Улар ҳатто уйларидан чиқмасликлари мумкин. Мана унинг ўринбосари Отаназар Орипов машиналар қуршовида уйида ўтирибди, ҳеч қаерга чиқа олмайди. У бўлса одамларни кўчага олиб чиқиш ҳақида гапиради... Ўша ернинг ўзидаёқ қўл–оёғига кишан солиб, аравага ўтқизишади. Бизнинг шароитимизда омманинг муҳолифат етакчилигида ташкиллаштирилган чиқишлари ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас.

- Интернетда Муҳаммад Солиҳ ва бир қатор ўзбек инсон ҳуқуқи фаолларининг Қозоғистонда ўзбекистонлик қочоқлар яшаши учун марказ ташкил этилишини сўраб қилган БМТга мурожаати босилди. Бу ташаббусга қандай муносабат билдирасиз?

- Бу ҳам нореал. Қозоқ мухолифатининг ўзи Қирғизистонга, хорижга қараб қочаяпти, улар бўлса, бизникиларни қабул қилишни сўрашмоқда. Буни қандай тушуниш мумкин? Бу тузумлар битта боғнинг меваси эканини яхши биламиз. Албатта, Назарбоев бизнинг президентдан нуфузлироқ давлат мулозими, аммо унеигнг тузуми ҳам моҳиятига кўра авторитар ҳисобланади. У ҳам фуқаролик институтларига босимлар ўтказаяпти, халқаро ташкилотларни ёпаяпти ва у шу даражада калтафаҳм эдики, у мухолифатчиларни томорқага ўтишларига йўл берсин? Бундай марказни Қирғизистонда қилиш мумкин, Қозоғистонда бу нарса мумкин эмас. Агар қозоқ мухолифатчилари мамлакатларини тарк этаётган экан, ўзбекистонлик мухолиф-қочоқлар учун қандай қилиб марказ тузиш мумкин? Бу ақлга сиғмайди.

- Муҳаммад Солиҳ андижонлик қўзғолончи Парпиев каби шахслар билан ҳамкорлик қилмоқчи эмасми, миш-мишларга кўра Парпиев ҳам қандайдир “қасоскорлик исёни”га тайёргарлик кўрмоқда?

- Биз билмаймиз… Сиёсатчи бўлмоқ – бу дегани ҳар қандай имкониятлардан ижодий фойдаланишни англатади. Шу маънода ҳар нарса мумкин. Қандайдир қизғин чиқишлардан мухолифат фойдаланиб қолишга ҳаракат қилади. Бироқ ўз кучи билан халқни кўтаришга бизнинг шароитда мухолифат қодир эмас. Фақат ҳаммаси ўз-ўзидан содир бўлиши керак – ҳаммаси айнан шунга қараб бораяпти. Вазиятнинг ноаниқлиги ҳаммадан кўпроқ чўчитади. Ижтимоий хавфсизлик таҳлика остида қолмоқда. Эртага нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Чунки оммани ҳеч ким назорат қила олмайди. Шундай ибора бор – “Оломон бўрилар галасига ўхшайди, биттадан кўра ақлсизроқ”. Мана бу ҳақиқий хатар. Биз Андижонда, Қўқонда содир бўлган халқ исёнини оқлай олмаймиз. Бу ҳукмдор тузум сиёсати томонидан фитналаштирилган ҳолатлардир. Чунки оломон ўз йўлида вайронагарчиликларни келтириб чиқаради, бегуноҳлар қони тўкилади, мисол учун бир қанча йиллар олдин Андижонда арманиларга қарши, яна кимларгадир қарши фитналар уюштирилди. Бу нарса ҳеч бир жойда муҳокама қилинмади, аммо бу факт... Хатар шундан иборатки, у ҳар дақиқа содир бўлиши мумкин. Агар бу ерда легитим мухолифат мавжуд бўлганида, у ерда миллий, ижтимоий хавфсизликка дахл солинмаган бўлар эди. Ва мамлакатда ғалаёнлар бошланмаган бўларди.

- Аксарият саксонинчи, тўқсонинчи йилларнинг бошларида келиб чиққан миллий низоларнинг авж олишида айнан Муҳаммад Солиҳни айбдор санашади…

- Йўқ, йўқ, мен ўйламайман бунга унинг алоқаси бор деб. Ўша пайтда балки шундай тўлқин юзага келган бўлиши мумкин, аммо аллақачон у ўз–ўзидан пасайган... Масала шундаки, ўша пайтларда “Эрк” газетасида Бокудаги қонли воқеалар юзасидан бир шеър чоп этилган. Ва унда “Сенинг қонинг – менинг қоним” каби мисралар акс этган. Буни миллий низоларга чақириқ дея қабул қилиш мумкин эди. Мен бунга қаршиман. Кейин “Бирлик”да ва ”Эрк”да маҳалла шовинизми даражасида барча русларга қарши миллатчиликни илгари сурувчилар бўлган. Ва бу қўрқинчлидир....

- Аммо кўпчилик Муҳаммад Солиҳни айни шу одамлар билан узвий боғлиқлигини айтадилар…

- Ва у бу ҳолат билан ҳисоблашиши керак эди... У очиқ бу ҳолатга қарши чиқа олмасди. Чунки ўз тарафдорларини йўқотиши мумкин. Шароитни эътиборга олиб, у ҳаракат олиб борган.

- Қизиқ, унга Давлат департаменти қанча тўлайди?

- Давлат департаменти унга ҳеч қанча ҳам тўламайди. Ҳар ҳолда мен бундай ахборотга эга эмасман. У моддий жиҳатдан жуда чегараланган. Унинг аёли врач, ўзи ҳам қаердадир ишлайди, лекциялар ўқийди, телевидение орқали чиқади, китоблар чиқаради... Қандайдир хайрия ёрдамлари олиши мумкин. Ўта қийин турмуш кечиради. Унинг бу ердаги фаоллари ҳаётида ҳам шу нарсани кузатиш мумкин. Бош котибларини ҳисобга олмаганда, улар ярим нафасда кун кечиришади…

- Ҳақиқатан ҳам аксарият “Серқуёш коалиция” аъзоларини ҳибсга олишди, Солиҳнинг ўринбосари “Эрк” бош котиби Отаназар Орипов ҳамон озодликда...

- Мана шуниси қизиқ. Балки унинг балиқ ҳам, гўшт ҳам эмаслиги ҳукуматни қониқтирар... Солиҳнинг ўзи эса бу ҳақда эшитишни ҳам истамайди, ўзим ҳам уни койиганман, дейди...

- Демак, сизнинг фикрингизча, ҳақиқий шаклланган сиёсий куч сифатида етилган мухолифат бизда йўқ?

- Бу мухолифатчилар қаердан ҳам бўлсин, одамларнинг 2004-2005 йиллар давомида Ўзбекистондаги чиқишларни олайлик? На “Бирлик”, на “Эрк” яқин йўламади. Фақат инсон ҳуқуқлари нимадир қилган, аммо муҳолифатчилар умуман кўринмайди. Бундан ташқари – “Бирлик” партияси бош котиби Васила Иноятова ҳатто ўз сафдошларига жиззахлик фермерларнинг чиқишларида иштирок этишни ман этган.

- Сизга шундай туюлмайдими, ҳукумат тепасидаги битта авторитар шахс ўрнига бошқаси келиши мумкин, ҳатто бугунги мухолифатчилар орасидан...

- Эҳтимолдан холи эмас. Бу жамиятимиз даражасини англатади. Бироқ шахс авторитарлиги ҳам турлича бўлиши мумкин, - бу ҳамиша ҳам ёмон эмас.

- Шунга шаъма қилаяпманки, кўпчиликнинг таъкидлашича, гўё Муҳаммад Солиҳ авторитар иллатларга эга шахс...

- У истарали, балки қаттиққўл сиёсатчи, эҳтимол… Аммо Абдураҳим Пўлатов – кўпроқ бу иллатга мойил. У мутлақо эътирозни кўтара олмайди. Мен ўйлайман, барибир мухолифат орасида инсон сифатида муносиб шахс – бу Муҳаммад Солиҳ. Тўғри, 12 йилдан буён Солиҳ мамлакатдан ташқарида. Унинг ортидан эргашган ёшлар бугун анча улғайиб, ўзгариб ҳам қолишди. Янги авлодлар эса уни деярли танишмайди. Солиҳ кимлигини бир ҳовучгина одамлар билишади. Балки уни ҳақиқатан ҳам қабул қилишмас – ахиро у шунча йил мамлакатда бўлмади. Унинг партияси эса бизда ҳеч бир рол ўйнамайди. Чунки партия нимадир қила олиши учун молия, ташкилот, легитимлик деган нарсалар керак…

- Сиз қандай ҳисоблайсиз, Ўзбекистонда доимий равишда ва мутлақ битта шахс ҳукмдорлигини чеклаб қўйиш мумкинми?

- Сиз унутаяпсизки, бу ер шарқ, шарқда эса шахснинг роли ҳамиша аҳамиятлидир. Ҳаракатлар, партиялар ўз йўлига, бироқ уларга бошчилик қилаётган етакчига кўп нарса боғлиқ. Одамлар партия дастурларидан ҳам кўра шахсга кўпроқ ишонадилар. Эртами–кечми, вақт келадики, ҳукумат ағдарилган пайтда, большевиклар айтганидек, уни қўлга олиш керак бўлади. Бугун ҳаммаси ким бунга кўпроқ тайёр эканлигигига боғлиқ бўлиб турибди.

Мухолифатнинг умуман бугунги ҳолатини баҳоларкан, шуни таъкидлардимки, бу ҳолат куннинг талабларидан ортдадир. Бунда албатта унинг айби йўқ, тарих тақозоси... Менга ташқаридан гапириш осон, мен бу партияларга аъзо бўлмаганман, аммо 1993 йил Солиҳ ўз депутатлик мандатини улоқтириб, изидан эркчи-депутатларни эргаштириб парламент биносини тарк этганида, мухолифат тараққиёти нуқтаи назаридан Ўзбекистондаги мухолиф фикрга жиддий талофат етди. Ҳа, ҳақиқатан ҳам унга босим кўрсатишди, партияга босим кўрсатилди, аммо агар улар ўз фаолиятларини қай бир тарзда давом эттирганларида эди, Ўзбекистонда сиёсий мухолифат муҳити сақланган бўларди.

Бинобарин, мухолифатнинг бугунги ҳолатини баҳоларкан, мен ўзимнинг олдинги фикримда қоламан: Имкониятлари бой берилган мухолиф партияларининг ҳаракати даражаси нулга яқин. Албатта, ҳукумат тизилмалари уларнинг “бўлинишларига”, низоларига, ўзаро бир–бирларига намойишкорона тош отишларига, лидерлик учун курашларига “ёрдам кўрсатади”. Ва бу ҳолатлар мухолиф партияларининг бирлашишларига, ягона ҳаракат платформасини яратишларига тўсқинлик қилади. Ҳукмдор тузум дунёвий мухолифатнинг ички ва ташқи сиёсатга аралашувига йўл бермайди ва бу билан радикал диний мухолифатнинг саҳнага чиқишини енгиллаштиради.

Алексей Волосевич суҳбатлашди.