06:15 msk, 19 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

“Бител» компанияси мижозлари рақобатчилар ихтиёрига ўтмоқда

26.12.2005 11:19 msk

Павел Громский

“Бител” атрофидаги воқеалар компания обрўсини тушириб, унинг мижозлари сони камайишига сабаб бўлиши мумкин. Бу компаниядан аввалги мижозларнинг кетиши оқибатида тортилган зиён айни пайтда миллион сомлар миқдорида ўлчанмоқда.

“Бител”нинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими кўрилган зиён миқдорини ошкор этишга журъат этмаяпти. Лекин фактларнинг ўзиданоқ кўп нарсаларни тушуниб олиш мумкин. Масалан, “Бител”нинг Бишкекдаги бош офиси босиб олинганидан сўнг скреч-картлар танқислиги юзага келди. Бунинг оқибатида нарх кескин кўтарилди. Ҳафта ўртасига келиб икки юз бирликнинг нархи 250 сўмдан ошиб кетди. Майда савдогарлар эса уни ҳатто 300 сўмдан сота бошладилар. Бундай вазиятда компания ўз мижозларини йўқотиши эҳтимолдан узоқ эмас. “Бител” билан рақобатда бўлган “Кател” компанияси бундай ҳолатни кузата бошлади.

- Шу ой ичида компаниямизда бир қатор «корпоратив”лар пайдо бўлди, - дейди “Кател”нинг Ўшдаги бўлими хавфсизлик хизмати ходими Вячеслав Талочкин. - Сўнгги ҳафта ичида биргина менинг ўзим 40-50 нафар янги мижоз пайдо бўлганлигининг гувоҳи бўлдим. Уларнинг кўпчилиги «Бител”нинг собиқ мижозларидир.

“Бител”чиларга кўра, компания мижозларининг асосий қисмини “Моби Кард” тизимидан фойдаланувчилар ташкил қилади. “Моби Кард»нинг 200 ва 400 бирликлари компаниянинг энг ҳаридоргир маҳсулоти ҳисобланади. Айни пайтдабундай карталар бозорга чиқарилмаяпти. Бу эса тақчилликни ва нарх кўтарилишини келтириб чиқарди.

- “Бител” дилерлари скреч-карталар нархини ўзгартирганимиз йўқ, - дейди “Сотовий мир” дўкони менежери Ақилбек Абдуллаев. - Лекин уларни биздан сотиб олиб, қимматроқ нархда пуллаётганлар ҳам бор. Масалан, бизда беш кун аввал 200 бирлик, икки кун олдин эса 400 бирлик карталари тугади. Фақат 1000 бирликдаги карталарни сотмоқдамиз ҳозирги кунда. Бу карталарни камдан–кам одам сотиб олади. Лекин ҳозир бу карталар ҳам харидоргир бўлиб қолди. Одамлар умуман алоқа бўлмай қолишидан ташвишдалар.

“Бител»нинг янги раҳбарлари тариф режаларидаги абонентлар учун пулсиз сўзлашув ҳафтасини эълон қилдилар. Бу эса мижозларда ҳам, ”Бител” ходимлари орасида ҳам кўплаб саволларни туғдирмоқда. Узоқ давом этган музокаралардан сўнг, «Фарғона.Ру” мухбири “Бител”нинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими маслаҳатчиси Ерканат Абенидан шарҳ олишга муваффақ бўлди.

- “Бутун масъулият офисни босиб олганлар зиммасидадир”, - деди у. – “Биз ҳозир хизмат кўрсатиш ишларини олиб бормаяпмиз. Албатта, биз ўз мижозларимиз қандай аҳволда эканини яхши тушунамиз. Мижозларимизнинг 85 фоизи скреч карталардан фойдаланар эди. Улар ҳозир қийин аҳволдалар. Тариф режалари асосидаги бепул гаплашиш ҳафталиги тўғрисида эса бирон маълумот бера олмайман”.

“Бител” компаниясига эгалик ҳуқуқини қайтариб олган «Резервцветмет» компанияси вакиллари эса кейинги ҳафтадан бошлаб скреч карталар муаммоси ҳал этилишини айтмоқдалар.

- Бизнинг техник бўлимимиз бу масалада фаолият кўрсатмоқда, - деди компаниянинг ўз номини айтишимизни истамаган ходими. – Душанба куни “Моби кард” фойдаланувчилари учун карталар партияси бозорга чиқарилади.

Пайшанба куни «Бител”нинг Ўшдаги офисида суд ижрочилари компания мулкини «Резервцветмет» вакили Азрет Боотоевга топшириш амалиётини ўтказдилар. Вакилга кўра, яқин кунларда умумий вазият яхшиланади.

- Гап шундаки,”Бител” жамоасини компаниянинг эски раҳбарияти алдамоқда. Уларга аввалги раҳбарият қайтади, дейишмоқда. Одамлар икки ўт орасида қолиб, ишга чиқмаяптилар. Улар нимадан умид қилишмоқда? Ахир Олий суднинг қарори бор-ку? Душанбагача ишга чиққанларнинг иш ўринлари сақлаб қолинади. Ўш офиси бўйича ҳеч қандай жиноий ишлар очилмайди. Офис раҳбарига ҳам душанба кунгача ҳамма ходимлар билан биргаликда ишга чиқишни таклиф қилдик.

2005 йилдаги март инқилобидан сўнг Асқар Ақаевни ҳокимиятдан улоқтириб, ҳукумат тепасига мухолифат келди. Ана шу пайтдан бошлаб ”Бител” компанияси собиқ президент оиласи томонидан бошқариларди, деган гаплар пайдо бўлди. Ёз фаслида «Бител” компанияси раҳбариятига турли эътирозлар билдирила бошланди. Бу компания Аскар Акаевнинг куёви Адил Тойгонбаевга тегишли, деган тахмин бор эди. Кейинроқ эса Fellowes International Holdings Limited компанияси вакили Гулнара Каликова судга ариза берди.

Қирғизистон суди унинг аризасини қаноатлантирди ва 14 декабрь куни “Бител” офиси милиция махсус отряди томонидан босиб олинди. ”Бител” ходимлари янги раҳбарият билан ишлашдан бош тортди. Ерканат Абига кўра, яқин кунларда Қирғизистон Олий судида бу масала яна қайта кўриб чиқилади. Чунки Гулнара Каликованинг Fellowes International Holdings Limited компанияси манфаатларини ҳимоя қила олмаслиги тўғрисида янги тафсилотлар пайдо бўлди.